ДАВОЛАШ
Режа:
15.1. Санчиқ синдроми билан кечадиган касалликларнинг сабаблари,
таснифи ва асосий синдромлари.
15.2. Ўткир ошқозон кенгайиши билан касалланган отни қабул қилиш
ва даволаш тартибини тузиш.
Машғулотнинг максади: Студентларга «санчиқ синдроми» билан кечадиган касалликларнинг сабаблари, таснифи ва асосий синдромлари тўғрисида тушунча бериш, санчиқлар билан касалланган отни қабул қилиш ва даволаш тартибини ўргатиш.
Керакли асбоб-ускуна ва жихозлар: Отларни фиксация қилиш аслаҳалари, санчиқлар ҳақидаги жадваллар, лаборатория жиҳозлари, спазмолитик, оғриқ қолдирувчи дорилар, дезинфекцияловчи эритмалар, гипертоник эритма, отлар учун бурун-қизилўнгач зонди, Эсмарх кружкаси, тампонатор.
Машғулотнинг бориши: Колик (Colica) –безовталаниш билан ўтадиган санчиқ маъносини англатиб, бу гуруҳга ошқозон ва ичакларнинг кўп касалликлари киради ҳамда ошқозон-ичакларда озиқа массасининг тўхтаб қолиши, ҳазм трактининг моторикаси, сўрилиш ва секретор функцияларининг бузилиши билан ўтади. Бу касалликлар асосан бир туёкли ҳайвонларда ва баъзан бошқа ҳайвонларда учрайди.
Санчиқларнинг асосий сабабларидан бири организмда шартли рефлекслар стереотипининг бузилиши оқибатида марказий асаб тизими бошқарувчанлик хусусиятининг бузилиши ҳисобланади. Бунда вегетатив асаб тизимининг қўзғалувчанлиги ўзгаради, яъни симпатик ёки парасимпатик асаб тизимларининг қўзғалувчанлиги тормозланишига нисбатан кучли бўлади (дисфункция). Бу ўзгаришлар асосан ички аъзолар, яъни ошқозон ва ичакларда юз бериши мумкин.
Бундай сабабларга кўп миқдордаги сифатсиз озиқаларнинг берилиши, ҳайвонларни озиқлантириш, суғориш ва ишлатиш режимининг бузилиши, ташқи муҳит паст ҳароратининг умумий ва маҳаллий таъсири, олдинги чарви артериясида делафондия паразитларининг ривожланиши оқибатида қўёшсимон тугуннинг аневризими ва функциясининг бузилиши, ҳаво босими ва намлигининг ўзгаришлари оқибатида висцеро-висцерал ва сенсор-висцерал патологик рефлексларининг пайдо бўлиши ва бошқалар киради.
Ушбу омиллар таъсирида ошқозон ва ичаклардаги мотор, секретор ва сўрилиш функциялар рефлектор равишда бузилади, натижада сфинктрлар ва ичакларнинг айрим бўлакларида кучли спазм (спастик санчиқлар) кузатилади. Мотор фаолиятининг бузилиши эса ичак баъзи қисмларининг зўриқиши ва озиқа массасининг туриб қолиши, ачиш-бижғиш жараёнларининг ва газлар пайдо бўлишининг кучайишига олиб келади. Деворлар таранглашиб, интерорецепторлар қитиқланади (дистензион санчиқлар), чарвилар тортилиб таранглашади (чарви санчиқлари) ва қорин пардасидаги рецепторлар таъсирланади (перитониал санчиқлар). Аутоинтоксикация ҳамда организмнинг сувсизланиши (дегидратация) кузатилади. Жигар фаолияти бузилади. Қон қуюқлашиб, босими кўтарилади, ацидоз, тахикардия, ҳансираш каби ўзгаришлар кузатилади.
Санчиқлар Г.В.Домрачевнинг таснифлаши бўйича: ошқозон санчиқлари (ошқозоннинг ўткир ва сурункали кенгайиши), перитонитсиз кечадиган ичак санчиқлари (катарал спазм, метеоризм, химостаз ва копростаз, ичакларнинг тош, конкремент ёки гельминтлар билан тиқилиб қолиши) ва перитонит билан ўтадиган ичак санчиқлари (ичакларнинг туюлиши, буралиши, инвагинацияси, тромбоэмболияси пайтида келиб чиқадиган механик илеуслар) гуруҳларига бўлинади.
А.В.Синевнинг таснифлаши бўйича: механик ва динамик илеуслар фарқланади.
Динамик илеуслар келиб чиқишига кўра, спастик ва паралитик илеусларга бўлинади. Спастик илеусларга ошқозон кенгайиши, энтералгия, ичак метеоризми, паралитик илеусларга химостаз ва копростаз киради.
Механик илеуслар обтурацион (ичак каналининг тошлар, ёт нарсалар ёки гельминтлар билан тиқилиши), стронгуляцион (ичак бурамларининг тешикларга кириб қисилиб қолиши, ўралиб тушиши, баъзан ичак деворининг ташқарига буртиб чиқиши, ичак деворининг бир-бирига кийишиб қолиши - инвагинацияси, стенозлар, ичакнинг бўралиб қолиши), гемостатик (ичак артерияларининг тромбоэмболияси оқибатида келиб чиқадиган) илеусларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |