IX-БОБ. РАЗВЕДКА ЛАҲИМЛАРИНИ ГЕОЛОГИК ҲУЖЖАТЛАШ
9.1.Умумий маълумотлар.
Бирламчи геологик кузатувлар фойдали қазилмаларни қидириш, конларни башоратлаш ва маълум бир ҳулосалар чиқариш учун дастлабки материал бўлиб хизмат қилади. Энг муҳим маълумотларни тоғ жинсларини табиий очилмаларини, разведкалаш тоғ лаҳимларини ва бурғулаш қудуқларини ўрганиш орқали олиш мумкин. Кенг маънода, қидириш ва разведка қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган геологик кузатувларга палеонтологик, минералогик, литологик, петрографик тадқиқотлар, шу жумладан, шлифлар ва аншлифларни микраскопик ўрганиш, намуналарни кимёвий ва физик–кимёвий таҳлил натижалари ҳам киради. Фойдали қазилма конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини олиб бориш давомида ўтказилган турли ҳил геофизик ва геокимёвий тадқиқотлар, гидрогеологик, топографик-геодезик, аэрофотогеодезик ва маркшейдерлик ишлари бўйича олинган натижалар ҳам геологик ахборот манбалари ҳисобланади. Бирламчи геологик кузатувларни амалга ошириш ва уларни маълум ҳужжатлар кўринишида қайд этиш геологик ҳужжатлаш деб аталади. Кузатув натижалари бўйича тўпланган айрим йиғма ҳужжатларни ҳам геологик ҳужжатлар деб аташ мумкин.
Турли хил фойдали қазилма конларини геологик ҳужжатлашда тоғ жинисларини тадқиқ қилишнинг бир қатор усулларига таянилади. Геологик ҳужжатлашнинг тавсилий усуллари, техник меъёрлари ва шакллари Ўзбекистон Республикаси Давлат геологик қўмитаси йўриқномаларида ўз ифодасини топган. Геологик лаҳимларни геологик ҳужжатлашнинг аҳамияти, айниқса, уларни қайта кузатиш имкониятларининг чекланганлигидадир. Лаҳимлар ёрдамида очилган жойлар кейинчалик нураш ва қулаш жараёнлари оқибатида улар доимий сақланиб қолмайдилар, балки вақт ўтиши билан улар ёпилиб қоладилар. Бундан ташқари, очилмалар кўпинча лаҳимларда мустаҳкамлаш ишлари олиб борилиши сабабли уларни ҳужжатлашнинг иложи бўлмайди.
Геологик ҳужжатлаш моҳиятан геология–разведка ишларини олиб бориш жараёнларида олинган геологик материалларни ўзлаштиришда биринчи ва жавобгарлиги энг юқори бўлган босқич ҳисобланади. Шунинг учун ҳужжатлаш сифатини назорат қилиб бориш айниқса муҳимдир. Геологик ҳужжатлашни олиб боришда қилинган нотўғри ҳулосаларни уларни қайта кўриб чиқиш йўли билан тўғрилаш мумкин, аммо нотўғри тузилган геологик ҳужжатлашни кўп холларда тўғрилаш мумкин эмас.
Геологик ҳужжатлаш материаллари бўлиб ўрганилаётган объект ҳақидаги матнлар, чизмалар, намуналар ва шу кабилар ҳисобланади. Бажарилган у ёки бу геологик ишларнинг якуний ҳисоботидан сўнг бу материаллар одатда сақлаш учун архивга юборилади.
Геологик ҳужжатлаш тўла, аниқ, имкон қадар қисқа, содда ортиқча деталларсиз, аммо, шу билан бирга барча муҳим маълумотлар акс эттирилган холда тузилиши лозим. Шу билан бирга шуни ҳам унитмаслик лозимки, геологик ҳужжатлаш жараёнлари давомида олдин қилинган ҳужжатлаш ишлари бўйича қилинган геологик ҳулосаларга таяниш мумкин эмас. Геологик ҳужжатлаш объектив бўлиши керак, акс ҳолда у ҳақида олинган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ бўлиши мумкин.
Геологик ҳужжатлаш ишларини имкон қадар юқори геологик тажрибага эга бўлган мутаҳассислар ўтказиши мақсадга мувофиқ, чунки ҳужжатлашнинг ўзи бу ижодий элемент бўлиб, ҳужжатлаштирилаётган материалларнинг сарасини ажратиб олиш демакдир. Юқори сифатли геологик ҳужжатлаш ишларини олиб бориш учун яхши уйлаб топилган, улардан фойдаланишни енгиллаштирувчи ҳужжатларнинг стандарт шаклларини мавжудлиги муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |