Б.Кон ҳусусиятлари бўйича аниқланувчи омиллар. Разведка ишларини ўтказиш усуллари асосан учта омиллар билан аниқланади: а) маъдан таналарининг шакли, б) фойдали қазилмаларнинг тарқалиш мураккаблиги ва сифатининг ўзгарувчанлиги в) коннинг ўлчами.
Фойдали қазилма т а н а л а р и н и н г ш а к л и разведка усулига улкан таъсир кўрсатувчи биринчи ҳусусият ҳисобланади. Шакл ҳақидаги тушунчага нафақат маъдан таналарининг бирламчи чегара чизиғи балки унинг тектоник жараёнлар таъсирида кейинги бузилишлари ҳам киради.
Агар фойдали қазилма танаси томирлардан ташкил топган бўлса, уни разведка қилишда бурғулаш ишларини муваффақиятли қўллаш мумкин. Агар бир бири билан боғланмаган, унча катта бўлмаган гнездаларни разведка қилишга тўғри келса, айрим ҳолда тарқалган бундай гнездаларни бурғулаш усулида разведка қилиш имконияти шу қадар кичикки, бурғулаш усулидан воз кечиш лозим ва гнездаларни тоғ лаҳимлар ва бу лаҳимлар бўйича ўтиладиган унча чуқур бўлмаган қудуқлар ёрдамида излаш керак. Тоғ лаҳимларидан таналар морфологиясидаги ҳар қандай ноаниқликларни ёки тектоник бузилишларни қўшимча лаҳимлар ўтиш, калта бурғулаш қудуқлари ковлаш ва бошқа йўллар билан осонлик билан текшириб кўриш мумкин. Бундан ташқари, тоғ лаҳимлари геологик кузатувлар олиб бориш учун катта имконият беради. Улар ёрдамида кўпинча бурғулаш қудуқлари ёрдамида хеч қачон ва хеч бир шароитда топиб бўлмайдиган структуралардаги шундай тавсилотларни ва у билан боғлиқ фойдали қазилмаларнинг жуда майда, “қайсар” таналарнинг жойлашувидаги қонуниятларни очишга эришиш мумкин. Масалан, кўплаб нотўғри шаклли конларда минерал таналар икки ер ёриғи тизимлари кесишган жойда йиғилиши мумкинлигини фақат тоғ лаҳимлари ёрдамида тушунтириш мумкин.
Унча катта бўлмаган кесимли қувурсимон таналарни ҳам фақат тоғ лаҳимлари ва калта бурғулаш қудуқлари ёрдамида разведка қилиш лозим. Агар биз бундай таналарни аввал ҳаритада белгилаб, сўнг бурғулашга ҳаракат қилсак, бурғулаш қудуқлари тана ёнбошидан ўтиб кетиши туфайли кўпчилик ҳолларда разведка натижасиз бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, фойдали қазилма таналари шаклларининг мураккаблашиб боргани сари, кўпинча калта бурғулаш қудуқлари билан биргаликда олиб бориладиган тоғ лаҳимларининг разведкадаги ўрни муҳим аҳамият касб этиб боради. Аксинча, минераллашган таналар морфологияси қанча содда бўлса, одатдаги бурғулаш қудуқлари ёрдамида разведка қилиш усулини катта мувоффақият билан қўллаш мумкин.
Ф о й д а л и қ а з и л м а л а р н и н г с и ф а т и – бу омилга боғлиқ равишда бурғулаш ёки тоғ ишларини қўллаш мумкин бўлган иккинчи муҳим омил. Ҳар бир бурғулаш қудуғи одатдаги шароитларда фойдали қазилманинг битта жойидан кесиб ўтади, тоғ лаҳимларида эса, агар у тана йўналиши бўйича ўтилган штрекдан ташкил топган бўлса, фойдали қазилмани кўп сонли, деярли чекланмаган миқдордаги кесишган жойлари бўйича ўрганиш учун кенг имконият яратилади. Буни қуйидагича ўхшатиш мумкин, бурғулаш қудуғи ёрдамида минералли танани кесиб ўтувчи битта намуна кучига тенг десак, у вақтда тоғ лаҳимидан бундай намуналарни заруриятга қараб ўнлаб ва юзлаб олиш мумкин.
Бир текис тарқалган, кам ўзгарган, нави паст бўлган минерал таналарни бурғулаш йўли билан олинадиган маълумотлар етарли бўлган бурғулаш ишлари разведка усули сифатида кенг қўлланилади. Аммо, сифати бўйича, минераллашуви ўта нотекис тарқалган мураккаб конларда бурғулаш қудуқлари ёрдамида разведка қилиш усули ўз ўрнини тоғ лаҳимлари ўтиш усулига бўшатиб беради ва бунда бурғулаш қудуқлари ёрдамида олинган маълумотлар фақат ёрдамчи восита ролини ўйнайди.
Бурғулаш усулида асосан разведка қилинаётган оддий конлардан лаборатория ва завод шароитларида синовлар ўтказиш учун катта миқдорда материаллар олишнинг имконияти йўқ, технологик намуналар олиш зарурияти туғилган тақдирда, маҳсус разведка тоғ лаҳимлари ўтишга тўғри келади.
М и н е р а л т а н а л а р н и н г ў л ч а м л а р и – бу ҳам тоғ лаҳимлари ёки бурғулаш ишларини қўлланишини аниқловчи муҳим омиллардан биридир. Тана шаклларига боғлиқ равишда разведка усулларини танлаш тўғрисида қилинган юқоридаги ҳулосалар фақат ўртача ўлчамга эга бўлган объектлар учун адолатли. Айрим фойдали қазилмалар танасининг миқёси қанча катта бўлиб борса, бурғулаш қудуқларини қўллаш учун шунча қулай шароит туғилади, ҳатто у мураккаб қувурсимон тана бўлса ҳам, катта ўлчамга эга бўлса, бурғулаш қудуқлари ёрдамида разведка қилиниши мумкин.
Кўриб чиқилган коннинг ҳусусиятларига боғлиқ бўлган учта муҳим омилларга баъзи ҳолларда тўртинчиси қўшилади. Бу омил к о н н и н г ё т и ш ч у қ у р л и г и дир. Фойдали қазилмалар ер сатҳига нисбатан анча чуқурликда жойлашган ҳолларда разведканинг бурғулаш усули тоғ лаҳимлари усулига нисбатан анча катта аҳамият касб этади, чунки улар орасидаги муҳим фарқ, айнан катта чуқурликга кириб бориш тезлигида ва ишнинг баҳосида ифодаланади. Энг қийин, ўтиши секин ва қиммат бўлган разведка лаҳими тури бу разведка шахтасидир, шунинг учун конлар чуқурликда ётганда бурғулашнинг биринчи босқичида ҳатто минераллашув ўта нотекис тарқалган ва бурғулаш қудуқларидан олинадиган маълумотлар тоғ лаҳимлари маълумотларига нисбатан анча ишончсиз бўлсада, қўлласа бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |