Белгининг ортиқлиги: Узо-оқ йўл, аҳйо-онда бир келади, қато-ор иморатлар. Ўйла-аб турсам, ўғлим, дунёни иши қизиқ (А.Мухтор).
Шунингдек, бадиий матнда унлиларни бирдан ортиқ ёзиш усулидан қаҳрамоннинг бирор нимадан ҳайратланиши, таажжубга тушиши каби ҳолатларини ифодалашда фойдаланилади. Масалан:
- Марҳамат... Ў-ў, какликнинг сайрашини дедингизми? - Унинг манглайи тиришиб ва ғижиниб давом этди: - Биз ҳам сизга қўшилиб эшитар эканмиз-да? (Ш.Холмирзаев) .
Мазкур фонографик усулдан бадиий матнда хитоб, чақириш, даъват, тингловчи эътиборини жалб қилиш каби мақсадларда ҳам қўлланилишини кузатиш мумкин. Масалан, чақириш:
Зиёдни онаси пахтазорга қараб чақиради:
-Зиёд-у-у-у!
Мен Зиёдни онаси қўлидан тортиб-тортиб йиғлаб қўябераман. Юринг кетамиз, момо! - дейди. - Юринг кетамиз, ҳозир самолёт келади!
2. Сўзларни нотўғри талаффуз қилиш. Оғзаки нутқда турли сабабларга кўра айрим сўзларни, асосан, ўзлашма сўзларни бузиб талаффуз қилиш ҳолати мавжуд. Бундай хато сўзловчининг ўзлашган сўз имлосини тўғри тасаввур қилмаслиги, бошқа миллатга мансублиги, паронимларни фарқламаслик натижасида юзага келади, деб изоҳлаш мумкин. Бадиий асарда бу усулдан қаҳрамон нутқини индивидуаллаштириш ҳамда ифодани оғзаки - жонли нутққа яқинлаштириш мақсадида фойдаланилади. Айрим ўринларда кулги қўзғатиш мақсадида ҳам сўзлар атайин бузиб талаффуз қилинади ва ўша тарзда ёзилади. Масалан:
- Хўп, бўпти. Унинг оти Зулфиқор, фомиласи... - айтаверайми, деб унга қаради (С.Аҳмад).
Бўрихон бегона уйга кириб қолган одамдек қовушмай турарди. У укаларига, сингилларига нима дейишни билмасди. Тўғри, нима дейишни биларди. Аммо, тил билмаса нима қилсин? Ўйлаб-ўйлаб, «Са-лям!» деди. Жигарлари кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай туриб қолишди (С.Аҳмад).
1-топшириқ. Матндан фонетик сатҳ орқали қандай баҳо муносабати ифодаланганини аниқланг.
1. -Ваалайкум... Келинг-келинг, яхшимисиз, Гулчеҳра? - деди. –Раҳма-а-ат... Олмониядан тўғри Урганчга самолётда келдингизми? - кулимсираб сўради Гулчеҳра. -Й-йў-ўқ... Ашхобод... (Б.Худайберганов)
2.- Вой ўлмас-а-а-м! Бу нима қилғилик? Бечора жониворни шу аҳволга солишга қандай юрагинг чидади? Ким айтади сени чумолига озор бермайдиган Шаҳодат момонинг невараси деб? Уволидан қўрқмадингми? (Нурали Қобул) 3. -Унақа кесатиқ қилманг-да, акажон, - деди Марғуба. “акажон” сўзига атайин салбий маъно юклаб. (А.Иброҳимов) 4. -Эҳ-ҳе қўрқитиб юбордингиз... Юрагим хаста... Ёрилиб-порилиб кетмасин, - деди. – Ўргилдим сенлардан. (С.Солиев)
Do'stlaringiz bilan baham: |