КИРИШ СВЕТОФОРИНИНГ ТАҚИҚ КЎРСАТМАСИДА ПОЕЗДЛАРНИ СТАНЦИЯГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ
264. ТФҚ нинг 240 бандига мувофиқ, кириш светофорининг асосий чироқлари ўчган вақтда ёки тақиқ кўрсаткичида поездни станцияга қабул қилиш ман этилади. Кириш светофорининг асосий чироқлари ўчган вақтда ёки тақиқловчи кўрсатгичида поездни станцияга қабул қилиш поездлар ҳаракати ва маневр ишлари бўйича Йўриқномада кўзда тутилган тартибга кўра ва алоҳида ҳолатлардагина таклиф сигнали, станция навбатчисининг махсус рухсатномаси билан амалга оширилиши мумкин. Таклиф сигнали ёки станция навбатчисининг махсус рухсатномаси билан станцияга қабул қилинаётган поезднинг ҳаракат тезлиги 20 км/соат дан ошмаслиги керак, бунда машинист поездни эътиборлик билан ҳайдаши ва ҳаракат қилишга тўсиқ пайдо бўлса, дарҳол тўхташга шай туриши керак. Кириш (маршрут) светофорининг тақиқ кўрсатмасида поездни станцияга қуйидаги ҳолатларда қабул қилишга рухсат этилади:
а) носозлиги сабабли кириш светофорини очишни иложи бўлмаса;
б) поезд станцияга техникавий-бошқарув актида кўзда тутилмаган йўлга қабул қилинаётган бўлиб, кириш светофорини очишни имкони бўлмаса;
в) йўлнинг маълум қисмларига сурувчи локомотивлар, станция ҳудудида жойлашган депога кетаётган локомотивлар, деподан поезд таркибларига қараб кетаётган локомотивлар қабул қилинганида;
г) станция йўлларининг бўш участкаларига (йўловчи поездлар банд этган йўллар бундан истисно) тиклаш ва ўт ўчириш поездлари, ёрдамчи локомотивлар, вагонсиз локомотивлар, қор тозалагичлар, махсус ўзи юрар ҳаракат таркиби, шунингдек, хўжалик поездлари (перегон ёпилиб ишлар бажарилганда) қабул қилинганида.
265. Кириш (маршрут) светофорининг тақиқ кўрсатмасида поездлар станцияга қуйидагиларга асосан қабул қилинади:
а) машинистга радио алоқа орқали узатиладиган станция навбатчисининг қайд этилувчи буйруғи бўйича;
б) кириш светофори ёнида ўрнатилган махсус телефон орқали узатиладиган станция навбатчисининг қайд этилувчи буйруғи бўйича;
в) таклиф сигнали бўйича;
г) станция навбатчисининг ёзма рухсатномаси бўйича;
д) поезд диспетчерининг қайд этилувчи буйруғи бўйича (марказлаш-тирилган диспетчерликда);
е) кириш светофорининг мачтасида ўрнатилган махсус маневр светофорининг кўрсатмаси бўйича.
Кириш светофорининг тақиқ кўрсатмасида (ёки кириш светофори бўлмаганда) нотўғри йўлдан ҳаракатланаётган поездлар ҳам станцияга худди шу тартибда қабул қилинади. Кириш (маршрут) светофори тўсатдан тақиқ кўрсатмасига ўтганида буни илғаган машинист поездни кириш светофоридан ўтилгандан сўнг тўхтатганида ҳам мазкур рухсатлар қўлланади.
Юқорида санаб ўтилган рухсатномалардан исталган бири фақат станция навбатчиси қабул қилиш маршрути тайёрлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина машинистга узатилиши мумкин.
Кириш светофорининг тақиқ кўрсатмасида поездни станцияга қабул қилиш тўғрисида машинистга узатиладиган буйруқлар ушбу Йўриқноманинг умумий қоидалари 8 бандида белгиланган тартибда қайд этилади.
Кириш (маршрут) светофорининг тақиқ кўрсатмасида ва нотўғри йўл бўйлаб поездларни станцияга қабул килишда ходимларнинг ҳаракат тартиби станциянинг техникавий-бошқарув актида кўрсатилади.
266. Кириш (маршрут) светофорида (қабул қилиш парки ёки йўлининг) маршрут кўрсаткичини ёқишнинг имкони бўлмаса, поезд станцияга кириш (маршрут) светофорининг тақиқ кўрсатмасида, машинистга носоз маршрут кўрсаткичидан ўтиш учун қўшимча рухсатнома бермасдан қабул қилинади. Бундай ҳолатларла машинист станцияга ўта эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиши лозим.
Ўзгарувчан ва доимий токдаги электр тягалар туташган, шунингдек, йўл кенглиги турлича бўлган йўллар бириккан станцияларда носоз кириш (маршрут) светофоридан ўтиш тартиби ДАТК раиси томонидан тасдиқланадиган йўриқномаларда белгиланади.
267. Кириш светофорининг тақиқ кўрсатмасида поездни қабул қилиш тўғрисидаги станция навбатчисининг радио алоқа орқали қайд этилувчи буйруғи қуйидаги шаклда узатилади: