Терминларнинг услубий хусусиятлари
Терминлар фан, техника, маданият каби соҳалардаги аниқ чегараланган тушунчаларни ифодалайдиган бир маъноли сўзлардир.
Масалан: карта, глобус, атлас, материк, кўрфаз, ўзан, дара, бўғоз тизма, тоғ, ясси тоғ кабилар географик терминлардир.
Терминлар маълум бир аниқ тушунчани ифода этади. Улар диалект ва шевага оид сўзлардаги каби фонетик, лексик ва морфологик кўринишларга эга бўлмайди. Терминлар, одатда, барча шева вакиллари учун умумий бўлади ва касб эгаси қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар, ҳамма жойда бир хилда қўлланилади ва ёзилади.
Касб-ҳунарга хос сўзларнинг асосий қисмини шу соҳага хос атамалар ташкил этади. Шу ўринда термин ва атамани фарқлаш лозим. Терминлар маълум соҳага тегишли бўлиб, улар асосан бошқа тиллардан ўзлашган бўлади. Тушуниш доираси ҳам чегараланган бўлади. Масалан, математикага оид: синус, косинус, тангенс, функция, тилшуносликка оид: денотация, коннотация, ассимиляция ва ҳоказо. Атамалар эса кенг тушунчада қўлланади, лексема сифатида барча мустақил маъно берувчи сўзларга нисбатан ишлатилади. Улар барчага тушунарли бўлади. Масалан, китоб, қўл, оёқ, қизил, бир, ўн, югурмоқ.
Терминларнинг кўпчилик қисмини русча-байналмилал сўзлар ташкил қилади: абонент, абонемент, ария, баян, дефис, диалог, дисгармония, дирижёр, пауза, партия, оратория, дуэт, генерал-бас, генерал пауз кабилар. Бундай сўзлар жами махсус лексика- терминология деб юритилади: физика терминологияси, лингвистик терминология каби.
Атамалар муайян бир соҳага оид тушунчаларни аниқ ифода этувчи сўзлар бўлса-да, лекин бу сўзларнинг қўлланилиши шу соҳа кишилари доираси билан чегараланган бўлиши шарт эмас. Бунда икки ҳолатни кўриш мумкин:
1.Атамаларнинг маъноси соҳага алоқаси бўлмаган кишилар учун ҳам тушунарли бўлади ва улар томонидан ҳам қўлланилаверилади. Масалан: ботаникага оид буғдой, пахта, ўрик, узум, нок; санъатшуносликка оид саҳна, афиша, актёр; тиббиётга оид укол, наркоз, грипп каби сўзлар. Масалан: Афиша шаҳарларни тўлдирди.
2.Атамаларнинг маълум қисми шу терминга оид бўлган соҳа кишилари учун тушунарли бўлади ва шулар нутқида қўлланади: тилшуносликка оид эга, тўлдирувчи, ундалма, ўзак; кимёга оид оксидлар, индикатор каби. Масалан: Ўзак - сўзнинг асоси, негизи ҳисобланади.
Шуни айтиш керакки, умумистеъмолдаги сўзлар маълум бир соҳага оид тушунчани ифодаловчи сўз сифатида қўлланиши, терминга айланиши мумкин. Бундай ҳолларда у сўз дастлабки маъноси (ёки маънолари) билан умумистеъмолдаги лексикага, махсус (терминологик) маъноси билан эса терминологик(чегараланган) лексикага оид бўлади.
Атамалар, юқорида айтилганидек, касб-ҳунарга, илм-фанга доир тушунчаларни ифодалайди. Мана шунга кўра атамалар, яъни терминлар, асосан, икки турга бўлинади: илмий атамалар ва касб-ҳунарга оид атамалар.
Касб-ҳунарга оид атамалар. Ишлатилиш доираси касб-корига кўра чегараланган, маълум касб-ҳунар эгалари доирасидагина қўлланиладиган сўз ва иборалар профессионализмлардир. Профессионализмлар деярли барча нутқ стилида чегараланган ҳолатда ишлатилади.
Ўзбек тили луғат таркибининг бир қисмини ташкил этувчи касб-ҳунар сўзлари шу касб эгалари нутқида фаол қўлланади. Адабий тилда кенг жамоатчилик ўртасида чегараланган миқдорда ишлатилади.
Масалан: Наргиза тўқувчилик касбига қизиқади.
Касб-ҳунарга оид атамалар: каштадўзлик, чизмакашлик, йўрмадўзлик, зеҳдўзлик, попопчилик, дўппидўзлик, зардўзлик, булбулзор (сопол товоқларга бериладиган нақшнинг бир тури), гулбўта (тоғдан чиқадиган кўкимтир оқ тусли лой) ва ҳоказо.
Масалан: Идишга туширилган булбулзор нақшидан шоҳ ҳайратда эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |