Сийдик ҳайдовчи дорилар (диуретиклар) - деб сийдик ажралиши ва чиқарилишини кучайтирувчи дориларга айтилади. Бу дорилар сийдик ажралишининг камайиши ёки бутунлай тўхташи билан кечадиган касалликлар (анурия, иситма, сийдик айириш аъзоларининг фалажи) пайтида, организмда ҳосил бўлган суюқлик ва шишларни қайта сўрдириш мақсадларида қўлланилади.
Сийдик хайдовчи дорилардан фойдаланишда қўйидаги мақсадлар кўзда тутилади:
- сийдик жоми ва халтасидаги қум, йиринг, ёки зардобли экссудатни чиқариш учун сийдик йўлларини ювиш;
- юрак нуқсонлари ва бошқа касалликлар оқибатида пайдо бўлган шишларни қайта сўрилтириш;
- буйракнинг касалликлари пайтида;
- юрак касалликлари пайтида унинг ишини енгиллаштириш мақсадида.
Сийдик хайдовчи дорилар таъсир механизмига кўра буйракда секрецияни кучайтирувчи (кофеин, диуретин, меркузал), қон босимини оширувчи (юрак гликозидлари), қитиқловчи ва буйракларда фаол гиперемия чақирувчи (скипидар, можжевельник меваси, горчица), буйракларда диффузияни кучайтирувчи тузлар (калий салицилат, калий ацетат, натрий салицилат ва б.) ва умумий таъсирга эга дорилар (уротропин) гуруҳларига булинади.
Нефрит (Nephritis) - буйракларнинг юқумли-аллергик табиатдаги яллиғланиши бўлиб, жараён асосан тўпчалардаги қон томирларда кечади ва қисман оралиқ тўқимага ҳам ўтади. Асосан ит ва чўчқалар касалланади.
Сабаблари. Бирламчи нефритлар: сенсибилизацияловчи сабаблар - озиқлантириш, яшаш шароитлари, совуқда қолиш ва б., иккиламчи нефритлар - манқа, оқсил, юқумли анемия, лептоспироз, контагиоз плевропневмония каби юқумли касалликлар пайтларида ёки нефротоксинлар (метаболитлар, ишқорий моддалар, скипидар, дёгат, бузилган озиқалар, минерал ўғитлар ва бошқа моддалар) дан заҳарланишлар оқибатида кузатилади.
Белгилари. Иштаҳанинг пасайиши, ҳароратнинг кўтарилиши, буйракларнинг пальпацияда оғриқли бўлиши кузатилади. Касал ҳайвон букчайиб, кам ҳаракат қилади. Қорин, кўкрак, сон, қовоқлар, хикилдоқ соҳасида шишлар пайдо бўлади. Ич кетиши, қайд қилиш, чанқоқнинг кучайиши, қон босимининг 210 мм симоб устунигача кўтарилиши қайд этилади. Пульснинг қаттиқ, зўриққан ва сусайган бўлиши, чап қоринча гипертрофияси, аускультацияда 2-тон акценти кузатилади. Диастолик тон кучаяди. Оғир пайтларда галоп ритми, юракнинг толиқиши оқибатида кичик доирада қоннинг димиқиши, веноз босимнинг 300 мм сув устунигача ошиб кетиши характерли бўлади. Шиллиқ пардалар кўкимтир бўялади. Ҳансираш, хириллаш, юзаки йўтал каби бронхит ва бронхопневмония белгилари пайдо бўлади.
Касаллик бошида ҳайвон тез-тез сийдик ажратиш позасини қабул қилади. Олигурия, анурия, сийдикнинг лойқа, оч-қизил ёки қўнғир рангда бўлиши, зичлигининг юқори ва таркибида эритроцитлар, лейкоцитлар, каналча эпителийлари, цилиндр ва тузларнинг кўп бўлиши ва реакциясининг кислотали бўлиши характерли белгилар ҳисобланади.
Қон суюлган, унинг зичлиги пасайган ва таркибидаги глобулинлар миқдори кўпайган бўлади. Қолдиқ азот миқдори 500-1000 мг % гача ошади. Эритроцит ва гемоглобин миқдори камаяди. Лимфоцитоз, итларда моноцитоз қайд этилади. Қонда индикан кўпайиши билан уремия белгилари пайдо бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |