128-м о д д а. Процессуал муддатларни ўтказиб юбориш
оқибатлари
Процессуал ҳаракатларни бажариш ҳуқуқи қонунда белгиланган ёки суд тайинлаган муддатнинг ўтиши билан бекор бўлади. Процессуал муддатлар ўтгандан сўнг берилган аризалар, шикоятлар ва ҳужжатлар кўрилмайди.
1. Қонунда ёки суд томонидан белгиланган процессуал муддатлар ўтказиб юборилган тақдирда суд унинг сабабларини аниқлаши лозим. Процессуал муддатлар ишда иштирок этувчи тарафлар ёки бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборишлари мумкин.
Агар судья иш кўриш учун қонунда белгиланган муддатларга риоя этмасалар, улар юқори судлар олдида жавоб бериши мумкин, бироқ бу ҳолат уларни иш кўриш вазифасидан озод этмайди. Борди-ю, белгиланган муддатни ишда иштирок этувчи шахслар ўтказиб юборган бўлсалар, ўтказилган муддатни тиклаш масаласи суд (судья) томонидан ҳал этилади.
Процессуал муддатни ўтказиб юбориш тарафларни белгиланган процессуал ҳаракатларни бажариш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби оқибатларга олиб келади.
Ишда иштирок этувчи, шунингдек ишда иштирок этмайдиган шахслар ҳам қонунда ёки суд томонидан белгиланган айрим ҳаракатларни бажармасликлари туфайли жаримага тортилиши, уларни назарда тутилган процессуал ҳаракатларни бажариш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, масалан, ишда иштирок этмаётган ташкилотлар ва фуқаролар талаб қилинаётган ашёни тақдим этиш ёки суд белгиланган муддатда келтириш имконига эга бўлмасалар, буни судга маълум қилиб, сабабини кўрсатишлари шарт.
Судга ашё тақдим қилинмаган тақдирда, шунингдек суднинг ашёни тақдим этиш тўғрисидаги талаби суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажарилмаган тақдирда, бунда айбдор бўлган ташкилотнинг мансабдор шахсларига ва фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Жарима солиш тегишли мансабдор шахсларни ва фуқароларни суд талаб қилаётган ашёни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Худди шундай қоида ФПКнинг 75-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
2. Суд қарорларини ижро этиш жараёнида процессуал муддатларга риоя этмаслик манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқларини бузилишига олиб келади.
Ижро босқичида процессуал муддатлар суд ижрочиси томонидан унинг ўзига боғлиқ бўлган ҳаракатларга кўра йўл қўйилиши мумкин. Бундай ҳаракатлар суд ижрочисининг ўз вазифасига совуққонлик билан қараши, меҳнат интизомига риоя этмаслик ва бошқа ҳолатларни келтириш мумкин. Булардан ташқари, суд ижрочиси манфаатдор шахсларнинг суд қарорларини ижро қилишни рад этиш ҳоллари ҳам учраб туради, бундай ҳолларда суд ижрочиларига нисбатан маъмурий, интизомий чоралар қўлланилади, иккинчи ҳолда эса унинг бу ҳаракатлари устидан манфаатдор шахс судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 2001 йил 29 август Қонунининг 88-моддасида белгиланган, қоидада суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга (мансабдор шахс) ёки судга шикоят қилиш мумкинлиги кўрсатилган.
Суд ижрочилари содир этган ҳуқуқбузарликлари учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлишлари ҳам мумкин.
Суд ижрочиси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда қопланиши лозим.
Ижрочининг устидан бериладиган шикоятлар ҳал қилув қарорларини чиқарган судга ёки ижро қилинадиган судга берилади. Шикоят ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда судда кўрилади. Агар суд ижрочисининг ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилса, суд ўзининг ажримида қарорни ижро қилиш лозимлиги тўғрисида кўрсатади.
3. Процессуал муддатларни ўтказиб юбориш туфайли, судда процессуал ҳаракатларни бажаришдан маҳрум бўлиш билан бирга бошқа оқибатлар ҳам вужудга келади, масалан, манфаатдор шахс суд қарорлари устидан апелляция тартибида шикоят бера олмаслиги, прокурор протест келтирмаслиги туфайли қарор қонуний кучга киради. Бу деган сўз, «кейинчалик шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқидан маҳрум қилинди» деган маънони англатади ва ҳоказо.
Do'stlaringiz bilan baham: |