Конларни гуруҳлаш. Конларни саноатда ўзлаштиришга топшириш геология-разведка ишлари натижаларига асосланиб амалга оширилади. Бунда уларнинг ўрганилганлик даражаси, геологик тузилишининг мураккаблиги, фойдали компонентларнинг тақсимланиши ҳамда ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳисобга олинади.
Тоғ–кон саноати корхоналарини ташкил этиш ва ишлаб турганларини такомиллаштириш бўйича лойиҳалар тузиш ва уларга маблағлар ажратиш фақат ДЗХ (давлат захиралар хайъати) томонидан конларнинг А, В, С1 ва С2 тоифалар бўйича захиралари тасдиқлангандан кейингина амалга оширилади. Барча конлар тузилишининг мураккаблиги бўйича уч гуруҳга бўлинади. Уларнинг ҳар бири учун турли тоифали маълум захиралар нисбати талаб этилади. (Ўзбекистон республикасида захираларнинг В, С1 ва С2 тоифалари амал қилади).
I–гуруҳ конлари. Бу гуруҳга фойдали қазилма таналари оддий тузилишга, турғун қалинликка ва фойдали компонентлари тенг тарқалишга эга бўлган конлар киради. Одатда бу гуруҳга темир, марганец, боксид, мис, никель, полиметаллар, молибден конлари, нодир металларнинг йирик штокверклари, мисли, молибденли, вольфрамли, апатит – нефилинли маъданлар, фосфоритлар, калийли ва натрийли тузлари, охактошлар ва кўплаб қурилиш материалларининг йирик қатламсимон таналари киради. Бу гуруҳ конлари учун 30% дан кам бўлмаган захиралар А ва В тоифалар бўйича, шу жумладан, А тоифа бўйича 10%дан кам бўлмаган захиралар разведка қилинган бўлиши лозим.
II–гуруҳ конлари. Бу гуруҳга фойдали қазилма таналари мураккаб тузилишга, турғун бўлмаган қалинликка ёки фойдали компонентлари нотекис тарқалишга эга бўлган, энг кўп сонли йирик ва ўрта конлар киради. Унга темир, марганец, никель, мис, полиметал конлари, боксидларнинг мураккаб тузилишли қатлам ёки линзасимон ётқизиқлари, мис, қалай, молибден, вольфрам ва нодир металларнинг мураккаб штокверклари, мис, никель, қалай, олтин ва бошқаларнинг маданлашиш зоналари ва томирлари, шунингдек, асбест, талькли жинслар, боратлар, апатитлар, фосфоритлар ва бошқаларнинг линзасимон таналари киради. Бу конларда тавсилий разведка жараёнлари учун разведка ишларига катта сарф ҳаражат талаб этиши сабабли уларнинг А тоифали захираларини аниқлаш мақсадга мувофиқ эмас. Бу гуруҳга хос конларнинг 20% дан кам бўлмаган В тоифали захиралари разведка қилиниши керак.
III–гуруҳ конлари. Бу гуруҳга фойдали қазилма таналари ўта мураккаб тузилишга ва кескин ўзгарувчан қалинликка эга бўлган, фойдали компонентлари ўта тарқоқ бўлган хромит, полиметал, қалай, нодир металлар, симоб, сурьма, кобальт, олмос, слюда, боксид, флюорит ва бошқа маъданларнинг ўртача ва майда линзасимон ва томирсимон таналари киради. Бу конларда разведка жараёнларида В тоифали захираларни аниқлаш мақсадга мувофиқ.
Янги тоғ – кон саноат корхоналарини қуриш ва ишлаб турган рудникларни қайта такомиллаштириш бўйича лойиҳалаш ишларини бажариш ва уларга маблағлар ажратишга С1 тоифали захиралар базасида йўл қўйилади.
Кўмир конлари учун захиралар тоифасининг бошқача нисбатлари қабул қилинади. I – гуруҳ учун А ва В тоифа захиралари йиғиндиси 50% дан, коксловчи кўмирлар учун эса 60% дан кам бўлмаслиги керак. Бунда А тоифали захиралар мос равишда 20 ва 30% бўлиши лозим. II – гуруҳ кўмир конлари учун В тоифали захиралар 50% дан кам бўлмаслиги талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |