254. ТФҚ нинг 249 бандига мувофиқ, станция навбатчисига, марказлаштирилган диспетчерлик билан жиҳозланган участкаларда эса поезд диспетчерига поезд жўнатиш маршрути тайёрлиги, стрелкалар ёпиқлиги, жўнатиш маршрута стрелкаларида маневрлар тўхтатилгани, таркибнинг тижорат кўриги ва техник хизматдан ўтганига ишонч ҳосил қилмасдан чиқиш светофорларини очиш ёки перегонни эгаллашга бошқа рухсат бериши тақиқланади. Поездларни уларни тузиш станцияларидан, поезд таркибига вагонлар уланган ёки узилган станциялардан ёки поезд охирги қисмини белгиловчи сигнал дискларини алмаштириш кўзда тутилган станциялардан жўнатилишида станция навбатчиси чиқиш светофорни очишдан ёки локомотив, махсус ўзиюрар таркиб машинистига перегонни эгаллашга рухсатнома беришдан аввал сўнгги вагонда поезд сигналининг мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Локомотив йўловчи поезд учун берилганда ёки локомотив бригадаси алмашганда депо (бригадалар алмашиш пункти) бўйича навбатчи станция навбатчисига локомотивга бир машинист хизмат кўрсатаётгани хақида локомотив рақами, машинист фамилияси ва унинг ишга келган вақтини қўшиб хабар қилади.
Станция навбатчиси ушбу маълумотларни поездлар ҳаракати журналига киритади ва уларни поезд диспетчерига хабар қилади.
Поезд диспетчери ушбу хабарни қабул қилгач, ўз участкаси станциясига қайд этилувчи буйруқ узатади ва кетиб бориш маршрутидаги қўшни участка поезд диспетчерига қуйидаги шаклда хабар беради:
«___________ станциясидан жўнатилаётган № _______ поездга бир машинист томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Хавфсиз ўтишини таъминланг. ДНЦ _________».
Станциянинг техникавий-бошқарув актида ушбу поездларнинг қабул қилиш ва ўтказиш йўллари кўрсатилади.
Марказлаштирилмаган стрелкали станцияларда поездларни жўнатишда станция навбатчиси, стрелкали постларнинг катта навбатчилари ва стрелкали постлар навбатчилари маршрутларни тайёрлашнинг қуйидаги тартибига риоя қилишлари шарт.
Станция навбатчиси жўнатиш маршрутига кирувчи барча стрелкали постлар катта навбатчиларини (катталарининг навбатчилиги ташкил этилмаган бўлса, стрелкали пост навбатчиларини) чақириб, уларга маршрутни тайёрлаш хақида фармойиш беради.
Станция навбатчисининг кўрсатмасига биноан стрелкали пост навбатчиларидан бири, бошқаларининг телефон олдида ҳозирлигида ушбу фармойишни такрорлайди, бошқа барчалар эса унинг тўғрилигини "Тўғри" деб тасдиқлайдилар. Фармойиш тўғри тушунилганига ишонч ҳосил қилиб, станция навбатчиси уни "Бажарилсин" сўзи билан тасдиқлайди.
Маршрутни тайёрлаш хақидаги фармойишни қабул қилиб, стрелкали постларнинг катта навбатчилари уни ижро этиш учун дарҳол ўз ҳудудидаги стрелкали постлар навбатчиларига узатишлари ва тўғри қабул қилинганлигига ишонч ҳосил қилишлари шарт.
Жўнатиш маршрутини тайёрлаш ва станция навбатчисига маршрутнинг тайёрлигини хабар қилиш билан боғлиқ барча операциялар қабул қилиш маршрути учун белгиланган тартибдаги каби амалга оширилади.
Станция навбатчиси жўнатиш маршрути тўғри тайёрланганлигига ишонч ҳосил қилиб, перегон бўшлигида ва зарур ҳолатларда қўшни станция навбатчисининг розилигини олиб, чиқиш светофорини очади ёки машинистга перегонни эгаллаш учун бошқа усул (радио алоқа орқали буйруқ, ёзма рухсатнома ёки жезл) билан рухсат беради.
Сигнали ўрнатилган поездларни станциянинг техникавий-бошқарув актида кўзда тутилган жойларида стрелкали пост навбатчилари поездларни қабул қилишдаги каби тартибда жўнашини кузатишлари шарт. Таркибига маршрутнинг охирги чиқиш стрелкаси кирган стрелкали пост навбатчиси поездни кузатиб, охирги вагонда сигналлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг, станция навбатчисига поезд тўлиқ таркибда жўнатилганлигини хабар қилади.
Поезд жўнатилгандан сўнг стрелкалар нормал ҳолатга, йўл банд бўлса, бўш йўл йўналишида ўрнатилади.
255. Поездни жўнатиш учун чиқиш светофори очилгандан сўнг станция навбатчиси маршрутни ўзгартириш ва бошқа поездни жўнатиш учун маршрут тайёрлаш хақида кўрсатма бериш хуқуқига эга эмас.
Бундай ҳаракат фавқулотда ҳолатларда чиқиш светофори ёпилиб, чиқиш сигнали очилган поезд локомотивининг машинисти огоҳлантирилганида ва белгиланган маршрут бекор қилинганидан сўнг амалга оширилиши мумкин.
256. Станциядан бир йўналишда ҳаракатланувчи бир неча поезд кетма-кет жўнатилганда станция навбатчисига, поездлардан бири учун маршрут тайёрлиги тўғрисидаги хабарни қабул қилганидан сўнг стрелкали постлар навбатчиларига кейинги поезд учун маршрутни тайёрлаш хақида кўрсатма беришга рухсат этилади. Бундай ҳолатда биринчи поезд тўлиқ таркибда жўнатилгандан сўнг дарҳол иккиничисини жўнатиш учун маршрут тайёрланади. Биринчи поезд маршрутига кирмайдиган стрелкалар олдиндан ўрнатилиши ва ёпилиши мумкин. Иккинчи поездга маршрут тайёрлиги хақидаги хабар станция навбатчисига биринчи поезд жўнатилганлиги тўғрисидаги маълумот билан бир пайтда узатилади.
257. Қарама-қарши йўналишдаги поездлар йўли кесишган ҳолларда поездни қабул қилиш маршрути тайёрлиги тўғрисидаги хабарни олган станция навбатчисига қарама-қарши йўналишдаги поезд маршрутини (поезд келганидан сўнг) тайёрлаш тўғрисида стрелкали постлар навбатчиларига кўрсатма беришга рухсат этилади. Бундай ҳолатда поезд тўлиқ таркибда етиб келганидан сўнг қарама-қарши йўналишда жўнайдиган поезд учун маршрут тайёрланади. Келаётган поезд маршрутига кирмайдиган стрелкалар олдиндан ўрнатилиб, ёпилиши мумкин. Жўнатиш маршрути тайёрлиги хақида хабар станция навбатчисига поезд келганлиги тўғрисидаги маълумот билан бир пайтда узатилади.
258. Фақат поезд қабул қилинганида стрелкалар ҳолатини назорат қилинишини таъминлайдиган маршрут-назорат қурилмалари мавжуд станцияларда ушбу қурилмалар имкони борича жўнатиш маршрутларида ҳам стрелкалар ҳолатини назорат қилиш учун қўлланилиши лозим. Бундай ҳолатларда станция навбатчиси стрелкали постларга жўнатиш маршрутини тайёрлаш хусусидаги фармойишни узатгандан ва фармойиш ижро этилгандан сўнг тайёр маршрутда блок-очколар ва маршрут дастаклар бўйича стрелкалар тўғри ўрнатилганлигини поездни ушбу йўлга қабул қилиниши учун текширади.
Маршрут-назорат қурилмалари имкони борича нотўғри йўлдан ҳаракатланаётган поездларни қабул қилишда ҳам (тескари маршрутларни блокировка қилиш билан) стрелкалар тўғри ўрнатилганлигини назорат қилиш учун қўлланиши лозим.
259. Поезд станция йўлларидан чиқиш светофорининг тақиқ кўрсатмасида, шунингдек, чиқиш светофори бўлмаган йўллардан жўнатилганда перегонни эгаллаш учун ёзма рухсатномага эга етакчи локомотив машинистига: станция навбатчисининг радио алоқа орқали узатган кўрсатмаси; станция навбатчиси томонидан ёки унинг кўрсатмаси бўйича пост, парк навбатчиси, марказлаштириш пости оператори, стрелкали пост навбатчиси ёки бош кондуктор (поезд тузувчиси) томонидан берилган жўнаш сигналисиз поездни ҳаракатга келтириш тақиқланади. Жўнаш сигналини бериш тартиби станциянинг техникавий-бошқарув актида кўрсатилади.
Маршрутни тайёр эканлигига белгиланган тартибда ишонч ҳосил қилмасдан туриб, станция навбатчисига поездни жўнаши учун машинистга радио алоқа орқали қайд этилувчи буйруқ бериш ёки поезд жўнашига ёзма рухсатнома тақдим этиш тақиқланади.
Станция навбатчиси (станция ходими) машинистга ёзма рухсатнома тақдим этилганидан сўнг унга радио алоқа орқали жўнаш тўғрисида кўрсатма узатиши (жўнаш сигнали бериши) лозим.
Чиқиш светофорида таклиф чироғи ёнганидан ёки радио алоқа орқали қайд этилувчи буйруқ берилганидан сўнг станция навбатчисининг поездни жўнаши учун қўшимча кўрсатма ва сигнал бериши талаб қилинмайди.
Поезд йўл хати (қоғози) ёки диагонали бўйлаб бир ёки икки қизил полосали оқ рангли бланкадаги рухсатнома (мувофиқ равишда ДУ-50, ДУ-64, ДУ-56 шаклларидаги бланклар) бўйича жўнатилганида жўнатиш маршрутини туташтириш учун станция навбатчиси чиқиш светофорида рухсат кўрсатмасини очиши мумкин. Бундай ҳолатда чиқиш светофорини очишдан аввал станция навбатчиси радио алоқа орқали ёки бошқа усул билан машинистда перегонни эгаллаш учун ёзма рухсатнома борлигига ишонч ҳосил қилиши лозим.
260. Стрелкалари марказлаштирилмаган станциядан поезд тўхтамасдан тўғри ўтказилганида станция навбатчиси ва стрелкали пост навбатчилари поездни қабул қилиш ва жўнатишда белгилангани каби маршрутларни тайёрлаш ва уларнинг тайёрлиги хақида хабар бериш тартибига риоя қилишлари шарт.
Бундай ҳолатда маршрутни тайёрлаш ва уни тайёрлиги хақида хабар бериш пайтида поездни ҳаракат маршрутига кирувчи барча стрелкали постлар катта навбатчилари (катталари тайинланмаган бўлса, навбатчилари) телефонда ҳозир бўладилар.
261. Жадал ҳаракатли участкаларда станциядан бир йўналишда ҳаракатланаётган бир неча поезд бир маршрут бўйлаб қисқа вақт оралиғида ўтганда, биринчи поездни ўтиши учун маршрут тайёрлиги тўғрисида хабарни олган станция навбатчиси ушбу маршрутга кирадиган стрелкаларни ўтказишни тақиқлаш ва уларни ёпиш хақида кўрсатма беради.
Бундай ҳолатда стрелкали пост навбатчиларига биринчи поезд ўгганидан сўнг ҳаракат маршрутига кирадиган стрелкаларни ўтказиш тақиқланади. Ҳар бир кейинги поездга кириш ва чиқиш светофорини очилиши тўғрисида станция навбатчиси стрелкали пост навбатчиларини хабардор қилиши, улар эса поездларни белгиланган тартибда кутиб олишлари ва кузатиб қўйишлари шарт.
Қабул қилиш йўлининг бўшлигига станция навбатчиси шахсан ёки поезд ортидаги сигналлари билан тўлиқ тартибда етиб келганлиги ва жўнаганлигини хабар қилувчи кириш ва чиқишдаги стрелкали пост навбатчиларининг хабари орқали ишонч ҳосил қилади.
262. Автоматик блокировка билан жиҳозланган участкаларда поездларни станция орқали тўхтамасдан тўғри ўтиши учун кириш, чиқиш ва маршрут светофорлари автоматик ишлашга ўтказилганда уларнинг рухсат кўрсатмаси нормал ҳисобланади. Кириш, маршрут ва чиқиш светофорлари автоматик ишга ўтказилганлиги хақида станция навбатчиси марказлаштириш ижро пости операторларини, сигналчиларни ва стрелкали постлар навбатчиларини хабардор қилиши лозим. Бундай ҳолатда ушбу ходимлар станция навбатчисининг алоҳида кўрсатмасини кутмасдан ҳар бир поездни белгиланган жойда кутиб олишлари ва кузатиб қўйишлари шарт ва барча аниқланган меъёрдан четлашувлар хақида дарҳол станция навбатчисига хабар қилишлари, ҳаракат хавфсизлиги ёки одамлар хаётига хавф солувчи носозликлар аниқланганда эса поездни тўхтатиш чораларини кўришлари лозим.
263. Вагонлар қолаётган йўлдан поезд жўнатилаётган ҳар бир ҳолатда поезд таркиби ва ушбу вагонлар орасида камида 5 м масофа қолдирилиши лозим. Жойида қолаётган вагонлар кетиб қолишини олдини олиб ишончли маҳкамланиши керак.
Бу операцияларни бажариш тартиби станциянинг техникавий-бошқарув актида кўрсатилади.