A
|
Ф.Соссюр
|
B
|
|
A.Нурмонов
|
C
|
|
В.Гумбольдт
|
D
|
|
A.A.Реформатский
|
E
|
Фонетик услубият. Фоностилистик воситаларнинг услубий вазифалари. Аллитерация, ассонанс, геминацияларнинг матн таркибидаги услубий вазифалари
Режа:
Фонетика ва стилистиканинг ўзаро алоқалари.
Фонографик услубий воситалар ҳақида маълумот.
Фонографик услубий воситаларнинг бадиий нутқда қўлланиши.
Аллитерация, ассонанс, геминацияларнинг услубий вазифалари.
Таянч сўз ва иборалар: фонографик воситалар, фоностилистика, фонетик-фонологик хусусиятлар, аллитерация, тавзиъ санъати, ассонанс, геминация.
Дарснинг мақсади. Талабаларга бадиий матндаги фонетик воситаларнинг услубий хусусиятлари ҳақида маълумот бериш, фонографик воситаларнинг қўлланиш сабабини мисоллар ёрдамида тушунтириш.
Фонетик стилистика товушларнинг бир-бирига боғланиш жараёнидаги экспрессив-стилистик имкониятларини, умуман, нутқ товушларининг таъсирчанлик воситаси бўлиб хизмат қила олиш усуллари ва қонуниятларини ўрганади.
Нутқда товуш ва оҳангдан фойдаланиш, таъсирчанликни кучайтириш турлари хилма-хилдир. Нутқни эмоционал ва ифодали қилишда аллитерация, ассонанс ва товуш такрорлашнинг ранг-баранг кўринишлари муҳим аҳамият касб этади. Нарса ва жониворларнинг товушларига тақлид қилиш ҳодисасидан ҳам стилистикада фикрни бўрттириб ифодалаш ва унга экспрессив тус бериш учун кенг фойдаланилади.
Унли ва ундош товушларнинг фонетик жиҳатдан уйғунлашиб, такрорланиб келиши нутқни таъсирли қилади, тил фактини эсда сақлаб қолишни осонлаштиради.
Бадиий матнни таҳлил қилиш жараёнида фонетик бирликларнинг эстетик хусусиятларига ҳам алоҳида эътиборни қаратиш зарур. Шеърий матнда нутқ товушларининг эстетик имкониятлари тез ва қулай идрок этилади. Чунки шеърда ўзига хос жозибадор оҳанг бўлади. Бу оҳангдорликка товушларни услубий қўллаш натижасида эришилади. Шеъриятда асосан, аллитерация (ундошлар такрори), ассонанс (унлилар такрори), геминация (ундошларни қаватлаш) каби фонетик усуллардан фойдаланилади. Насрда унлиларни чўзиш, ундошларни қаватлаш, товушларни такрорлаш, сўзларни нотўғри талаффуз қилиш, товуш орттириш ёки товуш тушириш каби фонетик усуллар ёрдамида экспрессивлик таъминланади. Қаҳрамонлар руҳиятидаги ички ҳаяжон, хурсанд бўлиш, хафа бўлиш, розилик, таажжуб, ялиниш, ҳайратланиш, киноя, пичинг, кесатиқ, олқиш, сўроқ, таъкид, қониқмаслик, норизолик, тилак-истак, қўллаб-қувватлаш каби ҳолатларни айнан беришда ёзувчилар унли ёки ундошларни бирдан ортиқ ёзиш усули, фонографик воситалардан фойдаланадилар.
Жумладан, аллитерация (лотинчадан al –ёнида, litera – ҳарф деган тушунчани англатади) – шеърий нутқда (насрда нисбатан камроқ учрайди) бир хил ундош товушларнинг такрорланишига асосланган ифодавийликни кучайтирувчи восита, такрорнинг фонетик сатҳдаги хусусий кўринишидир. Аллитерация шеърнинг алоҳида сатри ёки мисрадаги сўзлар гуруҳини фонетик жиҳатдан ажратади, натижада уларнинг ифодавийлиги ортади, шеърнинг мусиқийлиги, хушоҳанглиги кучаяди. Масалан, “Сочилган сочингдек сочилса сиринг... (Чўлпон), “Қумдан қурган қўрғоним қани... (Иқбол Мирзо). Ўзбек адабиётида барча мисралари ёки барча сўзлари бир хил ундош билан бошланган шеърлар ҳам машқ қилинганки, бу ҳам аллитерациянинг бир кўринишидир. Кўҳна бадииятшунослик(«илми бадеъ»)да аллитерация «тавзиъ санъати» деб юритилган. Масалан: Э. Воҳидовнинг:
Қаро қошинг, қалам қошинг,
Қийиқ қайрилма қошинг, қиз.
Қилур қатлимга қасд қайраб –
Қилич қотил қарошинг, қиз.
Қафасда қалб қушин қийнаб,
Қанот қоқмоққа қўймайсан.
Қараб қўйгил қиё,
Қалбимни қиздирсин қуёшинг, қиз.
Аллитерация насрда камдан-кам ҳоллардагина кузатилади. Қуйидаги мисолларда ж, б, ғ, қ, ш, т, к ундошларининг такрорланиши натижасида ҳосил қилинган ундошлар такрорини кузатиш мумкин: - Жер айланиб теқсимшиларнинг жетиб қолғудек кўр Бутун бет-бошим биж-биж бўлди. Бутун бет-бошим ғуж-ғуж ажин бўлди. Бет-бошим бет-бош бўлмади – дарз-дарз йер бўлди. Бет-бошим бет-бош бўлмади – қақроқ-қақроқ йер бўлди. Бет-бошим бет-бош бўлмади – шўр-шўр йер бўлди! (Т.Мурод)
Болалар фольклорида аллитерацияга асосланган тез айтиш ҳамда айтишмачоқ ўйинлари бор. Тез айтишлар: Бир туп тут, тутнинг тагида бир туп турп. Тут турпни туртиб турибдими, турп тутни туртиб турибдими? Ғани ғилдиракни ғилдиратди. Оқ чойнакка оқ қопқоқ, Кўк чойнакка кўк қопқоқ. Айтишмачоқда эса иштирок этувчи болалардан айнан бир хил товуш билан бошланадиган гап тузиш талаб қилинади. Бошқа товуш билан бошланадиган сўз аралаштириб юборган иштирокчи ютқазган ҳисобланади ва ўйиндан чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |