Туркистон ўлкасининг маъмурий-ҳудудий бошқаруви. Аҳолиси. Россия империяси Ўрта Осиё хонликларини босиб олганидан сўнг бу ҳудудлапрда кўп асрлардан буён шаклланиб, мавжуд бўлиб келган, ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг диний ҳамда маҳаллий хусусиятларини ўзида акс эттирган бошқарув тизими ўрнига империя манфаатларига хизмат қилувчи бошқарув тартиблари ўрнатилади. Маълумки, 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилиб, унинг генерал-губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаролик ҳокимиятини бирлаштирган. Генерал-губернатор бир вақтнинг ўзида подшо ноиби, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Еттисув казак қўшинлари атамани, бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини ҳам ўтаган. Генерал-губернатор император томонидан тайинланган ва вазифасидан озод этилган бўлиб, у ҳарбий вазирга бўйсунган.
Туркистон генерал-губернаторлиги бошқарув тизими марказий, вилоят, уезд (туман), участка (волост), шаҳар, қишлоқ ва овул бошқаруви шаклларидан иборат эди. Генерал-губернаторлик дастлабки ташкил этилган пайтда иккита – маркази Тошкент бўлган Сирдарё ва маркази Верний (Олмаота) бўлган Еттисув вилоятларидан иборат бўлган. Сирдарё вилояти ҳудудига аосан илгари Туркистон вилоятига тегишли бўлган ерлар ва Қўқон хонлигининг босиб олинган шимолий ҳудудлари кирган. Еттисув вилояти эса Семипалатинск вилоятининг Сергиопол, Копал ва Алатавск округи ҳудудлари ҳамда Туркистон вилоятининг бир қисмидан иборат ҳудудларда ташкил этилган.
Сирдарё вилояти маъмурий жиҳатдан Казалинск, Перовск, Туркистон, Чимкент, Авлиёота, Тошкент, Хўжанд, Жиззах уездларига бўлинган бўлса, Еттисув вилояти Сергиопол, Копаль, Верний, Иссиқкўл ва Тўқмоқ уездларига бўлинган. Россия ҳукумати янгидан босиб олинган ерлар ҳисобига Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига қўшимча маъмурий – ҳудудий бирлик ташкил этиб борган. Жумладан, 1868 йилда Бухоро амирлигига қарашли босиб олинган ерларда маркази Самарқанд бўлган Зарафшон округи, Хива хонлигига қарашли ерларни босиб олиш ҳисобига 1874 йилда маркази Петро-Александрович (Тўрткўл) бўлган Амударё бўлими, 1876 йилда Қўқон хонлиги ҳудудларида маркази Янги Марғилон (Скобелев, Фарғона) бўлган Фарғона вилояти ташкил этилган эди.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурий-ҳудудий жиҳатдан Сирдарё, Еттисув, Самарқанд, Фарғона ва Каспийорти (Закаспий) вилоятлари ҳамда Амударё бўлимидан иборат эди. Вилоятлар уездларга бўлинган бўлиб, улар қуйидагилар эди: Сирдарё вилояти – Авлиёота, Казалинск, Қурама, Перовск, Туркистон, Чимкент; Тошкент шаҳри марказ сифатида генерал-губернаторга бўйсунган; Амударё бўлими ҳам Сирдарё таркибида бўлган; Еттисув вилояти – Верний, Копал, Жаркент, Лепсин, Пишпек, Пржевалск, Тўқмоқ; Фарғона вилояти – Андижон, Қўқон, Марғилон, Наманган, Ўш, Чуст ва Чимён; Самарқанд вилояти – Самарқанд, Каттақўрғон, Хўжанд ва Жиззах; Каспийорти (Закаспий) вилояти – Манғишлоқ, Красноводск, Ашхобод, Тажан ва Марв уездлари.
Do'stlaringiz bilan baham: |