6. Хоразмшоҳлар давлати ва ҳуқуқи.
Ўзбекистон давлатчилиги тарихида ривожланган ўрта асрлар давлатларидан яна бири Ануштагинийлар сулоласи ҳукмронлиги давридаги Хоразмшоҳлар сулоласидир.
Хоразмни 1040 йилдан Салжуқ султонлари томонидан тайинланган ҳокимлар бошқарган. Ана шундай турк ҳокимларидан бири ануштагинийлар сулоласи асосчиси Ануштагин Гарчои (1077-97) эди. 1097 йилда Ануштагин вафотидан кейин Хуросон ноиби Додбек Ҳабаший унинг ўғли Қутбиддин Муҳаммад (1097-1127)ни Хоразм ноиби қилиб тайинлаб, унга хоразмшоҳ унвонини беради. Қутбиддин Муҳаммаднинг адолатли ва садоқатли хизмати эвазига Султон Санжар (1118-57) унинг ўғли отсиз (1127-56)ни Хоразм тахтига тайинлайди. Дастлаб, султон Санжарга садоқат билан хизмат қилган Отсиз 1130 – йиллар охирларида Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб, мустақил Хоразмшоҳ давлатини тузишга ҳаракат қилиб, унинг билан тинимсиз уруш олиб боради.. Отсиз вафотидан кейин тахтга ўтирган Эл Арслон (1156-72) маҳаллий ҳокимлар ва қорахитойларга қарши кураш олиб боради. Унинг ворислари Султоншоҳ Муҳаммад (1172) ва Алоуддин такаш (1172-1200) ҳокимият учун 1193 йилга қадар ўзаро кураш олиб боради.. такаш ўз вориси Муҳаммад Хоразмшоҳга (1200-20) марказлашган мустаҳкам давлат ва ташкилий жиҳатдан қудратли қўшинни мерос қолдирган бўлса, унинг ўз сўзлари билан айтганда, ўғли Жалолиддин Мангуберди (1220-31)га пароканда салтанатни мерос қилиб қолдирди. 1231 йилда Жалолиддин Мангуберди вафоти билан хоразмшоҳ унвони ҳамда салтанатни бошқарган сулолалар ҳам якун топади.
Давлат бошқаруви.
Салтанатнинг энг олий лавозими вазирлик бўлиб, улар Садр, Хўжайи-бузрук ва Низомумулк унвонлари билан юритилган. Вазир фақат олий ҳукмдор олдида ҳисобдор бўлган. Салтанатнинг барча амалдорлари ва ҳарбий бошлиқлари ҳам вазирга итоат қилганлар, унинг олдида ҳисобдор бўлганлар
Султон муҳаммад Хоразмшоҳ ўз подшолигининг сўнггида саройда яна бир олий маҳкама, яъни вакиллар Кенгаши номи билан юритилган давлат Кенгаши таъсис этади. Кенгаш ишида олий олий ҳукмдордан бошқа яна тажрибали, билимли 6 та вакил иштирок этади. Давлат кенгашида энг долзарб масалалар муҳокама этилиб, қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Хоразмшоҳлар давлатида улуғ хожиб, амир охур, амир шикор, мутасарриф, тошдор, қиссадор, давлатдор, фаррош, амир ул-алам каби юқори лавозимлар ҳам бўлган.
Хоразмшоҳлар давлатида давлат ҳокимияти марказлашган ва такомиллашган бошқарув тизимига эга бўлган. Маҳаллий ва марказий ҳокимиятнинг кенг ваколатли маҳкамалари ёрдамида мамлакат идора қилинган. Давлатнинг маҳаллий ҳокимият органлари марказий ҳокимиятнинг кучли назорати остида бўлган.
Катта ҳудудда марказлашган йирик сиёсий бирликнинг вужудга келиши туфайли давлатнинг сиёсий мавқеи ортди, унда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожланди, шаҳарлар юксалди.
Do'stlaringiz bilan baham: |