ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕРМЕРЛАРИГА
МУРОЖААТИ
Навоий – 2018 йил
ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕРМЕРЛАРИГА МУРОЖААТИ
Ҳурматли фермерлар!
Жорий йилнинг 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш муҳокама қилиниб, мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” деб эълон қилинди.
Машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига етиштириладиган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддилари, сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа олим-агрономлари билан биргаликда, барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ва масъулиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Сабаби, бу йил баҳор фаслининг нисбатан салқин ва қуруқ келиши пахтачиликда жиддий муаммоларни келтириб чиқариб, ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу давридагига қараганда анча орқада қолмоқда. Бу эса экин парваришига жиддий эътибор қаратишни, айниқса, культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларга қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.
Тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткаткашлари ҳозирги ўта масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этади.
Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тақдирини замин билан боғлаган миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди
. Ахир, қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан “тарихий қарор” дея эътироф этилган мазкур ҳужжатга биноан, унумдорлиги паст, охирги 3 йил давомида мобайнида гектаридан 15 центнердан кам ҳосил олинган ерларга пахта жойлаштирилмайдиган бўлди. Бундан ташқари, пахта ва бошоқли дон харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб 2 бароварга оширилиши баробарида, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини, тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилди.
Шунингдек, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Давлат бюджетидан судбсидиялар ҳисобидан қопланиши белгиланиб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътибори қалбимизга олам-олам қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим!
Do'stlaringiz bilan baham: |