Давлат бошқаруви
Давлат бошлиғи аввал амир, сўнгра султон (Маҳмуд Ғазнавийдан бошлаб(998-1030)) ва шоҳ (Баҳромшоҳдан бошлаб (1118-52)) деб аталганлар. Ғазнавийлар давлатида саройда туркийча, адабиётда форсча ва расмий ёзишмаларда арабчадан фойдаланилган.
Ушбу давлатда бошқарув тизими ўзининг мураккаблиги билан диққатни жалб этади. Бошқарув тизимининг марказида даргоҳ ва девонлар (вазирликлар) турган. Даргоҳга олий ҳукмдор фаолияти билан боғлиқ хизматлар ва амаллар кирган. Ғазнавийлар даврида ҳожиблик хизматининг ўрни алоҳида эътиборга лойиқ.1 Даргоҳ фаолиятида сипоҳдор (сарой хизматчиси), давотдор (олий ҳукмдорнинг ҳужжатларини юритувчи), падардор (маҳрам; хуфия ишларни бажарувчи), мартабадор (саройдаги ўрта амалдор), хазиначи, жома хона ва фаррош каби мансаб ва хизматларнинг ўрни катта бўлган.
Девонлар ижроия идоралари бўлиб, ўша давр манбаларида қуйидаги девон номлари учрайди:
1. Девон-и Вазират – бош вазир девони; Унинг бошлиғи Вазир ҳисобланган. У молия ҳамда умумий бошқарувнни назорат қилган
2. Девон-и Арз – ҳарбий ишлар девони; Ушбу девон мудофаа вазирлиги бўлиб, бошлиғи Ариз ёки Соҳиб-и Девон-и Арз бўлган. Қўшиннинг эҳтиёжларини ва армияни жанговарлиги таъминлаш, қўшин сонини билиш ва керакли вақтда бу ҳақда маълумотни султонга етказиш, султон сафарларини ташкил қилиш каби вазифаларни бажарган. Ғазнавийлар давлати қудратли ҳарбий қўшинга эга эди. Олий қўмондонлик ҳукмдорнинг ихтиёрида бўлган. Бош қўмондон – сипосолар эса сулоланинг энг ишончли вакили ёхуд шу хонадон аъзоси ҳисобланган. Мас., Маҳмуд ғазнавий сипоҳсолар мансабига укаси Муҳаммад Юсуфни лойиқ топган. Юқори даражадаги ҳарбий лашкарбошилар салор, ўрта даражадагилари сарҳанг дейилган. Ҳарбийлар ўз почта-хабар ва қозилик хизматларига эга бўлган. Ғазнавийлар қўшинида ҳарбий кемалар (дарё ва денгиз флоти) ҳам мавжуд эди. Ушбу давлатда қўшин тўрт қисмдан ташкил топган: а) Суворийлар; б) Пиёда аскарлар; в) Султоннинг хосс бирликлари; г) Филлардан ташкил топган.
3. Девон-и Рисолат ёки Иншо – элчилик ва бошқа расмий тадбирларни юритиш девони. Ушбу девонга ҳукуматга иши бўлган фуқаролар ҳам мурожаат қилишган;
4. Девон-и Ишраф – давлатнинг махфий хабарлашма ташкилоти бўлиб жуда ривожланган.
Вилоят бошлиғини волий деганлар ва уни олий ҳукмдор тайинлаган. Вилоятлардаги бошқарув ишларини – амид олиб борган. Шаҳар бошлиғини раис деб атаганлар. Шаҳар миқиёсида шиҳна, кутвол (қалъа коменданти), соҳиби девон (маъмурий бошқарувчи) каби амалдорлар ҳам фаолият кўрсатганлар
Do'stlaringiz bilan baham: |