Ҳеч қачон дўзахга тенг қилмам,
Нечунким, менга нурли –
Талъатинг жаннат билан тенгдур (Э.Воҳидов)
Бу мисрада оташ сўзи метафорик маънода қўлланган бўлиб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да унинг ўз маъноси “ўт, олов”, кўчма маъноси эса “дилни ёндирадиган, ўртантирадиган ҳароратли ҳис-туйғу” тарзида изоҳланган13. Шоир муҳаббат оташи бирикмасини кўчма маънода қўллаб, ижобий муносабатни билдирган. Унинг дўзах сўзи билан зидлантирилиши шеърнинг таъсирчанлигини янада оширган.
Насрда ёзувчи Чўлпоннинг тилдан фойдаланиш маҳоратини белгилашда метафоралардан қай даражада фойдаланганлигига эътибор қаратайлик. Масалан: юк сўзи ўзбек тилида кўп маъноли сўз ҳисобланади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида мазкур сўзнинг қуйидаги маънолари қайд қилинган: 1) «Бир ердан иккинчи ерга кўтариб, ташиб борилиши лозим бўлган оғирлик»; 2) «Кишини уринтириб қўядиган, ташвишга соладиган ортиқча нарса, ташвиш, даҳмаза»; 3) «Қориндаги бола, ҳомила»; 4) «Диний эътиқодга кўра азиз-авлиёларни ранжитиш туфайли юз берадиган касаллик».14 Ёзувчи Чўлпон ўзининг «Кеча ва кундуз» деб номланган романида қаҳрамонлар нутқида ана шу сўзнинг 2- ва 4- маъноларини қориштириш асосида ҳам қаҳрамонлар ички дунёсини ёрқинроқ очишга, ҳам чиройли кулги чиқаришга муваффақ бўлган: – Елкамда ўн путдан ўттиз пут юким бор... – деди мингбоши. Бу ҳам бақиришга яқин бир овоз билан айтилган эди. Учала хотин ҳам бу юкнинг нималигини англаб етолмадилар. Хадичахоннинг фикрича, мингбошига «ирим» қилган эдилар. Энди уни «қайтартирмоқ»дан ўзга илож йўқ эди. Бу фикр бошқа кундошларнинг мияларидан ҳам ўтмади эмас... Фақат Хадичахоннинг бу фикри қатъий бўлса керакким, яширишга лозим кўрмади:
– Ғанимлар қасд қилганга ўхшайди. Қайтарма қилдириб берсамми? – деди.
–Аёлларнинг билгани ирим, билгани қайтарма, билгани азайимхон... – деди мингбоши... Шу очилишдан дадилланиб бўлса керак Хадичахон яна эътироз қилди:
–Ўзингиз ўз оғзингиз билан «юк босди» демадингизми?
Мингбоши кулиб юборди:
–«Юк босди» деган бўлсам «қандай юк?» деб сўрагин-да, баччағар! –деди у.
Бу вақтда уйдагилар ҳам аста-секин ташқарига чиқиб яқин ўртага келган эдилар. Мингбоши давом қилди:
–Учаланг юкмисан менга?
–Нима оғиримиз тушди сизга? –деди Хадичахон. (Чўлпон)
Кўп маъноли юк сўзи мингбоши нутқида «ортиқча ташвиш» маъносида, яъни «учта хотини ўн пуддан ўттиз пуд» даҳмаза маъносида қўлланган, хотинлар эса бу сўзнинг қайд этилган 4-маъносида тушунганлар, шу тарзда кулгили ҳолат юзага келган. Кўп маънолилик асосан сўзларга хос хусусият бўлиб бир сўзнинг бирдан ортиқ маънога эга бўлиши тушунилади.
Ўзбек тилида коннотатив маънони юзага чиқарувчи кўчимлардан яна бири метонимиядир.
Тилшуносликда мазмунан алоқадор бўлган воқеа-ҳодиса, предмет ва уларнинг муайян белгиси ўртасида маъно кўчиши метонимия ҳодисаси сифатида қаралади15.
1. Предметнинг ҳажмини ифодаловчи сўз шу предмет маъносини англатади:
Бошлиғинг кўнглини бил сен,
Кетма пинжидан нари,
Пайтини топсанг мабодо,
Бирга юзта-юзта қил. (Э.Воҳидов)
Маълумки, сўзлашув нутқида спиртли ичимлик юз грамм номи билан кўчма маънода ишлатилади. Бу ўринда ҳажмни ифодаловчи юзта-юзта сўзининг қўлланиши (грамм сўзи эллипсисга учраган) ичимликни оз-оздан ичиш кераклигига ишорани англатади. Бундай сўзни қўлловчи кишиларнинг, одатда, оз-оздан, яъни юзта-юзта қилиб ичиши учрашувнинг тугаб қолмаслигини исташлари, шунингдек, дилдан суҳбатлашишларида қўл келади. Шоир сўзлашув жараёнидаги мазкур метонимик ифодани айни шу мақсадда, яъни дилдан дардлашиб олишга ундаш маъносида қўллайди.
Шеъриятга халқ тилининг бундай содда шаклини киритиш мисралар халқчиллигини, унинг дилга яқинлигини таъминлайди.
2. Предмет ичидаги предмет маъносини англатади:
Сиғинайлик ўша танҳо,
Таҳқирланган қабрга. (Э.Воҳидов)
Ушбу мисрада сиғиниш ҳаракати қабрга нисбатан бўлмай, шу қабрда ётган инсонга қаратилган. Шоир бу ўринда одамлара хос бир салбий одатга ишора қилади. Яъни, айрим кишилар бир-бирининг қадрига тириклигида эмас, бу дунёдан ўтиб кетгандан сўнггина етадилар. Метонимик ифода орқали англашилувчи ана шу яширин мазмун нутқ субъектининг воқеликдан норозилиги, афсусланиши каби муносабатларини намоён этади, нутқнинг коннотативлигини кучайтиради.
3. Шахс томонидан яратилган нарса-предмет орқали шахсни англатиш:
Букун меҳмон бўлиб чўнг санъат келди,
Том-том китоб келди, шеърият келди. (Э.Воҳидов)
Маълумки, инсоннинг ким эканлиги унинг қилган ишларида акс этади. Ушбу мисрада санъат аҳли, ёзувчи ва шоирлар тўғрисидаги мавжуд қарашлар чўнг санъат, том-том китоб, шеърият каби бирликларга кўчирилиб, уларнинг маъноси бўрттирилган. Бу ўринда мазкур кўчириш усули орқали нутқ субъектининг улуғлаш, фахрланиш каби баҳо муносабати ҳам юзага чиққан.
4.Маълум мамлакатда, давлатда ёки маълум ўринда яшаб турган кишилар маъноси шу ерга, давлат ёки мамлакатга кўчирилади:
Мажлисга бутун қишлоқ келди. (А.Қаҳҳор)
Ўзбек тилида коннотатив маънони юзага чиқарувчи кўчимлардан яна бири синекдохадир. Синекдохада нарсаларнинг сон ёки бутун ва қисмлари орасидаги муносабат назарда тутилади. Синекдоханинг қуйидаги кўринишлари мавжуд.
1.Бутун ўрнида қисм: Оғзаки нутқда баъзан кишиларни чақираётганда уларнинг исм ёки фамилияларини айтмасдан, бирор ажралиб турган белгисига қараб - қорни катта бўлса, “эй, қорин”, калласи жуда катта бўлса, “эй калла” тарзида мурожаат қилишларига дуч келамиз. Бунда ана шу айтилган қисм орқали киши ёки унинг исми тушунилади.
-Н-нима?-деди мўйлов тутоқиб. -Нима деяптилар акаси ўргилсин. (О.Ёқубов )
2.Қисм ўрнида бутун: Куйламаган оғиз йўқ. (Э.Воҳидов) Бунда оғиз сўзи орқали инсонлар назарда тутилган.
3.Кўплик ўрнида бирликни ишлатиш: Сотувчи харидор билан хушмуомала бўл. (оғзаки нутқдан)
Луғавий ва шеърий синекдоха фарқланиши керак. Луғавий синекдоха ҳиссиёт уйғотиш хусусиятини йўқотган. Шеърий синекдоха сайқалланмаганлиги, ҳис-туйғу уйғотиши билан фарқланади.
Сен қайдан биласан?
Балки бу кўзлар
Унсиз бир қўшиқни
Куйлаётгандир. (А.Орипов)
Бадиий нутқда матннинг таъсирчанлигини оширувчи воситалардан яна бири гипербола, яъни муболағадир16. Гиперболада муайян белги-хусусият баъзан объектив воқелик меъёрдан ортиқ даражада тавсифланади ва шу орқали нутққа бадиий руҳ берилади. Масалан:
Полвон эди Матмуса
Тўрт фил кучи жам эди. (Э.Воҳидов)
Ушбу шеърий парчанинг иккинчи мисрасида келтирилган муболаға биринчи мисрадаги фикрни далиллаш мақсадида киритилган бўлиб, шоир шеър қаҳрамони Матмусанинг полвонлигини тўрт фил кучига эга эканлиги билан тавсифлайди. Кўринадики, бу ўринда муайян белги-хусусиятнинг меъёрдан ортиқлиги ўхшатиш асосида муболаға билан кўрсатилган ва коннотация ҳосил қилинган.
Маълумки, ирония экспрессивлик ифодалашнинг ўзига хос усулларидан бири саналади. Иронияда нутқ субъектининг кесатиғи, масхараомуз кулгиси муайян ниқоб остига олинади. Ирония кўп ҳолларда нутқ субъектининг предмет ёки ҳодисага салбий муносабатини ифода этиш учун қўлланилади. Иронияда кўчма маънода қўлланган сўз ва иборалар семантик зиддига ишора қилиб туради. Масалан, Эрим чойхонадан “ширингина “ бўлиб келди. (Сўзлашувдан)
Do'stlaringiz bilan baham: |