Марказий бошқарув1
Вилоят бошқаруви
Туман бошқаруви
4. Шаҳар бошқаруви
а) туман шаҳарлари идораси
б) Тошкент шаҳри идораси
5. Қишлоқ бошқаруви
Вилоятлар бошқаруви1 ҳарбий губернатор ва вилоят бошқармаси томонидан амалга ошириб борилган. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳарбий губернатор ҳарбий ва ҳарбий фуқаролик хусусиятига эга бўлган. Ҳарбий губернатор қошида амалдорлар ва вилоят бошқармаси мавжуд бўлиб, вилоят бошқармасига ҳарбий губернаторнинг ёрдамчиси раислик қилган. Бу ёрдамчи ҳарбий губернатор билан келишилган ҳолда император ёрлиғи билан вазифасига тайинланган ва озод этилган. Ҳарбий губернатор бўлмаган пайтларда унинг вазифасини ёрдамчиси бажарган.
Вилоят бошқармаси учта бўлим – фармон берувчи, хўжалик ва суд бўлимларидан иборат бўлган. Бўлим бошлиқлари генерал-губернатор томонидан тайинланган ҳамда вазифасидан озод этилган. Уездларни уезд бошлиқлари идора қилган. Улар генерал-губернатор тавсиясига биноан олий ёрлиқ билан вазифасига тайинланган ва озод этилган. Уезд бошлиқлари маъмурий ва полиция вазифасини бажарган ҳамда қонунлар ижроси устидан назорат қилган.
Маҳаллий бошқарув кўчманчи аҳолини бошқариш ва ўтроқ аҳолини бошқаришга бўлинган. Ҳар бир уезддаги кўчманчи аҳоли вилоятларга, волостлар эса овулларга бўлинган. Волост (бўлис)лар – волост бошқарув-чилари, овуллар эса оқсоқоллар томонидан бошқарилган. Вилоят бошқарувчилари ва унга номзодлар ҳарбий губернатор томонидан, овул оқсоқоли ва унга номзодлар уезд бошлиғи томонидан тайинланган. Волост бошлиғи полиция ва маъмурий ҳокимиятни амалга оширган. Ўтроқ аҳолини бошқариш қишлоқларда маъмурий ва полиция ваколатларига эга бўлган оқсоқоллар томонидан амалга оширилган. Ўтроқ аҳоли уездларда волостларга, волостлар эса қишлоқ жамоалари (оқсақолликлар)га бўлинган.
1886 йилги “Низом” га кўра, Туркистон ўлкасини бошқариш қуйидагича бўлинган:
1. Бош бошқарма.
2. Турли тармоқларнинг алоҳида қисмларини бошқариш.
3. Маҳаллий маъмурий бошқарув: вилоят – уезд –волост – қишлоқ.
4. Суд бошқаруви.
Туркистон генерал-губернатори ҳузурида Кенгаш, махсус топшириқларни бажариш учун амалдорлар, таржимон ва девонхона мавжуд бўлган. Кенгаш ваколатларига барча қонунчилик масалалари, генерал-губернатор топширган вазифаларни кўриб чиқиш кирган. Аммо у, ўлкани умумий бошқариш бўйича маслаҳат овозига эга бўлган.
Уезд бошқаруви бўйича Амударё бўлими алоҳида мақомга эга бўлган. Амударё бўлими бошлиғи уезд бошлиғи мақомига эга бўлиб, маъмурий ва полиция бошқаруви унинг ихтиёрида бўлган. Бўлим бошлиғи ҳузурида ёрдамчи ва девонхона мавжуд бўлган.
Волост бошлиқлари ва уларнинг ёрдамчилари аҳоли томонидан уч йилга сайланган ҳамда ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган. Волост бошқарувчилари суд ҳукмларини ижро этган, аҳолининг келиб-кетишини назорат қилган ҳамда солиқларнинг ўз вақтида йиғилишини таъминлаган.
1867 йилги “Муваққат Низом” га кўра, Туркистон ўлкасининг суд ва полиция тизими – ҳарбий суд, империянинг умумий қонунлари асосида суд ва халқ судидан иборат бўлган бўлса, 1886 йилги “Низом” га кўра, уларга ўзгартиришлар киритилиб, қуйидагича бўлган: судлов палатаси, округ судлари, қўшимча мировой (сулҳпарвар) судьялар, фахрий мировой судьялар.
Маҳаллий аҳолининг судлари алоҳида тартибга асосан тузилиб, халқ судлари деб номланган. Халқ судлари алоҳида рус судларига тегишли ишлардан ташқари содир этилган ишларни, бирор халқ судига тегишли бўлган ҳамда рус ҳужжатлари асосида бўлмаган фуқаролик ишларини кўриб чиққан. Халқ судлари – халқ томонидан сайланиб қўйилган бийлар томонидан амалга оширилган. Улар ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган. Ўтроқ аҳоли учун қози судлари амал қилган бўлиб, улар аҳоли томонидан сайланган ҳамда ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган.
Туркистон ўлкасида вилоят ва уезд (туман) бошқармалари шаҳарларда жойлашган. Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Андижон, Марғилон, Наманган, Ашхобод, Чимкент, Жиззах, Каттақўрғон кабилар мавқега эга бўлган асосий шаҳарлар эди. Шаҳарлар ичида генерал-губернаторликнинг сиёсий, маъмурий ва маданий маркази бўлган Тошкент шаҳрига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, 1865 йилда генерал – майор Романовский рус зобитлари ва амалдорлари учун шаҳарнинг шарқий қисмидан жойни танлади ва қисқа муддат (1866-1868 йй.) рус аҳолиси яшайдиган “Янги шаҳар” барпо этилди.
1868 йил 27 февралда Тошкентнинг “Янги шаҳар” қисмида ҳарбий – халқ бошқармаси тузилиб, статистик маслаҳатчи Россицкий унинг бошлиғи этиб тайинланди. Ушбу бошқарманинг дастлабки қарорига кўра Тошкентнинг “Янги” қисмида қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилди:
1. Режа тузиш, уй қуришга ер ажратиш, кўча ва майдонлар барпо этиш.
2. Солиқлар ва турли тушумларни тартибга келтириш ҳамда ундириш, шунингдек, шаҳарнинг даромад ва харажатлар сметасини тузиш.
3. Шаҳар ирригация тизими ва ободончилигини бошқариш.
Маълумки, 1870 йилда Россиянинг ички губернияларида “Шаҳар низоми” қўлланила бошланган эди. Сирдарё вилояти бошқармасининг умумий раёсати 1872 йилда Тошкентда ҳам ушбу низомни қўллаш масаласини кўтариб чиқди. Шунга кўра, “Шаҳар низоми” ни мустамлака бошқарув маъмурияти манфаатларига мос равишда ўзгартириш, қўшимчалар киритиш асосида Тошкентда жорий этиш учун лойиҳа тайёрланди. Ушбу лойиҳа махсус комиссия томонидан атрофлича муҳокама этилган бўлса-да, бу масала 1877 йилдагина ҳал бўлди. Таъкидлаш лозимки, Россия империясида шаҳарга оид иккита низом (1870, 1892 йй.) қабул қилинган бўлиб, улар Туркистон ўлкасининг Тошкент ва Верний (Алмати) шаҳарларидагина қўлланилиб, бошқа шаҳарларга жорий этилмаган.
1877 йилда Тошкент шаҳар Думаси ташкил этилиб, Сирдарё ҳарбий губернатори бошчилигида махсус ҳайъат тузилади. Ҳаёъат сайловчилар рўйхатини тузиш, шаҳар жамоатчилик бошқарувига сайлов ўтказиш бўйича иш олиб борди. Сайловда 25 ёшга тўлган, шаҳарда кўчмас мулки бўлган рус фуқаролари, савдо ва косибчилик гувоҳномалари бўйича шаҳар солиғини тўлайдиган, қарзлари бўлмаган ва судланмаган шахслар иштирок этишлари мумкин бўлган. Думада овоз берувчилар сони 72 кишидан ошмаслиги керак эди. Уларнинг учдан бир қисми маҳаллий аҳоли, қолгани эса “Янги шаҳар”да истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари бўлиши шарт эди.
Сайловлар тўрт йилда бир марта бўлиб ўтган ва унда асосан савдогарлар, йирик саноат корхоналари ҳамда уй эгалари иштирок этган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, янги ташкил этилган Дума биринчидан, шаҳарни мустамлакачилар қўлида сақлаб туришни, иккинчидан, Думага сайланган маҳаллий аҳоли вакилларини ҳокимият таянчига айлантиришни мақсад қилиб қўйган эди.
Генерал – губернатор томонидан тайинланган Тошкент шаҳри бошлиғи бир вақтнинг ўзида Дума раиси ва шаҳар ҳокими (ҳоким тўра) вазифаларини ҳам бажарган. Шаҳар ҳокими вазифасини турли йилларда қуйидаги шаҳар бошлиқлари бажарганлар:1
В.Ю.Мединский – 1874-1877 йй.
Е.Т.Пукалов – 1877-1883 йй.
С.Р.Путинцев – 1884-1890 йй.
А.Т.Тверитинов – 1891-1898 йй.
И.А.Ладиженский – 1898-1901 йй.
В.Ф.Киселёв – 1901-1904 йй.
В.Н.Рибушин – 1904-1905 йй.
С.Р.Путинцев – 1905-1907 йй.
Н.Г.Маллицкий – 1907-1917 йй.
Туркистондаги мустамлака бошқаруви 1898 йилгача “ҳарбий-халқ бошқаруви”, ундан кейин эса “маъмурий полиция бошқаруви” деб аталган бўлса ҳам унинг моҳияти мазмунан ўзгармаган. Барча ваколатлар аввало, генрал-губернатор, қолаверса, у бошчилигидаги рус маъмурияти қўлида тўпланган бўлиб, Россия империяси Ўрта Осиёда ўзбек давлатчилиги ва бошқарувининг барча кўринишларини бутунлай йўқотиш ва русча идора усулини қатъий жорий этиш бўйича изчил фаолият олиб борди. Маъмурий бошқарув тизими ана шу мақсадга қаратилиб, бунинг учун барча чоралар кўрилган эди.
Туркистон ўлкасида 1867 йилдан 1917 йилгача ўн бешта генерал – губернатор ҳукмронлик қилган бўлиб1, улар қуйидагилар эди:
К.П.Кауфман – 1867-1882 йй.
М.Г. Черняев – 1882-1884 йй.
Н.О. Розенбах – 1884-1888 йй.
А.Б.Вревский – 1889-1898 йй.
С.М. Духовский – 1898-1901 йй.
Н.А. Иванов – 1901-1904 йй.
П.Н. Тевяшов – 1904-1905 йй.
Д.И. Суботич – 1906 й.
Н.И. Гродеков – 1907-1908 йй.
П.И. Мишенко – 1909 й.
А.Б. Самсонов – 1909 -1913 йй.
Флуг, Мартсон ва Ерофеевлар – 1913-1916 йй.
А.Н. Куропаткин – 1916-1917 йй.
Чор Россияси маъмурлари ўзларининг Туркистондаги мустамлакачиликка асосланган мақсадларини кенг қўламда амалга ошириш учун ўлкани руслаштириш сиёсатига алоҳида эътибор берганлар. Маълумотларга кўра, Туркистонда очилган давлат муассасалари, судлар, банклар ва бошқа ташкилотларда иш юритиш фақат рус тилида олиб борилган. Маҳаллий аҳоли (асосан бойлар, савдогарлар, қозилар ва оқсоқоллар) нинг болаларини рус тилига ўргатиш учун рус – тузем мактаблари очилган. Бундан кўзланган асосий мақсад чоризм маъмуриятига садоқатли амалдорларни тайёрлаш ва келажакда “сиёсий аҳамиятга эга бўлмаган бошқарув ишларигагина маҳаллий аҳолини жалб қилишдан ” иборат эди.
Х1Х асрнинг охирларига келиб Туркистон генерал-губернаторлигининг умумий майдони 1.738.918 кв.км.ни ташкил этган. 1897 йилги биринчи Бутунроссия аҳолини рўйхатга олишнинг тўла бўлмаган маълумотларига кўра, Туркистон генерал-губернаторлигининг бешта вилояти аҳолиси қуйидагича эди:
Каспий бўйи вилояти – 383 минг киши.
Самарқанд вилояти – 860 минг киши.
Сирдарё вилояти – 1.478 минг киши.
Фарғона вилояти – 1.572 минг киши.
Етттисув вилояти – 988 минг киши.
Жами – 5.281 минг киши1.
Россия статистика бошқармасининг 1914 йилда тўплаган маълумотларига кўра бу кўрсаткич 6.492.604 кишидан иборат бўлган. Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Туркистон генерал-губернаторлигининг учта вилояти (Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона) да аҳоли зич яшаган.
Туркистон аҳолисининг умумий миқдорида ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва қорақалпоқлар кўпчиликни ташкил этган. Фоиз ҳисобида улар қуйидагича бўлган:
Ўзбеклар
|
35,7
|
қозоқлар ва қирғизлар
|
44,66
|
Туркманлар
|
4,98
|
Тожиклар
|
6,73
|
Қорақалпоқлар
|
2,26
|
Руслар
|
3,75
|
бошқа халқлар
|
2,15
|
Ўлкадаги рус, украин ва белорус аҳолисининг сони 1897 йилда 197.240 киши бўлган бўлса, 1911 йилда уларнинг сони 406.607 кишига етган. Бундан ташқари, Туркистон аҳолисининг этник таркибини татарлар, бошқирдлар, грузинлар, арманлар, латишлар, литваликлар, поляклар, қошғарликлар, уйғурлар, таранчилар, форслар, ҳиндлар, курдлар, афғонлар кабилар ҳам тўлдирганлар.
Туркистон генерал-губернаторлигининг қишлоқ жойларида маҳаллий аҳолининг 86 фоизи, маҳаллий бўлмаган аҳолининг 17 фоизи яшаган бўлса, шаҳарларда маҳаллий аҳолининг 14 фоизи маҳаллий бўлмаган аҳолининг эса 83 фоизи яшаган. Шаҳар аҳолисининг улуши Тошкент, Қўқон, Верний, Андижон, Самарқанд, Марғилон каби йирик савдо-саноат ва маъмурий-сиёсий марказларда нисбатан юқори бўлган.
Туркистон Россия тожидаги бебаҳо жавоҳир эканлигини қайта-қайта таъкидлаган чоризм маъмурлари, кўрилаётган чора-тадбирлар ўлкада мустаҳкамланиб олиш учун етарли эмаслигини билиб, бу ерга Россиянинг марказий районларидан “ортиқча” нотинч аҳолини кўчириш сиёсатини олиб бордилар. Чоризм турли йўллар ва воситалар билан маҳаллий халқларнинг ерларини рус мужиклари фойдасига мусодара қилишга уринди. Ерга солиқлар миқдорини ҳаддан ташқари ошириб юбориш ана шундай воситалардан бири бўлди. Натижада аҳоли ўз ерларини сотишга ёки ундан бутунлай воз кечишга мажбур бўлди.
Россиядан Туркистонга “ортиқча” аҳолини кўчириш чоризм учун бу ерда стратегик жиҳатдан мустаҳкамланиб олиш, мустамлакачилик тартибларини ўрнатиш, ўлкада таянч пунктларини кучайтириш учун зарур эди. Дастлаб русларни Туркистонга кўчириб келтириш сиёсати мажбурий амалга оширилган. Кейинчалик, ихтиёрий кўчиб келувчиларнинг сони тобора кўпайиб борган. Расмий маълумотларга кўра, кўчиб келганларнинг 43,1 фоизи мол-мулксиз, 37,8 фоизи пулсиз эдилар. Кўчиб келган деҳқонларга ўртача 38,8 сўм миқдорда пул берилган.
Марказий Россиядан Туркистонга доимий яшаш учун кўчиб келувчиларнинг сони йилдан – йилга кўпайиб борди. Жумладан, манбаларга кўра 1875 йилдан 1890 йилгача Туркистонга 1300 та оила кўчирилиб, 19 та рус қишлоғи пайдо бўлган бўлса, 1891-1892 йиллар Россияда очарчилик кучайган вақтда бу қишлоқларнинг сони 25 тага етди. Х1Х асрнинг охирларида ўлкада 116 та рус посёлкалари қурилиб, уларда 70.745 киши яшаган бўлса, ХХ аср бошларига келиб, Туркистондаги рус аҳолисининг сони 197.420 кишига етган.
Туркистон ўлкасида русийзабон аҳолига жуда кўплаб имтиёзлар берилган бўлиб, бундай имтиёзлар маҳаллий аҳолига тегишли бўлмаган. Рус мустамлакачилик тартиблари, идора услуби ва руслаштириш сиёсатидан норозилик қуйи маъмурият сайловларида очиқдан – очиқ сиёсий чиқишлар шаклида намоён бўлди. Мустамлака шароитидаги миллий ва синфий тенгсизлик ҳамда рус ишчиларининг имтиёзлари ва уларнинг маҳаллий ишчилардан кескин фарқланувчи ҳукмрон мавқеи, чоризмнинг руслаштириш сиёсати, кўчириб келтирилган рус аҳолисига маҳаллий аҳоли ерларининг бўлиб берилиши миллий – озодлик ҳаракатларига сабаб бўлган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |