2. Асосий воситаларни тан олиш
Асосий воситалар объекти актив сифатида қуйидаги ҳолларда тан олиниши керак:
(а) актив билан боғлиқ бўлган келгуси иқтисодий нафлар корхона томонидан олиниши эҳтимоли юқори даражада деб тасдиқланганда; ва
(б) корхона учун активнинг таннархи ишончли баҳоланиши мумкин бўлганда.
Асосий воситалар кўпинча барча активларни асосий қисмини ташкил қилади, шунинг учун унинг молиявий ҳолатини тақдим этишда муҳим аҳамиятга эга.Бундан ташқари, сарфларни актив ёки харажат сифатида тавсифлаш, корхона томонидан тақдим этилаётган фаолият натижаларига муҳим равишда таъсир этиши мумкин.
Асосий воситалар объекти тан олишнинг биринчи шартига жавоб берадиган тақдирда корхона дастлабки тан олиш вақтига мавжуд далиллар асосида, актив билан боғлиқ бўлган келгуси иқтисодий нафни олинишининг эҳтимоллик даражасини баҳолаши керак. Ушбу иқтисодий нафларни олиш эҳтимоли юқори бўлганда корхона актив билан боғлиқ манфаатларни ва таваккалчиликларни ўз зиммасига олиши аниқ бўлишини талаб этади. Бундай аниқлик ушбу манфаатлар ва таваккалчиликлар корхонага ўтгандагина мавжуд бўлади. Ушбу вақтга қадар активни олиш билан боғлиқ операция аҳамиятли бўлмаган жарима чоралари билан бекор қилиниши мумкин, шунинг учун актив тан олинмайди.
Тан олишнинг иккинчи шарти осонлик билан бажо келтирилади, чунки активларни сотиб олинганлиги тўғрисида далил бўлган айирбошлаш операцияси натижасида унинг қиймати аниқланади. Актив ўз кучи билан барпо этилган тақдирда унинг баҳоси материалларни сотиб олиш билан боғлиқ ташқи томонлар билан операциялар, иш кучи ва қурилиш жараёнида амалга оширилган бошқа харажатлар асосида аниқланади.
Энг муҳим бўлган бухгалтерия ҳисоби тамойилларидан бири, яъни мувофиқлик тамойилига биноан, асосий воситаларнинг қиймати уларни тахмин қилинаётган фойдаланиш муддати давомида, бу активлар фойда келтирадиган ҳисобот даври мобайнида тенг равишда тақсимланиши керак. Бу жараён амортизация (эскириш) деб аталади. Унинг вазифаси - узоқ муддатга фойдаланадиган моддий активлар қийматини тахмин қилинаётган хизмат муддати давомида қўлланиладиган тизимли ва оқилона ёзувлар асосида тақсимлаш, яъни бу баҳолаш эмас, тақсимлаш жараёнидир. Бу таърифда бир нечта жиддий ҳолатлар бор. Активларнинг хизмат муддатини чекланганлигининг иккита асосий сабаблари мавжуд: жисмоний эскириш (фойдаланиш натижаси, активдан фойдаланиш, ҳамда табиий омилларнинг таъсири); маънавий эскириш (активлар замонавий талабларга мос келмайди). Амортизация миқдорини ҳисоблашга таьсир қилувчи омиллар: бошланғич қиймати, қолдиқ қиймати, амортизация қилинаётган қиймат, тахмин қилинаётган фойдаланиш муддати.
Фойдали хизмат муддати аниқланишда турли омиллар ҳисобга олиниши керак, масалан технологик ўзгаришлар, меъёрий сифат ўзгаришлари, ҳақиқий жисмоний фойдаланиш, активни фойдаланиш қобилиятига ҳуқуқий ва бошқа турдаги чекловлар. Эскиришни ҳисоблаш усули вақт функцияси сифатида (масалан, технологик ўзгаришлар, меъёрий сифат ўзгаришлари) ёки ҳақиқий жисмоний фойдаланишнинг вазифаси сифатида белгиланади.
Эскиришни ҳисоблаш харажатларни тақсимлаш стратегиясини назарда тутганлиги туфайли, у амортизацияланаётган активнинг қийматини акс эттириши шарт эмас. Шундай қилиб, фойдали хизмат муддати чексиз бўлган ердан ташқари, барча моддий асосий воситалар бўйича эскириш ҳисобланиши шарт, ҳаттоки агар уларнинг номинал ёки ҳаққоний баҳоси ошиб кетганда ҳам (баъзида айниқса умумий инфляция даврида содир бўладиганидек).
Биноларга ўхшаш бир нечта элементлардан иборат бўлган мураккаб активлар турли фойдали хизмат муддатларга эга бўлиши мумкин, шунинг учун улар турли ҳисобварақларда акс эттирилади ва ҳар бир элемент учун эскиришни ҳисоблаш муддатлари алоҳида аниқланиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |