1) детерминант, яъни ашёвий-амалий келишмовчиликлар ва
2) шахсий прагматик манфаатлар ўртасидаги тафовутлар кўринишида майдонга чиқади.
Можароларнинг келиб чиқишига ўзаро англашилмовчиликлар ҳам сабаб бўлади. Бу айтилган талабнинг, буйруқнинг маъноси суҳбатдош учун мувофиқ эмаслигидир. Бу ҳол уларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва биргаликда ҳаракат қилишлари учун тўсқинлик туғдиради.
Одамлар мулоқот жараёнида тил бирликларидан ташқари турли хил нолисоний воситалардан: имо-ишоралар, кулгу, оҳанг ва бошқалардан ҳам фойдаланадилар. Имо-ишора, оҳанг, тўхташ (пауза), кулгу, йиғи, кўз қарашлар, юз ифодалари ва бошқалар коммуникациянинг нутқсиз воситалари бўлиб, улар мулоқот жараёнини янада кучайтириб, уни тўлдиради, баъзан эса нутқли мулоқотдан ҳам кучлироқ мазмун ифодалайди.
Мулоқотнинг интерактив томони кишиларнинг мулоқот жараёнидаги биргаликдаги фаолиятида бир-бирларига бевосита амалий жиҳатдан таъсир этишларини таъминлайди. Шу туфайли одамлар ҳамкорликда ишлаш, бир-бирларига ёрдам бериш, бир бирларидан ўрганиш, ҳаракатлар мувофиқлигига эришиш каби қатор қобилиятларини намоён қилишлари мумкин. Аслини олганда, ҳар қандай мулоқот, агар у бемаъни, мақсадсиз, қуруқ гаплардан иборат бўлмаса, доимо суҳбатдошларнинг ҳулқ-атворларини, уларнинг ўй-фикрларини ўзгартириш имкониятига эга.
Жамият миқёсида одамларнинг турли вазиятларда ўзларини тутишлари, ҳулқ-атворларининг бошқарилиши маълум психологик қонуниятларга боғлиқлигини кўриш мумкин. Бунга сабаб, жамиятда қабул қилинган турли меъёрлар, қонун-қоидалардир. Зеро, ўзаро мулоқот ва ўзаро таъсир жараёнларида шундай хатти-ҳаракатлар одати кишилар онгига сингиб қоладики, уларни ҳар бир киши меъёр сифатида қабул қилади.
Турли ролларни бажараётган шахсларнинг ўзаро мулоқотлари кутишлар тизими орқали бошқарилади. Масалан, хоҳлайдими ёки йўқми, ҳар бир одамдан маълум ҳаракатларни кутиладики, улар унинг айни пайтдаги ижтимоий ролига зид бўлмаслиги керак. Масалан: ҳар бир одамнинг одоби, ўз касбининг устаси эканлиги, бошқаларни тушуна олиши, уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иш тутиши унинг тактга эга эканлигининг белгисидир. Тактсиз одам эса, бунинг аксидир.
Мулоқотнинг яна бир томони – унинг перцептив томонидир. Яъни мулоқот жараёнида одамлар бир-бирлари билан маълумотлар алмашиниб, ўзаро таъсир кўрсатибгина қолмай, балки бир-бирларини тўғрироқ ва аниқроқ англашга, тушунишга ва идрок қилишга ҳаракат қиладилар. Бу томон шахсий идрок ва тушуниш муаммоси билан боғлиқдир. Биргаликдаги фаолият жараёнида одамларнинг бир-бирларини тўғри тушунишлари ва аниқ идрок қилишлари мулоқотнинг самарали бўлишини таъминлайди.
Одамларнинг бир-бирларини идрок қилиш механизмлари борасида қатор психологик қонуниятлар мавжуд. Бундай механизмлар фанда идентификация, рефлексия ва стереотипизация деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |