1.3. Меҳнат шартномасининг умумий қоидалари ва айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солишда ушбу институтнинг тутган ўрни
Меҳнат шартномаси меҳнат ҳуқуқининг марказий институтларидан бири бўлиб ҳисобланади. Меҳнат шартномасига нисбатан анъанавий қарашлар шаклланган ва улар қуйидагилардан иборат:
1) меҳнат ҳуқуқининг институти, яъни меҳнат муносабатларини вужудга келтириш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг йиғиндиси;
2) меҳнат ҳуқуқининг тегишли манбаларини бирлаштирувчи меҳнат қонунчилигининг институти;
3) ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатларини юзага келтириш билан боғланган юридик факт;
4) уни тузган тарафларнинг субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг манбаси;
5) меҳнат муносабатларининг юридик модели;
6) ходим меҳнатга бўлган лаёқатини унинг воситасида амалга оширадиган меҳнат тўғрисидаги келишув.
Модомики меҳнат шартномаси мураккаб ва кўп қиррали категория экан, унда унинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий фан нуқтаи назаридан бир қатор функциялари тўғрисида тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Объектив ҳуқуқнинг категорияси бўлган меҳнат шартномаси, энг аввало, меҳнат ҳуқуқи ва қонунчилигининг марказий институти ва соҳаси сифатида тавсифланади. Шунинг учун унинг аҳамияти бутун меҳнат ҳуқуқининг аҳамияти билан таққосланади. Унинг учун хос бўлган барча функциялар тўлалигича меҳнат ҳуқуқи учун ҳам хосдир. Уларга тартибга солувчи, қўриқловчи, тақсимловчи, ташкилий, ижтимоий, ишлаб чиқариш, иқтисодий ва тарбиявий функциялар киради.
Субъектив ҳуқуқнинг категорияси сифатида меҳнат шартномаси қуйидаги мақсадлар учун хизмат қилади:
1) ёлланма меҳнатдан фойдаланиш соҳасида иқтисодий муносабатларни ижтимоий ва ҳуқуқий тартибга солишни амалга ошириш;
2) ёлланма ходим ва иш берувчи ўртасидаги юридик алоқаларни вужудга келтириш ва амалга оширишни таъминлаш;
3) меҳнатни ижтимоий ташкил этишга ходимни сафарбар қилиш;
4) инсоннинг меҳнатга бўлган лаёқатини амалга оширишга кўмаклашиш;
5) тарафларнинг субъектив ҳуқуқ ва мажбуриятларини расмийлаштириш ва уларни лозим даражада амалга оширилишини таъминлаш;
6) келишувга эришиш орқали ҳар икки тарафнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қатъий бажарилишига оид кафолатларни яратиш.
Юқорида келтириб ўтилган меҳнат шартномаси функцияларининг рўйхати тўлиқ эмас. Ҳуқуқ фани категорияси сифатида унинг аҳамиятини кўриб чиқишда шуни унутмаслик лозимки, меҳнат шартномаси аҳоли бандлигини таъминловчи асосий шакл ҳисобланади ва асосийси меҳнат ресурсларини тақсимлаш, ўрнатиш ва фойдаланишнинг ҳуқуқий шакли ҳамдир, шунингдек, кўпчилик кишиларининг кун кечиришининг иқтисодий асосидир1.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси меҳнат шартномасини ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув сифатида белгилайди, унга мувофиқ иш берувчи меҳнат функцияси бўйича шартлашилган ишни ходимга тақдим этишга мажбур, меҳнат қонунчилиги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужатларда назарда тутилган меҳнат шароитлари билан таъминлайди, иш ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлайди, ходим эса келишув бўйича муайян меҳнат функциясини шахсан ўзи бажариш мажбуриятини олади, иш берувчида амал қиладиган ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилади.
Меҳнат тўғрисидаги келишув сифатида меҳнат шартномасининг мазмунини унинг шартлари йиғиндиси ташкил этади, бу шартлар уни тузиш ва ўзгартириш вақтида тарафлар томонидан шартлашилади. Меҳнат кодекси меҳнат шартномасининг шартларини мажбурий ва қўшимча шартларга бўлади. Меҳнат шартномасида ходимнинг фамилияси, исми, шарифи ва иш берувчининг номи, ходимнинг ва иш берувчи жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларидаги маълумотлар, меҳнат шартномасини имзолаш ҳуқуқига эга бўлган вакиллар ҳақидаги маълумотлар, шартномани тузиш жойи ва санаси кўрсатилади.
Меҳнат шартномасининг зарурий(мажбурий) шартларига қонун чиқарувчи меҳнат шартномасининг мазмунига киритилиши ва тарафлар улар ҳақида келишиши лозим бўлган шартлар киради. Шундай қилиб, меҳнат шартномасининг зарурий шартларига қуйидагилар киради:
1) иш жойи, ходим филиал, ваколатхона ва бошқа таркибий бўлимларга қабул қилинган ҳолларда уларнинг жойлашган жойи;
2) меҳнат вазифалари(штат жадвалига назарда тутилган лавозимдаги иш), касби, малакаси кўрсатилган ҳолда мутахассислиги;
3) ишнинг бошланиш санаси, муддатли меҳнат шартномаси тузилган ҳолатларда шартноманинг амал қилиш муддати;
4) меҳнатга ҳақ тўлашнинг шартлари(тариф ставкасининг миқдори ёки ходимнинг оклади, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантириш тўловлари);
5) иш вақти ва дам олиш вақти режими(мазкур иш берувчида ходим учун умумий қоидалардан фарқ қилса);
6) агар ходим оғир, зарарли ва хавфли меҳнат шариотлари бўйича ишга қабул қилинаётган бўлса, ушбу ишларда меҳнат шароитларининг тавсифи ҳамда тўланадиган компенсация турлари;
7) зарур ҳолларда ишнинг характерини белгилаб берувчи шартлар(кўчиб юриш, йўлда бажариладиган ва б.лар);
8) ходимни мажбурий ижтимоий суғурталаш шартлари;
9) меҳнат қонунчилиги ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган бошқа шартлар.
Меҳнат шартномасида қуйидаги қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин:
1) иш жойи бўлган таркибий бўлинмани ва (ёки) унинг жойлашувини аниқлаштириш;
2) дастлабки синов;
3) қонун билан қўриқланадиган сирларни ошқор қилмаслик(давлат, хизмат, тижорат ва бошқа сирлар);
4) агар ўқитиш харажатларини иш берувчи тўлаган бўлса, ўқишни тугатгандан кейин шартномада белгиланган муддатда ишлаб бериш шартлари;
5) ходимни қўшимча суғурталаш турлари ва шартлари;
6) ходим ва унинг оила аъзолари ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш ҳақида;
7) иш шароитдан келиб чиқиб ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш;
8) локал норматив ҳужжатларда назарда тутилган қоидалардан келиб чиқиб, иш берувчи ва ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш.
К.Н. Гусов айрим тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини тузишнинг хусусиятлари ҳақида тўхталиб, меҳнат шартномасига қуйидагича фикр билдирган: меҳнат ҳуқуқининг асосий воситаси меҳнат шартномаси бўлиб, у меҳнат муносабатларини индивидуаллаштиришда асосий ўринни эгаллаган ва эгаллаб келмоқда. Ҳозирги бозор иқтисодиёти даврида меҳнатни бошқариш доирасидаги давлат функциялари сўзсиз ўзгармоқда. Меҳнат муносабатлари бошқариш доирасидаги марказий нормалар тенденцияси камайиб, эркин меҳнат шартномаси тамойили универсал тамойилга айланиб бормоқда ҳамда меҳнат шартномаси моҳияти ва роли ошмоқда.
Амалдаги меҳнат қонунчилиги ва уни амалиётда қўллашга оид таҳлилга асосан айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнат шартномасини ҳуқуқий тартибга солишда ўзига хос махсус нормалар кўриб чиқилмоқда. Асосан меҳнат шартномаси муддати ва ички тузилишига эътибор қаратилмоқда1.
И.И. Андриановская меҳнат ҳуқуқида меҳнат шартномаси кўп томонлама ҳуқуқий ҳолат сифатида қабул қилиниши, шу нуқтаи назардан меҳнат шартномасини тўрт асосий жиҳатини ажратиб кўрсатишни қайд этган. Булар:
Биринчиси, меҳнат шартномаси меҳнатга ёлловчи ва иш кучини тақсимловчи асосий ташкилий-ҳуқуқий шаклдир. Шу билан биргаликда шартноманинг ҳуқуқий ҳамда иқтисодий мазмуни кўрилади.
Иккинчиси, меҳнат шартномаси, меҳнат ҳуқуқининг марказий институти ҳисобланади. Меҳнат шартномаси – ишга қабул қилиш тартибини тартибга солувчи, ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш каби нормалар тизимини ўзида жамлаган, махсус институт ҳисобланади.
Учинчиси, меҳнат шартномаси – юридик фактдир. Меҳнат шартномаси тузилганда меҳнат муносабатлари вужудга келади. Меҳнат шартномаси ўзгартирилганда, меҳнат муносабатларии ўзгаради, меҳнат шартномаси бекор қилинганда, меҳнат муносабатларии тугатилади.
Тўртинчиси, меҳнат шартномаси – меҳнат муносабатларини алоҳида тартибга солувчи манба, деб қайд этган 2.
М.Ю.Гасанов, Е.А.Соколовларнинг фикрига кўра, меҳнат шартномасининг маъноси шундан иборатки, меҳнат муносабатларини вужудга келтирувчи, ходимни меҳнат қилишга мажбурламайдиган ва асосийси эркин иш танлаш кафолатини берувчи ҳамда асосий конститутциявий ҳуқуқлардан бири меҳнат қилишини ташкилий-ҳуқуқий шаклини амалга оширувчи юридик фактдир. Меҳнат бозорини самарали фаолият олиб боришига зарур шароит яратиб беришда, иш берувчи ва ходим қизиқишларини бирлаштиришга кўмаклашадиган, меҳнат муносабатлари доирасини тартибга солишда, унинг томонларига кенг имкониятлар яратиб берувчи меҳнат шартномаси ҳисобланади.1
Амалиётда меҳнат шартномасини тузмасдан ишга киришиш ҳолатлари кўп учрайди. Иш берувчилар томонидан ходимларга ишга киришиш учун фактик жиҳатдан рухсат берилади, бироқ меҳнат шартномаси расмийлаштирилмасдан қолади. Тарафлар ўртасида меҳнат шартлари юзасидан низолар келиб чиққан тақдирда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликлар туғилади. Сабаби меҳнат қонунчилигида оғзаки меҳнат шартномасини неча кун ичида расмийлаштириш юзасидан аниқ талаб қўйилмаган. Бундай нормалар нормалар мисол учун Россия Федерациясининг Меҳнат кодексида(67-м.), Озарбайжон Республикасининг Меҳнат кодексида(52-м.) учрайди. Ушбу камчиликни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга меҳнат шартномасини расмийлаштириш талабини ифодаловчи янги нормани Ўзбекистон Республикасининг 74-моддасига киритиш таклиф этилмоқда.
“74-модда. Меҳнат шартномасининг шакли
Ёзма шаклда расмийлаштирилмаган меҳнат шартномаси ходим иш берувчини ишга киришганлиги ҳақида огоҳлантирган ёки иш берувчининг рухсати билан ишни бошлаган бўлса, тузилган ҳисобланади. Ходимга ишлашга рухсат берилган кундан эътиборан меҳнат шартномаси уч кун ичида расмийлаштирилиши лозим”.
Юридик адабиётларда меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишда дифференциациялаш мезонлари икки гуруҳга ажратиб кўрсатилади. Булар объектив ва субъектив дифференциациядир.
Дифференциациянинг объектив мезонлари – объектив воқеликнинг шарти бўлиб, меҳнат муносабатлари иштирокчиларига боғлиқ эмас. Объектив мезонларга қуйидагилар киради:
1) ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда:
- меҳнат шароитларининг ўзига хос хусусиятлари (зарарли ёки хавфли меҳнат шароитлари);
- аҳоли учун юқори даражадаги хавфнинг мавжудлиги (транспорт);
- давлат ва жамият учун алоҳида аҳамият касб этиши (давлат хизмати, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқалар);
- меҳнат функцияси амалга ошириладиган ҳудудда амал қиладиган экологик хавф (радиоактив зарарланган ҳудудлардаги ишлар);
- асосий фаолиятнинг алоҳида мақсад ва вазифалари билан боғлиқ бошқа хусусиятлар(маданият, спорт ва бошқалар).
2) меҳнатнинг табиий-иқлим шароитлари;
3) меҳнат шартномаси тарафларининг меҳнат алоқалари бўйича барқарорлиги хусусиятлари(ўриндошлик, вақтинча ишда бўлмаган ходимнинг ўрнида ишлаш, мавсумий ходимлар);
4) меҳнатни ташкил этишнинг ўзига хослиги (касаначилар, вахта усулида ишловчилар, хорижга дипломатик ваколатхоналарга ишга юборилганлар);
5) ишлаб чиқариш жараёнидаги натижалар учун ходим шахсий жавобгарлигининг юқори даражаси(раҳбар, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер).
Дифференциациянинг субъектив мезонлари – меҳнат шартномаси тарафларининг алоҳида қиёфасини кўрсатувчи шартлардир, улар меҳнат муносабатларини махсус тартибга солиш учун асос бўлиб ҳисобланади ва улар учун ижтимоий-аҳамиятли белгилар хос бўлиши мумкин. Бундай шартларга қуйилдагиларни киритиш мумкин:
1) ходимнинг гендер белгилари(жинс, ёш);
2) ходимда оилавий мажбуриятларнинг мавжудлиги (болаларни тарбияловчи, оиланинг касал аъзосини парвариш қилувчи ходимлар);
3) ходимнинг соғлиғи ҳолати(ногиронлар, вақтинчалик меҳнат қобилияти пасайган шахслар);
4) ходим томонидан таълим олишга бўлган ҳуқуқни амалга ошириш(ишни ўқиш билан билан бирга қўшиб олиб бориш);
5) фуқаролик(чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар);
6) ходимнинг ноқулай шароитларда ишлаганлиги ва бу давлат томонидан ижтимоий аҳамиятли деб тан олинганлиги ҳамда улар ўзида қўшимча ижтимоий ҳимояни ифодалаганлиги(уруш ветеранлари, жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, радиацион ва техноген талофатлардан жабрланганлар);
7) айрим тоифадаги иш берувчилар ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари(жисмоний шахслар, диний ташкилотлар)1.
Таъкидлаш ўринлики, дифференциация мезонлари қандай бўлишидан қатъи назар меҳнат муносабатлари вужудга келишининг асосида меҳнат шартномаси ётади. Меҳнат шартномаси воситасида айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятларини белгилаш таъминланади. Шундай экан, меҳнат ҳуқуқининг айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг хусусиятлари институти ҳам марказий институт бўлган меҳнат шартномасига тўғридан-тўғри мурожаат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |