Шартли ҳукм қилишни қўллашнинг шартлари. ЎзР ЖК 72-моддасининг 1-қисмида белгиланишича жазо тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукмни қўллаши мумкин.
Демак, шартли ҳукмни қўллаш учун қонунда қуйидаги ҳолатлар ҳисобга олинади:
1) жиноятнинг хусусияти;
2) жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси;
3) айбдорнинг шахси;
4) ишдаги бошқа ҳолатлар.
Содир этилган жиноятнинг хусусияти деганда нимани тушуниш керак?
Содир этилган жиноятнинг хусусияти, энг аввало, тажовуз орқали аниқланади. Жиноий тажовуз орқали қандай ижтимоий муносабатга тажовуз қилинганлиги жиноятнинг хусусиятини ифодалайди. Жиноятнинг хусусияти унинг сифат кўрсаткичи ҳисобланади.
Маълумки, Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган барча жиноятларни таснифлашнинг жиноят ҳуқуқида иккита тури қабул қилинган бўлиб, булар жиноятларни объектига қараб таснифлаш ва ижтимоий хавфлилик даражасига қараб таснифлашдир. Жиноятларни объектига қараб таснифлаш Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаларида жавобгарлик белгиланган жиноятларни махсус ва бевосита объектларига қараб жойлаштирилганлиги жиноят қонунининг нормаларини муайян тизимида жойлаштириш ва бунда махсус бўлим ва бобларнинг ижтимоий аҳамиятини расмий белгилашдан иборатдир. Шундай экан, суд шахсга нисбатан жазо тайинлашда жазодан озод қилишни, Жумладан, шартли ҳукмни қўллаганда тажовуз қилинган объектнинг аҳамиятини ҳам ҳисобга олади. Бундан ташқари, жиноятнинг қасддан ёки эҳтиётсизликдан қилинганлиги ҳам жиноятнинг хусусиятига киради. Жиноятнинг хусусияти деганда қилмишни квалификация қилиш учун зарурий белги ҳисобланган ва жиноят таркиби доирасига кирувчи хусусиятлари назарда тутилади.
2000 йил 22 июнь куни Фарғона вилояти Данғара туман судида А. нинг жиноят иши кўрилиб, унинг қилмиши ЎзР ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жавобгар қилинган. Суд унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилишни тайинлаб жиноятнинг хусусияти ва ишдаги бошқа ҳолатларни (жиноятнинг эҳтиётсизликдан қилинганлигини) ҳисобга олиб шартли ҳукм қилинади ва икки йил синов муддати белгилайди.
Суд А. га нисбатан шартли ҳукмни қўллар экан, содир этилган жиноятнинг хусусиятини (эҳтиётсизликдан содир этилганлиги) айбдорнинг жазосини ҳақиқатдан ҳам ўтамасдан туриб тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келганлигини ҳисобга олиб шартли ҳукм қилишни қўллаганлик шартларини суд ҳукмнинг ўзида кўрсатган.
Do'stlaringiz bilan baham: |