Биринчидан, мустақил эркин фикрлаш илмий ижоднинг атрибути, ўзаги бўлишини қайта қарор топтириш, бу ҳуқуқни дадил ҳимоя қилиш керак.
Иккинчидан, танқид, ўзини ўзи танқид, очиқ эркин фикр, қизғин холис баҳс илмий давраларнинг муҳим хислати бўлсин.
Учинчидан, фалсафа ҳеч қачон абсолют билишга даъвогар бўлмаган “билмаслигини билиш” унинг шиоридир. Айнан шу уни тинмай мавжуд фикрлар ва постулатлардан қониқмай янги ва янги изланишларга ундайди.
Тўртинчидан, барча ижтиоий-гуманитар йўналишдаги талабаларга “Ўзбек миллий фалсафаси” фанини ўқитишни тавсия қилган бўлар эдик.
Бешинчидан, мавжуд гносеологик, онтологик қарашлар ва эмпирик тажрибаларни тўплаш, “Ўзбек фалсафий мероси” кўп томлик сериясини чоп эттиришга киришиш даркор.
Бугун жаҳон фалсафаси инсон онги ва онг остидаги ҳодисалар, глобаллашув жараёни ва тараққиёт инсониятнинг оламга, коинотга, ўзига бўлган муносабатига қанчалик таъсир кўрсатаётганини тадқиқ қилмоқда.
Менинг фикримча, миллий фалсафамиз қуйидаги асосларга қурилади ва шунга мувофиқ илмий назариялар, концепциялар яратилади:
Ўзбек халқ оғзаки ижоди: эпослар (“Алпомиш”, “Гўрўғли” туркуми), эртаклар, қўшиқлар ва бошқалар.
Қадимги ва мумтоз адабиётимиз: “Авесто”, Ўрхун-Энасой битиклари, “Девони луғотит-турк”, “Қутадғу билиг” асарлари, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мунис, Огаҳий, ва бошқаларнинг шеърияти, эпик достонлари.
Илмий-тарихий меросимиз: Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Наршахий, Абдураззоқ Самарқандий, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Шомий, Хондамир, Ҳофиз Таниш Бухорий, Мунис, Огаҳийнинг фалсафа, табиий фанлар ва тарих соҳаларидаги рисолалари.
Диний-тасуввуфий меросимиз: Қуръони каримнинг туркий тилдаги тафсирлари, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳиббон Самарқандий ва бошқаларнинг ҳадис тўпламлари, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий, Сўфи Оллоҳёрнинг тасаввуф назариясига доир рисолалари, шунингдек, туркий тилда битилган фиқҳий асарлар.
Хулоса қилиб айтганда, бугун барча илм-фан соҳалари умумийлик касб этмоқда. Фанлар ўзаро бирлашиб кетмоқда. Ўзбек фалсафаси вакиллари жаҳонда юз бераётган ҳар бир илмий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий воқеликларга ўзларининг мустақил қарашларини билдириши лозим. Бу қарашларга эса биз юқорида санаб ўтган манбалар асос пойдевор бўлиши айни муддао бўлур эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |