Кампирчопондан заҳарланиш (Триходесматоксикоз). Кампирчопон (триходесма седая, Trichodesma inkanum) - кўп йиллик ўсимлик бўлиб, тоғ, тоғолди ва суғориладиган ерларда ўсади. Кампирчопонга сезгирлик бўйича чўчқа ва паррандалар. отлар, қорамол ва қўйлар туради. Заҳарланиш кўп ҳолларда ёппасига тус олиб, инсонлар ҳам касалланади.
Сабаблари. Заҳарланишнинг манбаи буғдой, арпа донлари, дағал озиқалар (похол, сомон) бўлиб, унинг донлари ва вегетатив қисмлари аралашиб қолишидан заҳарланиш кузатилиши мумкин. Йил қурғоқчилик келганда яйловларда ўтган йилдан қолган кампирчопоннинг вегетатив қисмларини истеъмол қилган қўйлар ҳам заҳарланади. Ҳайвонлар одатда ўсиб турган кампирчопонни истеъмол қилмайди.
Ривожланиши. Кампирчопон таркибида триходесмин, инканин ва N - оксид инканин алкалоидлари бўлиб, уларнинг миқдори кампирчопоннинг уруғида 3,5 %, ветегатив қисмларида 1 % гача бўлиши мумкин. Ўткир заҳарланишда ҳазм трактига тушган кампирчопон уларнинг яллиғланишига, қонга сўрилгач, қон айланишининг бузилиши, шиллиқ пардаларда қон қуюлиши ва ўпка шишига сабаб бўлади.
Сурункали заҳарланишда ички аъзоларнинг яллиғланиш-дистрофик ўзгаришлари (гастроэнтерит, гепатодистрофия, гепатоцирроз ва нефроз), бош мияда қоннинг димиқиши ва шишлар кузатилади. Ретикулоэндотелий ҳужайраларининг кучли таъсирланиши оқибатида ўпкада, мускулларда бириктирувчи тўқиманинг жадал ўсиши қайд этилади. Бош мияда энцефалит ёки энцефалопатия ривожланади.
Белгилари. Триходесмаотоксикознинг ўпка ва асаб-жигар шакллари фарқланади. Ўпка шаклида кечганда енгил безовталаниш, экспиратор ҳансираш, нафас чиқаришда қовурғалар орасининг ичкарига чўқиши, юрак уришининг бироз кучайиши ва иккинчи тоннинг жарангдор (акцентли) эшитилиши аниқланади. Нафас зўриққан бўлиб, темирчи босқонинг товушини эслатади. Иштаҳа сақланган, касалликнинг охирига келиб кучайган бўлсада, кучли ариқлаш кузатилади. Тана ҳарорати физиологик меъёрлар чегарасида бўлади.
Триходесматоксикознинг асаб-жигар шаклида ҳолсизланишнинг кучайиб бориши ва кейинчалик сопороз ҳолати характерли бўлади. Ҳайвон оғзида чайналмаган озиқа осилиб турган ҳолатда бошини пастга қилиб туради (оглиум). Шиллиқ пардалар оқарган ва кучсиз сарғайган, жигарнинг чегараси катталашган бўлади. Касаллининг охирига келиб, ҳайвоннинг ташқи таъситротларга жавоб реакцияси, иштаҳа ва сув қабўл қилиш бўтунлай йўқолади, ётиб қолади ва ўлими кузатилади.
Чўчқаларда триходесмотоксикоз ўткир кечади. Заҳарланишнинг бошланишида қўзғалиш, иштаҳанинг йўқолиши, ихтиёрсиз ҳаракатлар, қонли ич кетиши, қўсиш, қонъюнктиванинг қизариши, нафаснинг кучайиши ва қийинлашиши қайд этилади. Касалликнинг 2-3- кунларида экспиратор ҳансираш, кўзнинг ва қорин терисининг қизариши, маҳаллий ҳароратининг кўтарилиши ва оғриқли бўлиши, бурундан қонли, кўпикли оқмалар оқиши, қон ёки шилимшиқ аралаш ич кетиши ва ўпка шиши туфайли кузатиладиган асфиксия оқибатида ўлим қайд этилади.
Қорамол ва қўйларда заҳарланиш сурункали тарзда кечади ва кучайиб борувчи ҳолсизланиш, ариқлаш, иштаҳанинг ўзгариб туриши, бўйин терисида бурмалар, туёқлар орасида яраларнинг пайдо бўлиши характерли бўлади. Қўйларнинг эрта баҳорда яйловларда заҳарланиши қон ва шилимшиқ аралаш суюқ ич кетиши, нафаснинг зўриқиши, тахикардия, қонъюнктиванинг қизариши билан ўтади. Заҳарланган қўйлар ҳолсизланади, сурувдан қолиб кетади, ётиб қолади ва худди ухлаётгандек ҳолатда ўлиб қолади.
Товуқ ва куркаларда ич кетиши, ҳолсизланиш, ҳаракатнинг чегараланиши, иштаҳанинг йўқолиши, тож ва сирғаларнинг кўкариши ҳамда интоксикация оқибатида ўлим кузатилади. Заҳарланган ҳайвонлар қонида эритропения, олигоцитемия, нейтрофилия ёки нейтрофилли лейкоцитоз, ЭЧТ нинг кучайиши, сурункали кечганда шулар билан бир қаторда гипергликемия ва билирубинемия қайд этилади.
Заҳарланиш чўчқа ва паррандаларда ўткир (3-4 кун), от, қорамол ва қўйларда сурункали тарзда (бир неча ҳафтадан бир ойгача) кечади.
Do'stlaringiz bilan baham: |