6-§. Марказий банкнинг талабига биноан банкни қайта ташкил этиш 236. Банк томонидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ва банкнинг олиб бораётган фаолияти республика банк тизимида рақобатни пасайишига сабаб бўлган тақдирда, Марказий банк мазкур банкдан банкни қайта ташкил этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
237. Марказий банкнинг банкни қайта ташкил этиш тўғрисидаги талаби қабул қилинганидан сўнг 30 кундан ошмаган муддатда банк кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилади.
238. Акциядорлар умумий йиғилиши Марказий банк талабига асосан банкни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қайта ташкил этиш режасини тасдиқлайди. Банкни қайта ташкил этиш режаси банкнинг молиявий ҳолатини яхшилаш ёки банк кредиторлари ва омонатчилари манфаатларига ҳавф солувчи ва (ёки) соладиган қоидабузилишларни бартараф этиш чора тадбирларини ўз ичига олиши лозим.
239. Агар банк Марказий банк талабида белгиланган муддатда банкни қайта ташкил этмаса ёки қайта ташкил этиш режаси банкнинг молиявий ҳолатини яхшилаш ёки қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича етарли чора-тадбирларни ўз ичига олмаса, Марказий банк қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай тўғриловчи чора-тадбирлар қўллаш, шу жумладан банкка вақтинчалик бошқарувчини тайинлаш ёки банкни мажбурий тугатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
2-боб. Банкни тугатиш 1-§. Банкни фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш тартиби 240. Банклар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳусусиятларни ҳисобга олган ҳолда тугатилади.
241. Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш ихтиёрий ёки мажбурий (Марказий банк томонидан лицензия чақириб олинганда) шаклда амалга оширилиши мумкин.
242. Банкнинг фаолиятини тугатиш ва банкни тугатиш учун:
банк акциядорлари умумий йиғилишининг банкни ихтиёрий тугатиш тўғрисидаги қарори;
Марказий банк бошқарувининг банкни мажбурий тугатиш ҳақидаги қарори асос бўлади.
243. Банк тугатилганда Марказий банк банкнинг лицензиясини чақириб олади.
244. Банкни тугатиш жараёни Марказий банк бошқаруви томонидан лицензияни чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошланган ҳисобланади. Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори ушбу қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради. Марказий банк бошқарувининг қарори ушбу қарор қабул қилинган куни банк раҳбариятига имзо қўйдирилган ҳолда топширилади.
245. Лицензияни чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, Банкларнинг давлат реестрида банк тугатилиш жараёнида эканлиги тўғрисида ёзув киритилади.
246. Банкнинг лицензияси чақириб олинганлиги тўғрисидаги ахборот мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.
247. Банкка Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжаларга мувофиқ банклар учун рухсат этилган фаолиятни амалга ошириш тақиқланади, бундан банкнинг тугатилиши билан боғлиқ ҳаракатлар мустасно.
248. Марказий банк бошқарувининг лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб банкни тугатиш жараёни якунлангунига қадар қуйидаги чекловлар ўрнатилади:
акциядорлар умумий йиғилиши, бошқа органлар ва банк мансабдор шахсларининг ваколатлари, жумладан мулкни тасарруф этиш ва мажбуриятларни сўндириш бўйича ваколатлари, шунингдек уларнинг банкни бошқариш ҳуқуқлари тўхтатиб қўйилади. Банк ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда, тугатиш комиссиясининг ҳисоботларини муҳокама қилиш, тугатиш балансларини тасдиқлаш, шунингдек тугатиш комиссияси аьзоларини тайинлаш ва қайта тайинлаш ҳуқуқини акциядорларнинг умумий йиғилиши ўзида сақлаб қолади;
тугатилаётган банк номидан ёки унинг ҳисобидан амалга оширилган ҳаракатлар улар фақат тугатиш комиссияси томонидан бажарилган ҳолдагина юридик кучга эга бўлиши мумкин;
банкнинг барча қарз мажбуриятлари муддати ўтган ҳисобланади;
тугатилаётган банкнинг мажбуриятлари, жумладан банк омонатлари ва (ёки) банк ҳисобварақларига оид шартномалар бўйича фоизларни, шунингдек неустойкаларни ҳисоблаш тўхтатилади;
тугатилаётган банк иштирокида судда кўрилаётган мулкий хусусиятга эга бўлган тортишувлар агар уларга доир қабул қилинган қарорлар қонуний кучга киритилмаган бўлса тўхтатилади;
банкка тегишли мулкий хусусиятга эга бўлган барча талаблар фақат тугатиш комиссияси номига билдирилиши ҳамда мазкур низом ва бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин;
тугатиш жараёни бошлангунга қадар суд томонидан қабул қилинган қарорлар ва тугатилаётган банкка нисбатан мулкий талабларга оид суднинг ижро ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида ижро этилиши учун тугатиш комиссиясига топширилади.
249. Банкни тугатиш жараёни қуйидаги босқичлардан иборат:
моддий назорат ва инвентаризациялаш;
активларни текшириш;
активларни баҳолаш ва сотиш;
сотувдан тушган тушумларни жойлаштириш;
тугатиш жараёнини якунлаш.
250. Марказий банк банкни тугатиш жараёнини назорат қилиб туриши шарт. Ушбу мақсадларда Марказий банк мунтазам равишда банк активларини баҳолаш, бу активларни тугатиш ва даромадларни тақсимлаш тўғрисида ҳисоботлар олиб туради.
251. Тугатиш комиссияси, экспертлар ва тугатиш жараёнида иштирок этадиган бошқа шахсларнинг фаолияти учун ҳақ тўлаш шартлари тугатиш комиссияси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилган тугатиш режасида акс эттирилади.
252. Банкни тугатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар мазкур банк ҳисобидан амалга оширилади. Банкни тугатишга доир харажатларни Марказий банк томонидан молиялаштиришга йўл қўйилмайди.
Тугатилаётган банк мажбуриятларига доир ҳисоб-китобларни бажаришда тугатиш билан боғлиқ харажатлар навбатдан ташқари тартибда амалга оширилади.
253. Банк тугатилгунига қадар Марказий банк назорати остида бўлади ва Марказий банк уни текшириб туриш ҳуқуқига эгадир.
254. Банкни тугатиш жараёни тугалланиб, Банклар давлат реестрига киритилган кундан бошлаб тўлиқ тугатилган деб ҳисобланади.