5-§. Шартли ҳукм қилиш
Шартли ҳукм қилиш жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсларга нисбатан жиноят қонуни нормалари асосида суд томонидан қўлланадиган, шахсга нисбатан суд томонидан белгиланган шартларни тўла бажарган тақдирда жазодан озод қилишдан иборат бўлган ҳукм қилишдир.
Шартли ҳукм қилиш суд амалиётида кенг доирада қўлланадиган институт бўлиб, унда жиноят ҳуқуқининг энг муҳим принциплари тўла маънода мужассамлашган.
ЎзР ЖКнинг 72-моддасида белгиланишига кўра, «Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа холатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли жазо белгилаши мумкин. Бундай ҳолда суд, башарти белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради».
Шартли ҳукм қилиш институти собиқ Совет иттифоқининг дастлабки жиноят қонунларидаёқ назарда тутилган эди. 1918 йил 7 мартда қабул қилинган суд ҳақидаги иккинчи декретда биринчи марта шартли ҳукм қилиш назарда тутилган эди. 1919 йилда қабул қилинган Асосий қўлланма, сўнгра 1922 йилда қабул қилинган РСФСР Жиноят кодексида ҳам шартли ҳукм қилиш назарда тутилган эди.
Туркистон Автоном Республикаси деб аталган собиқҚўқон хонлиги ҳудуди РСФСР таркибига кирганлиги боис суд ҳақидаги биринчи ва иккинчи Декретлар, Асосий қўлланма ва 1922 йилда қабул қилинган РСФСР Жиноят кодекси Туркистон АССР ҳудудида ҳам амал қилиб келинди. 1920 йилда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги совет давлатига қўшиб олинганидан кейин бу ҳудудларда ҳам юқорида келтирилган қонунлар жорий қилинган эди.
СССР ташкил топиши муносабати билан 1924 йилда Умумиттифоқ қонуни ҳисобланган «Асосий қоидалар» қабул қилиниб, СССР таркибига кирувчи барча иттифоқдош республикалар ўзларининг жиноят кодексларини «Асосий қоидалар» га мувофиқ равишда ишлаб чиқара бошладилар. 1926 йилда Ўзбекистоннинг биринчи Жиноят кодекси қабул қилинди. Ушбу Кодекснинг 34-моддасида шартли ҳукм қилиш назарда тутилган бўлиб, бундан олдинги жиноят қонунларидаги шартли ҳукм қилишда шартли ҳукм қилинганларга нисбатан қўшимча жазо тайинлаш ёки тайинламаслик назарда тутилмаган эди. Ўзбекистоннинг 1926 йили қабул қилинган ЖКнинг 34-моддасида шахсни шартли ҳукм қилиш билан бирга ҳар қандай қўшимча жазони тайинлаш мумкин эди. Синов муддати эса бир йилдан ўн йилгача белгиланиши мумкин эди.
1958 йилда қабул қилинган ССР Иттифоқи ва Иттифоқдош республикалар жиноят қонунлари Асослари қабул қилинди. Барча иттифоқдош республикалар ўзларининг жиноят қонунларини ишлаб чиқа бошладилар. Жумладан, 1959 йил 21 майда Ўзбекистон Республикасининг янги Жиноят кодекси қабул қилинди, 1960 йил 1 январдан амалга киритилди. Ушбу Кодекснинг 43-моддасида шартли ҳукм қилиш назарда тутилган эди. Ушбу моддага биноан фақат озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинганларга нисбатангина шартли ҳукм қилишни қўллаш мумкин бўлди. Синов муддати эса бир йилдан уч йилгача муддатга тайинланадиган бўлди.
Шартли ҳукм қилиш суд амалиётида ҳар доим кенг қўлланилган.
Ўзбекистон ўз мустақиллигига эга бўлганидан кейин шартли ҳукмни қўлланиш имкониятлари янада кенгайтирилди. Агар 1959 йилда қабул қилиниб, 1995 йил 1 апрелгача амалда бўлган Жиноят кодексининг 43-моддасида фақат озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинганларга нисбатан шартли ҳукмни қўлланиши мумкин бўлган бўлса 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги жиноят кодексининг 72 -моддасига биноан озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга юбориш, хизмат бўйича чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан агар бунга қонунда белгиланган асослар ишда мавжуд бўлса шартли ҳукмни қўллаш мумкин бўлди. Айниқса, суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш даври бошланганидан кейин шахсларни жиноят қонунида белгиланган асосларга кўра, жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни кенг доирада қўллай бошланди.
Жавобгарликдан ва жазодан озод қилишнинг шартли ҳукм қилишдан бошқа турларини қўллаш (масалан, ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш — 661-модда) кенг равишда амалга оширалаётганлиги муносабати билан, шартли ҳукмни қўллаш ҳолларининг бироз қисқарганлиги кузатилмоқда. Чунки шартли ҳукм қилишга нисбатан ярашилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш анча енгилдир. Шартли ҳукм қилишда муайян шартлар қўйилиб, шахс бу шартларни ўз вақтида бажармаса шартли ҳукм бекор қилиниб, жазо ижро этилиши мумкин. Бундан ташқари, синов муддати мобайнида судланган ҳисобланса, ярашилганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилишда, шахсга нисбатан бирон-бир шарт қўйилмай озод қилинади ва шахс судланмаган ҳисобланади. Юридик адабиётларда шартли ҳукм қилиш жиноят ҳуқуқининг бир институти сифатида унинг моҳияти ва мазмуни нимада деган масалада олимлар ўртасида жиддий тортишувлар мавжуд. Чунки ана шу саволга тўғри жавоб бериш фақат назарий жиҳатдангина эмас, балки амалий жиҳатдан аҳамиятлидир. Бу саволга тўғри жавоб берилиши, ишни апеляция, кассация ёки назорат тартибида кўриш, жазони бошқа турдаги жазо билан алмаштиришда, бир неча жиноятлар ва учун жазо тайинлаш масаласини ҳал қилишда муҳимдир.
1922 йили қабул қилинган РСФСР Жиноят кодексида шартли ҳукм қилиш жазо сифатида назарда тутилган эди. Шунинг учун ҳам ўша даврда ушбу мавзуни тадқиқ қилган олимлар унга жазо чораси сифатида қараганлар.172[172]
Улар шартли озодликдан маҳрум қилишни ахлоқ тузатиш ишлардан ҳам оғирроқ жазо деб ҳисоблаганлар. Айрим муаллифлар шартли ҳукм қилиниши ҳукмнинг ижросини кечиктиришдир деб ҳисоблайдилар. Жумладан, М.Д. Шаргародский ва Ю.М. Ткачевскийлар шартли ҳукм қилиш ҳукмни ижро этишнинг махсус тартиби бўлиб, шартли ҳукм қилинган суд томонидан тайинланган жазони шартли равишда ўтамайди деб ёзган эдилар.173[173] Худди шундай нуқтаи назарни Н.Ф. Саввин ҳам баён қилган эди. Аммо Н.Ф.Саввин Ю.М.Ткачевскийдан бироз фарқ қиладиган фикрни билдириб, ҳукмни ижро этишнинг бундай тури шартли равишда тайинланган жазони шартли равишда ўташ бўлмасдан, жазони ўташдан озод қилишдан иборатдир деб ҳисоблаган.174[174]
Юқорида баён қилинганлардан кўриниб турибдики, у даврда кўпчилик муаллифлар шартли ҳукм қилишни жазони ижро этишнинг алоҳида тури бўлмай, жазодан озод қилишнинг бир тури деб ҳисобласалар, бошқа бирлари жазони ижро этишнинг алоҳида тури деб ҳисоблаганлар. Ана шундай бу борада ҳар хил фикрларнинг баён қилинишига у даврда шартли ҳукм қилиш институтининг етарли даражада мукаммал ишлаб чиқилмаганлиги ва қонуннинг ўзида эса шартли ҳукм қилишни жазо тизимида берилганлиги ҳам бу институт тўғрисида ҳар хил фикрларни баён қилинишига сабаб бўлган. Агарда бу институтни шартли жазо тайинлаш дейдиган бўлсак, жазо шартли равишда эмас, балки ҳақиқатдан ҳам тайинланган. Айрим муаллифлар шартли ҳукм қилиш жазо тайинлашнинг алоҳида тартиби деб ҳисобласалар,175[175] бошқа бир гуруҳлари жазодан озод қилишнинг алоҳида тури деб ҳисоблайдилар.176[176] М.И.Ковалёв ҳам шартли ҳукм қилиш жазодан озод қилишнинг алоҳида тури деб ҳисоблайди177[177]. У агар шартли ҳукмни ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари ўртасида турувчи чора деб ҳисобласак, жиноят ҳуқуқининг энг муҳим принципи бўлган битта жиноят учун битта жазо тайинланади деган принцип бузилган бўлади. Агарда 1958 йилгача, яъни ССР Иттифоқи ва Иттифоқдош республикалар жиноят қонунлари Асослари қабул қилингунча шартли ҳукмни жазо тизимида берилган бўлса, Асосларда энди жазо тайинлаш ва жазодан озод қилиш бобида берилган деб ҳисоблайди. М.И.Ковалёв шартли ҳукм қилиш тайинланган жазони ижросини кечиктириш деб ҳам бўлмайди,чунки кечиктирилган жазо муайян вақт ўтганидан кейин шахс ё жазони ўташдан озод қилинади ёки тайинланган жазо ижро этилади деб ёзади. Проф. О.Х.Расулов шартли ҳукм қилиш жазонинг ижросини кечиктириш ҳам эмас, бундай ҳукмга мувофиқ маҳкум синов муддати мобайнида қўйилган шартларни бажарса жазони ўтамайди. Амалдаги жиноят қонунига мувофиқ шартли ҳукм ўз юридик табиати бўйича айбдорни суд томонидан тайинланган жазони реал ўташдан шартли озод қилишдир, деб ёзади. Бизнинг назаримизда проф. О.Х.Расуловнинг фикрига қўшилса бўлади ва шартли ҳукмнинг юридик табиатига анча тўғри баҳо берилган178[178]. Келина С.Т. шартли ҳукмнинг юридик табиати ҳақида ўзининг фикрини баён қилар экан, шартли ҳукм қилиш жазо тури ҳам эмас, шартли жазо тайинлаш ҳам эмас, жазонинг ижросини кечиктириш ҳам эмас, балки жазони ижро этишдан озод қилишнинг бир туридир деб ҳисоблайди.179[179] Амалдаги ЎзР ЖКнинг 72-моддасида бу институт шартли ҳукм қилиш деб номланган бўлсада, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига шарҳларнинг муаллифлари шартли ҳукм қилишни «шартли жазо белгилаш» деб ифодалаганлар.180[180] Бизнинг фикримизча, бу институтни шартли жазо белгилаш деб аталишининг ўзи тўғри бўлмайди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасида «шартли жазони белгилаш» эмас, балки шартли ҳукм қилиш деб номланган. Бундан ташқари, ЖКнинг 72-моддасининг биринчи қисмида агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қаттий фикрга келса, шартли ҳукмни қўллаши мумкин, дейилади. ЖК 72-моддасининг бу мазмунидан кўриниб турибдики, шартли ҳукм қилиш шартли жазо тайинлаш эмас, чунки шу моддада назарда тутилган жазога ҳукм қилинганларга нисбатан суд аввал жазо тайинлайди, сўнгра шартли ҳукм қилишни қўллайди. Демак суд жазони шартли равишда эмас, балки ҳақиқатдан тайинлайди. Шунга кўра, шартли ҳукм қилишни шартли жазо тайинлаш дейилса тўғри бўлмайди. Балки жазонинг ижроси шартли равишда бўлади ва агар шахс суд белгилаган шартларни бажарса унга нисбатан тайинланган жазо ижро этилмай жазодан озод қилинади.181[181]
Проф. Кладков А.В. «Шартли ҳукм қилиш тайинланган жазони шартли ижро этишдан иборат»деб ёзади.182[182] Кладков А.В.шундай фикрга келишига бизнинг назаримизда, шартли ҳукм қилишни Жиноят кодексининг жазо тайинлаш бобида берилганлиги бўлса керак. Проф. Игнатов А.Н. ҳам шартли ҳукм қилишни шартли жазо тайинлаш деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида шартли ҳукм қилиш жазодан озод қилиш бобида берилган.
Ана шу юқорида баён қилинган шартли ҳукм қилишнинг юридик табиати юзасидан билдирилган фикрлар ичида Келина С.Г. нинг «Шартли ҳукм қилиш жазони ижро этишдан озод қилишнинг бир туридир, деган фикрига биз ҳам қўшиламиз. Чунки ЎзР ЖКнинг 72-моддаси биринчи қисмида башарти белгиланган синов муддати давомида шартли ҳукмни бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида суд қарор чиқаради, демак, жазони ижро этишдан озод қилади. Лекин бунда шахсга нисбатан суд томонидан тайинлаган шартларни у ўз вақтида бажарган бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |