2-§. Ижтимоий хавфли қилмиш тушунчаси
ва унинг шакллари
Юқорида баён қилганимизга кўра, ижтимоий хавфли қилмиш жиноят таркиби объектив томонининг зарурий белгисидир. Жиноят объектив томонининг бу белгиси тушунчаси ва мазмуни унинг жиноят-ҳуқуқий характердаги хусусияти ва белгилари йиғиндисида ифодаланади.
Қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) ўз мазмунига кўра ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф, онгли ва иродавий, мураккаб ва аниқ бўлиши керак. ЎзР ЖК нинг 14- моддасида қонунда тақиқланган қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва ҳуқуққа хилофлиги тўғридан-тўғри кўрсатилган. ЖКнинг 2-моддасида қандай қилмишлар жиноят ҳисобланиш кераклиги умумий тарзда баён қилинган.
Қилмишнинг ижтимоий хавфлилигининг мазмуни қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга зарар етказиши ёки зарар етказиш хавфи остида қолдиришда ифодаланади. Агарда қилмиш кам аҳамиятли бўлса, у кам аҳамиятли эканлиги туфайли, қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга жиддий зарар етказа олмайди ва бундай қилмишларда жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфлилиги бўлмайди. Шунинг учун ҳам кам аҳамиятли қилмишлар, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар гуруҳига киритилган ва унда жиноят объектив томонининг ижтимоий хавфлилик белгиси бўлмайди.
Қилмишнинг ҳуқуққа хилофлиги шундаки, ЖК Махсус қисмида кўрсатилган барча жиноятлар жиноят қонуни билан тақиқланган бўлиб, уни содир қилиш жиноят қонуни нормаларини бузиш ҳисобланади.
Ижтимоий хавфли ва ҳуқуққа хилоф бўлган қилмиш шахснинг онги билан бошқарилган бўлсагина жиноят объектив томонининг белгиси бўла олади. Инсоннинг онги билан бошқарилмаган (уйқудаги, гипноз ҳолатидаги, онг билан бошқарилмаган фавқулодда юз берган тасодифлар ва ҳоказо) ҳаракатлар киши онгида ўз ифодасини топилмаганлиги туфайли жиноят объектив томонини ташкил этмайди. Жиноят қонуни айбсиз ҳолда зарар етказишни (ЖКнинг 24-моддаси) айнан ана шундай ҳолатда зарар етказиш билан боғлайди. Агарда шахс иш ҳолатларига кўра ўз қилмишларининг ижтимоий хавфлилигини англамаган ва англаши мумкин ҳам бўлмаган бўлса, бундай қилмишлар айбсиз ҳолда содир этилган, деб ҳисобланади ва шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди.
Жиноят объектив томонини ифодаловчи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ижтимоий хавфли бўлиши билан бирга иродавий ҳам бўлиши керак, яъни киши иродаси шундай қилмишни содир этишга йўл қўйган бўлиши керак. Агарда шахснинг қилмиши унинг онги билан бошқарилган бўлмаса, оқибат унинг иродасининг натижаси бўла олмайди. Масалан, потологик аффект ҳолатида касал бўлган (эплепсия — тутқаноқ касали хуруж қилган ёки кишининг алаҳлаши туфайли) шахснинг қилмиши жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди. Амалда шундай ҳолатлар бўладики, шахс ўз ҳаракати ва ундан келиб чиқадиган оқибатни англайди, аммо унинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда енгиб бўлмайдиган жисмоний ёки руҳий зўрлик туфайли унинг иродаси бирор ҳаракат қила олмай қолади. Бундай қилмишлар ҳам жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди. Жиноят ҳуқуқида енгиб бўлмайдиган куч шундай кучки, ўшандай вазиятда уни бартараф қилиш умуман мумкин бўлмайдиган фавқулодда ҳолатдаги куч ҳисобланади. Масалан, жиноятчи ўқ отар қуролни кассирнинг пешонасига тираб, кассадаги пулларни олиб беришни талаб қилса, енгиб бўлмайдиган куч бўлганлиги туфайли кассирнинг қилмишида жиноят объектив томонининг белгиси бўлмайди ва бундай ҳолда жиноий жавобгарликни истисно қилади. Табиий офатлар (ер қимирлаш, сув тошқини, сел, ёнғин ва ҳоказолар) енгиб бўлмайдиган куч ҳисобланиши мумкин. Масалан, ёнғин туфайли дўхтир касал ётган жойга ўта олмаганлиги туфайли касал вафот этса дўхтирни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлмайди.
Жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиб ижтимоий хавфли қилмиш содир этишга мажбур қилиш, агарда бундай мажбур қилиш шахснинг иродасини унга боғлиқ бўлмаган ҳолда синдирилган ва жиноятнинг олдини олишнинг у ёки бу варианти умуман қолмаган бўлса ва шундай вазиятда ижтимоий хавфли қилмишни содир этишга мажбур бўлиш жиноят объектив томонини истисно қилади. Бундай мажбур қилиш туфайли муайян ҳаракатли қилмишни жиноят ҳуқуқида «Қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар» ҳисобланади.
Аммо мажбур қилганлик туфайли муайян қилмишни содир этиш ҳар доим ҳам қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолат ҳисобланмайди.
Жисмоний ёки руҳий мажбурлаш натижасида ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказганлик учун жавобгарликни истисно қиладиган ёки жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилишда олди олиниши лозим бўлган хавфнинг хусусияти, хавфлилик даражаси, хавфнинг ҳақиқатдан мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, юз бериш вақтининг яқинлиги, вужудга келган вазият ҳамда шундай вазиятда шахснинг мавжуд имкониятлари ва бошқа ҳолатлар ўрганилади.
Руҳий мажбурлаш туфайли содир этилган қилмишни баҳолашда ҳам худди шундай ҳолатлар аниқланади.
Агарда жисмоний ёки руҳий зўрлик шахснинг иродасини тўла синдирмай у ёки бу ҳаракатни қилиш имконияти қолган бўлса, бундай ҳолда қилмишга жиноят-ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳо берилади. Масалан, мансабдор шахснинг, суд ёки судьянинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими, қарорини бажаришга тўсқинлик қилиш, мансабдор шахсни шарманда қилиш билан боғлиқ бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб қилинган бўлса (232-модда), суд ёки судьянинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарорини қасддан бажармаган шахс жавобгарликдан озод қилинмайди. Чунки, бундай ҳолда шахсда муайян ҳаракатлардан бирини танлаш, яъни шарманда бўлишдан қўрқиб суднинг ҳукмини бажармаслик ёки бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришдан бирини танлаш имкониятлари бор.
Жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатилиб, шахсда у ёки бу вариантни танлаш имконияти бўла туриб, мажбур қилинган ҳаракатларни бажарса, шахснинг қилмишида жиноят таркиби объектив томонининг белгиси бўлади. Аммо бундай ҳолатни суд жазо тайинлашда ҳисобга олиб, енгиллаштирувчи ҳолат деб шахсда ўз ҳаракатларини бошқара олиш қобилияти сақлаб қолинган ва иродаси ҳам шундай қилмишни содир қилишга йўл қўйган бўлади.
Гипноз таъсири остида муайян ҳаракатларни содир қилинган бўлса, бундай ҳаракат шахснинг онги билан бошқарилмаган ва унинг иродасига боғлиқ бўлмаганлиги туфайли жиноят ҳисобланмайди.
Гипноз — бу руҳий мажбурлашнинг алоҳида шакли бўлиб, гипноз таъсири остида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг иродаси синдирилади ва бундай ҳолда содир этилган қилмишни иродавий қилмиш деб бўлмайди.
Ижтимоий хавфли қилмиш жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида ўз мазмунига кўра аниқ ва мураккаб бўлиши керак. Ҳар бир қилмиш инсон аъзоларининг бир қанча ҳаракатлари туфайли содир этилади. Масалан, номусга тегиш жиноятида аввало жабрланувчига зўрлик ишлатилиб, унинг қаршилигини синдириб, сўнг жинсий алоқа қилинади. Пичоқ ишлатиб одам ўлдиришда, аввало, жабрланувчига яқинлашилади, пичоқ уриш мумкин бўлган ҳаёт учун муҳим бўлган аъзо танланади ва пичоқ тегишли йўналиш бўйича санчилади ва ҳоказолар.
Жиноят ҳуқуқий нормаларнинг айримлари диспозициясида қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини белгилаш учун айбдорнинг бир қанча ҳаракатларининг йиғиндиси олинади. Масалан, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш (ЖК нинг 103-моддаси) учун муттасил равишда камситиш, қийнаш (110-модда) жиноятида жабрланувчини мутассил дўппослаш, ёки бошқача йўллар билан қийнаш назарда тутилади.
Шахс томонидан содир этилган қилмиш аниқ мазмунга эга бўлиши керак.Қилмишда жиноят таркиби объектив томонининг белгиларини тўғри ва тўла аниқлаш талаб қилинади. Айниқса, Жиноят кодекси Махсус қисмининг кўпгина моддалари бланкет диспозицияли нормалар бўлиб, ЖКнинг ўша моддасида бошқа қонун ёки норматив акт бузилганлигига ҳавола қилинади. Бундай ҳолда ўша қонуннинг қайси нормаси бузилганлиги аниқланиши керак. Бу туркумдаги нормалар ЖК да анчагинани ташкил қилади. Масалан, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш (177-модда); божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш 182-модда); қимматбаҳо металлар ёки тошларни топшириш қоидаларини бузиш (185-модда); транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (266-модда) ва ҳоказолар.
ЖК Махсус қисмида назарда тутилган жиноятларнинг объектив томонини ифодаловчи белгилар таҳлил қилинганда барча жиноий қилмишларни ҳаракат орқали содир этиладиган ва ҳаракатсизликдан содир этиладиган жиноятларга бўлиш мумкин.
Жиноят-ҳуқуқий ҳаракат қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга фаол ҳаракатлар орқали таъсир қилади. Масалан, ўғрилик жинояти ўзганинг мулкини яширин равишда эгаллашга қаратилган, безорилик жамоат тартибини бузишдан иборат бўлган фаол ҳаракатлар орқали содир этилади. Жиноий ҳаракатлар турли-туман қурол сифатида ишлатиш мумкин бўлган нарсалардан техника воситалари, транспорт воситалардан фойдаланиб содир қилиниши, субъектнинг ўз аъзолари (қўл, оёқ, гавда ва бошқа аъзолари) ҳаракати туфайли бажарилиши, жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахсларни ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
Ҳаракатнинг яна бир шакли оғзаки ёки ёзма равишда бажариладиган ёки турли имо-ишора орқали амалга ошириладиган ҳаракатлар бўлиши мумкин. Масалан, туҳмат (139-модда) ва ҳақорат қилишни (140-модда) нашр қилиш ёки кўпайтирилган матнда ёки омавий ахборот воситалари орқали содир этилиши мумкин. Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда), ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз — бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда) ва ҳоказо жиноятлар турли имо-ишоралар орқали содир этилиши мумкин.
Ҳаракатсизлик — шахснинг пассив хулқ-атворидир.
Ҳаракатсизлик кўпинча ўз вазифасига лоқайдлик ёки виж-донсизларча муносабатда бўлиш ёхуд ўз мажбуриятларини қасддан бажармасликдан иборат бўлади.
Ҳаракатсизлик ҳам худди ҳаракат каби ижтимоий хавфли, онгли ва ҳуқуққа хилоф бўлиши керак. Аммо ҳаракатсизлик учун бу белгиларнинг ўзи етарли эмас. Ҳаракатсизлик шахснинг қилиши лозим ва мумкин бўлган ҳаракатни қилмаганлиги натижасида жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатга зарар келтирилганликда ёки зарар келиб чиқиш хавфи остида қолдирилганида ифодаланади.
Ҳаракатсизликнинг жиноят-ҳуқуқий аҳамиятини аниқлаш учун қуйидаги белгилари аниқланиши керак:
1) ҳаракатсизлик нималарда ифодаланган, айбдорнинг айнан қандай ҳаракатларни бажармаганлиги;
2) шахс айнан қандай ҳаракатларни бажармаганлиги аниқланиши;
3) бажарилиши лозим бўлган аниқ ҳаракатни бажариш имкониятлари аниқланиши керак50[50]. Масалан, ЎзР ЖК нинг 117-моддасида хавф остида қолдириш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Касалга ёрдам кўрсатиши керак бўлган дўхтир қайси ҳолларда ёрдам кўрсатилмаганлиги учун жавобгар бўлиши керак? Бунда касалга ёрдам кўрсатиши шарт бўлган қандай ҳаракатларни дўхтир бажармаган, унинг касалга шундай ёрдам кўрсатиш мажбурияти борлиги аниқланиши керак. Муайян шахсга ёрдам кўрсатиш мажбурияти қонун ёки махсус қоидалар орқали юкланади. Шундай ҳолатлар аниқланганидан кейин шахснинг беморга ёрдам кўрсатиш имкониятлари аниқланади ва имкониятлар бўла туриб ёрдам кўрсатмаганлигининг сабаблари аниқланади.
ЎзР ЖКнинг 208-моддасида Ҳокимият ҳаракатсизлиги учун жавобгарлик кўзда тутилган. Муайян шахсни ушбу модда билан жавобгарликка тортиш учун, биринчи навбатда, мансабдор шахс томонидан айнан қандай ҳаракатлар бажарилмаганлиги, сўнгра, бу ҳаракатларни бажариш унинг ваколат доирасига кириш ёки кирмаслиги ва ниҳоят, шундай ҳаракатларни бажаришга мансабдор шахснинг аниқ имкониятлари бор ёки йўқлиги аниқланади. Ҳаракатсизлик фақат ана шундай мазмунга эга бўлсагина айбдорни жавобгарликка тортиш мумкин.
Қуйидаги ҳолларда ҳаракатнинг муайян шаклини бажариш мажбурияти вужудга келади:
1) шундай ҳаракатни бажариш тўғридан-тўғри қонунда белгиланган бўлса, масалан, транспорт воситасини бошқараётган шахснинг ҳаракат хавфсизлигига ёки транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишга мажбурлиги;
2) шартнома бўйича юклатилган мажбуриятларни бажаришга мажбурлиги;
3) шахснинг мансаб ваколати ёки вазифаси туфайли бажариши шарт бўлган мажбуриятлари;
4) оилавий муносабатлар туфайли бажарилиши шарт бўлган мажбуриятлар; масалан, ота-онанинг вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаш (122-модда) ёки вояга етган фарзанд томонидан ота-онани таъминлашдан бўйин товлаш (123-модда).Қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Бундай ҳолда ота-она ёки фарзандлар, ўзларига суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармайди;
5) шахснинг ўз ҳаракатлари туфайли келиб чиқадиган мажбуриятлар. Масалан, транспорт воситасини ҳайдашга ўргатаётган ёки сузишга ўргатаётган шахснинг ёки болани қараб туриш топширилган шахснинг мажбурияти оғир касалга, ожиз аҳволдаги шахсларга қараб туриш мажбурияти юклатилган шахсларнинг мажбуриятлари. Ана шу мажбуриятларни бажармаслик ҳаракатсизликдан қилинадиган қилмишлар туркумига киради. Бундай ҳолдаги ҳаракатсизликни ижтимоий хавфли қилмиш деб ҳисоблаш учун, аввало, шахснинг муайян тартибда ҳаракат қилишининг зарурлиги ва ўша ҳаракатларни бажаришга имкониятларининг мавжудлиги аниқланиши керак.
Мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларини бажармаслиги ЎзР ЖК нинг 208-моддасида аниқ ифодаланган бўлиб, шахсни ушбу модда билан жавобгар қилиш учун, энг аввало, хизмат вазифаларини бажармаганлигининг объектив ва субъектив омиллари аниқланиши керак. Объектив омиллар ташқи сабаблар бўлиб, улар шахснинг хизмат фаолиятига боғлиқ бўлган омиллар, субъектив омиллар (унинг маълумоти, малакаси, иш тажрибаси ва ҳоказолар) ҳисобга олинади.
Ҳозирги бозор иқтисодиёти тизимига ўтиш ҳуқуқий демократик жамиятни қуриш жараёнида Ўзбекистонда кўплаб мансабдор шахсларнинг ҳозирги замон талаби доирасига жавоб берадиган билим ва тажрибасининг етишмаслиги маълум даражада ислоҳотларни амалга оширишни янада жадаллаштиришга салбий таъсир қилмоқда. Жиноят ҳуқуқида мураккаб ижтимоий хавфли ҳаракатларда содир этиладиган тушунчалар борки, булар бир қанча ҳаракатлардан иборат бўлган қилмишлар, давомли қилмишлар, узоққа чўзилган қилмишлар тушунчалари борки, бундай таркибли жиноятларда объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланган ижтимоий қилмиш бир неча ҳаракатлардан, бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан (давомли жиноят), вазифаларини узоқ вақт мобайнида бажармасликдан иборат бўлган бир жиноятнинг узлуксиз таркибни ташкил қилувчи (узоққа чўзилган) ҳаракатлардан иборат бўлиши мумкин. Давомли ва узоққа чўзилган жиноятлар тушунчаси ушбу дарсликнинг бир қанча жиноятлар бўлимида берилганлиги туфайли, бундай ҳаракатларни бу бобда беришни лозим топмадик.
Амалдаги ЖК да ҳаракатсизликдан содир қилинадиган жиноятлар асосан келиб чиққан жиноий оқибатга қараб шахс жавобгарлика тортилади, масалан, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик учун жиноий жавобгарликка тортишда ёрдам кўрсатмаслик туфайли шахснинг баданига энг камида ўртача оғир шикаст етказилиши; (ЖК нинг 117-моддаси) касб юзасидан ўз вазифасини лозим даражада бажармаслик туфайли камида шахснинг баданига ўртача оғир шикаст етказилганлиги, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаганни ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашни суднинг ҳал қилув қарори чиққан кундан уч ой муддат мобайнида тўламаслик (ЖКнинг 122-123-моддалари); ҳокимият ҳаракатсизлиги (ЖК нинг 208-моддаси) фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлган бўлса ва ҳоказо ҳаракатсизликлар жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.
Юридик адабиётларда ҳаракатсизликдан содир этиладиган жиноятларда жиноят босқичлари бўлмайди, деган фикрлар51[51], бошқа бир адабиётларда эса, моддий жиноятларда улар ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан қилинганлигидан қатъи назар, жиноят босқичлари бўлади, деб ёзганлар52[52]. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексидаги ҳаракатсизликдан содир этиладиган жиноятларнинг асосий кўпчилиги моддий маънодаги зарарнинг келиб чиқиши билан боғланган бўлиб, моддий жиноятлар ҳисобланади. Шунга кўра, ҳаракатсизликдан қилинадиган жиноятларда жиноят босқичлари бўлади, деган фикрга келиш мумкин.
Шундай қилиб, жиноят объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланган қилмиш ижтимоий хавфли, қонунга хилоф, онгли, иродавий, мураккаб, мазмунига кўра аниқ хулқий ҳаракат ёки ҳаракатсизликдан иборат бўлган киши хулқинининг акти ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |