8. Бадиий услубнинг коммуникатив вазифаси деганда нима тушунилади?
А) ўқувчига таъсир қилиш
Б) муайян ижтимоий масалаларга фаол муносабатда бўлиш
С) тасвирий ифодаларни қўллаш
Д) маълум воқеа -ҳодиса ҳақида ахборот бериш.
9.Роман қайси услубда ёзилади?
А) бадиий услуб
Б)илмий услуб
С) расмий услуб
Д) публицистик услуб
10.“Навоий”ни кечадан бери кўтариб юрибман. Ушбу гапда маъно кўчишининг қайси тури иштирок этган?
А) метафора
Б) метонимия
С) синекдоха
Д) киноя
Публицистик услуб. Оммавий ахборот воситалари тили
Режа:
1.Публицистик услуб турлари.
2.Публицистик услуб жанрлари.
3.Публицистик услубнинг лексик хусусиятлари.
4.Публицистик услубнинг грамматик хусусиятлари.
5. Публицистик услубга доир матнни таҳлил қила олиш.
Таянч сўз ва иборалар: нотиқ, сухандон, эълон, мурожаатнома, чақириқ, янгилик, публицистик мақола, фельетон, хабар, рубрика, мухбир, репортаж, корреспонденция, очерк, памфлет.
Дарснинг мақсади:Публицистик услуб тур ва жанрлари, унинг лексик ҳамда грамматик хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш, публицистик услубга доир матнни таҳлил қилишга ўргатиш.
Публицистик услуб кундалик ҳаёт кўзгусидир. Бу услуб бошқа нутқ услубларига нисбатан кейинроқ пайдо бўлган бўлиб, унинг шаклланиши мамлакатимизда матбуот ва унинг ривожланиши билан боғлиқ. Маълумки, 1883 йилдан бошлаб "Туркистон вилоятининг газетаси" номли газета чиқа бошлаган ва бу публицистик услубнинг шаклланиши учун асос бўлган. Шунингдек,«Оина», «Садои Туркистон» газеталарининг чиқа бошлаши, XX аср бошида эса нашриёт ва вақтли матбуот ишлари доирасининг янада кенгайиши ҳамда ўзбек демократик ёзувчилари ижодида бадиий публицистиканинг кенг ўрин олиши каби омиллар ўзбек адабиий тилида публицистик услубнинг пайдо бўлиши ва шаклланишида катта роль ўйнади.
Публицистика аслида "халқ" сўзидан келиб чиққан бўлиб, халқчил деган маънони ифодалайди. Шунга кўра, публицистик услуб матбуот, радио ва телевидение нутқи асосида шаклланувчи услубдир. Ушбу нутқ тури долзарб воқеалар, ҳаётдаги ижтимоий масалаларга бағишланганлиги билан характерланиб, матбуотда бу масалалар ўзига хос ҳолда ифодаланиб борилади. Публицистик услубнинг ҳам ёзма, ҳам оғзаки шакллари мавжуд. Нотиқлар, радио ва телевидениедаги сухандон ва шарҳловчилар тили – публицистик услубнинг оғзаки шаклидир. Матбуот саҳифаларида эълон қилиб бориладиган турли хабарлар – эълонлар, мурожаатнома, чақириқлар, шунингдек, ҳаётдан олиб ёзиладиган янгиликлар, публицистик мақола, фельетон ва бошқа газета материаллари публицистик услубнинг ёзма шаклидир. Публицистик услубнинг бу кўринишлари нисбатан ўзаро фарқланса-да, ушбу услубга хос бўлган умумийлик – долзарблик, ҳозиржавоблик ва ташвиқот-тарғибот кабилар ҳам мавжуд. Публицистик услубнинг ёзма ва оғзаки кўринишлари ўзига хос хусусиятларга эга бўлса-да, улар публицистик услубнинг умумий талабларига бўйсунади. Чунончи, бу услубнинг иккала турида публицистикага хос сиёсий фаоллик, ҳозиржавоблик, ўткир ва таъсирчан нотиқлик, мантиқий салобат, ташвиқот ва тарғибот каби хусусиятлар мавжуд бўлади.
Публицистик услуб бадиий услуб сингари кенг тармоқли услубдир. Бу услубда ҳам бошқа нутқ услубларига хослик мавжуд.
Публицистик услуб луғавий жиҳатдан ўзига хос. Бу услубнинг газета публицистикаси, ижтимоий-сиёсий публицистика ва бадиий публицистика тармоқлари мавжуд бўлиб: хабар, долзарб мақола, бош мақола, рубрика, фельетон, мухбир, фотомухбир, пахтакор, шоликор, миришкор, заршунос, дала маликаси, зангори кема, пўлат от суворийлари, буюртмачи каби кўплаб сўз ва сўз бирикмалари публицистик услубнинг ўзига хос сўзлари бўлиб, публицистик услубга бадиий-публицистик руҳ беради.
Бундай луғавий воситаларнинг кўпинча кўчма маънода ишлатилиши бу услубнинг образли воситаларга: метафора, сифатлаш, ўхшатишга эга эканлигини кўрсатади. Публицистик услубда фан ва техникага оид: дизел, культивация, техника, молекула, анализ, синтез, кашфиёт, биохимия, коинот каби, шунингдек, халқаро ижтимоий сиёсатга оид – тинчлик, озодлик, демократия, ҳамдўстлик, ультиматум, мурожаатнома, митинг, хавфсизлик, тинчлик анжумани каби сўзларнинг қўлланилиши бу услубга ижтимоий-сиёсий руҳ бағишлайди. Публицистик услуб синтактик қурилиши жиҳатидан содда, ҳаммабопдир. Унда жумлалар ихчам, лўнда, фикр изчил тарзда баён этилади. Бу услубда турли такрорлар, идеомалар, жонли сўзлашувга хос ҳолатлар ишлатилади.
Газета публицистикаси публицистик услубнинг ўзига хос кўринишидир. Газета публицистикаси икки йўналишдаги ахборотлари билан характерланади. Биринчидан, газета публицистикаси ижтимоий-сиёсий масалаларни акс эттириб боради, уларга муносабат билдиради. Бироқ газета публицистикасининг моҳиятини иккинчи йўналиш-кундалик, долзарб ахборотларни бериб бориш ташкил этади. Ана шу икки хусусиятга кўра газета публицистикаси ҳам хабар, ахборот бериш, ҳам таъсир этиш вазифасини бажаради.
Газета публицистикаси луғавий жиҳатдан турли соҳаларни акс эттиради. Унда ижтимоий-сиёсий сўзлар билан бир қаторда фан ва техниканинг барча кўринишларига оид атамалар, расмий услубга хос сўзлар, турли касб-ҳунар атамалари, шунингдек, бадиий услубга хос сўзлар ҳам қўлланилади. Демак, даврнинг ижтимоий-сиёсий долзарб масалаларини жўшқинлик билан акс эттириш публицистик услубга хосдир.
Тарихий ёки бошқа ҳар хил далилларни нутққа киритиб, мантиқий умумлашмалар чиқариш ёки бу ишни тингловчига ҳавола этиш, фош этилган шахс ёки ҳодисалар устидан киноя, кесатиқ, пичинг ҳамда қочириқлар қилиш, риторик сўроқ гаплардан фойдаланиш публицистик нутқни жонли, таъсирчан, ҳаяжонли қилади. Шуни айтиш керакки, ҳар бир публицистик нутқ албатта шулардангина иборат бўлади деган гап эмас. Публицистик нутқда муаллиф воқеликка нисбатан фаол муносабатда бўлади.
Публицистик асарларнинг (масалан, хабар, репортаж, корреспонденция, мақола, очерк, фельетон, памфлет, бош мақола ва бошқаларнинг) услубий чегараланиши уларнинг алоҳида лисоний белгиларига эга эканлигида кўринади.
Адабий тилнинг бойишида публицистик услубнинг роли катта. Публицистик услуб ижтимоий-сиёсий билимларни тарғиб қилиш ва кенг халқ оммасига етказувчи восита сифатида бу услуб тилининг ранг-баранглиги орқали кишилар онгига кўпроқ таъсир этади.
Бу услубнинг яна бир хусусияти шундаки, унда қисқалик марказий ўринлардан бирини эгаллайди, яъни қисқа, лўнда, тушунарли, ёрқин, ихчам тилда ёзиш асосий талаблардан ҳисобланади.
Публицистик услубнинг ўзига хос белгиларидан яна бири шундаки, унда баъзи грамматик воситалар, равишдош, сифатдош оборотлар феълнинг шарт майли шаклларининг алмашиб ишлатилиши, риторик, мурожаат, ундов, бир таркибли гапларнинг қўлланилиш даражаси бошқа вазифавий услубларга нисбатан устунроқ.
Публицистик услубнинг характерли белгиларидан бири нутқнинг кўпинча I шахс номидан ифодаланишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |