Сабаблари. Бир хил рационда боқиш, сифатсиз, замбуруғлар билан зарарланган озиқаларнинг берилиши, антибактериал препаратларни назоратсиз равишда қўллаш оқибатида пиридоксиннинг ошқозон олди бўлимлари ва юғон ичаклардаги микробиал синтезининг бузилиши.
Ривожланиши. Моддалар алмашинувида коферментлар ҳисбланган пиридоксалнинг фосфорилланган ҳосиласи (пиридоксальфосфат) ва пиридоксамин (пиридоксаминфосфат) иштирок этади. Пиридоксин липидларнинг синтези ва оксидланиши, тўқималарга етказиб берилиши ва тўпланишини бошқаришда қатнашади.
Пиридоксиннинг етишмовчилигида аминокислоталар алмашинуви, оқсиллар ва липидлар синтези издан чиқади. Бу жараёнлар озиқалар сарфининг ортиши, ўсиш ва ривожланишдан қолиш билан кечади. Метаболизмнинг бузилиши оқибатида ҳосил бўлган маҳсулотлар барча аъзо ва тўқималарга ёмон таъсир кўрсатади, оқибатда тери, паренхиматоз аъзолар ва асаб тизимида дистрофик ва дегенератив узгаришлар кузатилади. Бош мияда глютамин кислотаси тўпланиб қолади ва натижада бош мия ярим шарлари қўзғалувчанлигининг ортиши эпилептик қалтироқларга сабаб бўлади. Липид алмашинувининг бузилиши тўйинмаган ёғ кислоталари ишлатилишининг ёмонлашиши, жигарнинг ёғли инфильтрацияси ва дистрофияси билан ўтади. Пиридоксиннинг етишмовчилиги қондаги гемоглобин миқдорининг камайиши, оксидланиш жараёнларининг сусайиши ва ҳужайраларда газлар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади.
Белгилари. Касаллик секинлик билан ривожланади. Семизликнинг пасайиши, ёш ҳайвонларда ўсиш ва ривожланишдан қолиш, шиллиқ пардалар анемияси кузатилади. Кейинчалик чўчқаларда иштаҳанинг ўзгариши, ўт суюқлиги аралаш қайд қилиш, ич кетиши, тери қопламасининг ҳурпайган, дағал бўлиши, тери бурмалари ва кўздан экссудат ажралиши ва унинг қотиб қолишидан жигарранг тусдаги қобиқларнинг ҳосил бўлиши, терининг қуруқлашиши, елка, қорин соҳаси ва кукрак терисида яраларнинг ҳосил бўлиши характерли бўлади. Касал ҳайвонларда атаксия, эпилептик тутқаноқ, қалтироқ ва конвульсия кузатилади.
Микроцитар гипохром анемияга хос белгилар сифатида эритроцитларнинг кичиклашиши, ва таркибидаги гемоглабиннинг камайиши қайд этилади. Ёғли гепатоз ҳамда жигар циррозига хос белгилар кузатилиши мумкин.
Ташхис. Организмда тиамин, рибофлавин, филлохинон, аскорбин, никотин кислотаси, цианокобаламин каби витаминлар етишмовчилиги, гипокальциемик ҳамда гипомагниемик тетания, бошқа сабабли дерматитлардан фарқлаш лозим.
Даволаш. Рациондаги В6 витаминига бой озиқалар кўпайтирилади, этиотроп даволаш воситалари сифатида пиридоксин сақловчи препаратлар оғиз орқали ёки мускул орасига: чўчқаларга - 50-200 мг, бузоқларга - 50-400, итларга - 20-80 мг, кунига 1 марта 10-12 кун давомида. Отларга пиридоксин мускул орасига 500 мг ҳафтасига 2-3 марта инъекция қилинади. Даволашда шунингдек, никотин, фолат кислотаси ва бошқа витаминлар қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |