Иқтисодий информацияни суҳбатли ва пакетли усулда қайта ишлаш.
Ҳозирга келиб сиз иқтисодий информация хақида, унинг асосий турлари ва хусусиятлари хақида анча маълумотлар олдингиз. Энди масала уни қандай усуллардан фойдаланган холда қайта ишлаш мумкинлигини аниқлашга келиб тақалади. Ҳақиқатан хам иқтисодий информацияни қандай усуллар орқали қайта ишлаш мумкинлигини билмасак, бу ишни компьютер программавий- техник воситалари орқали қандай қилиб амалга ошириш ва бунинг энг яхши усулини танлаш мумкин бўлмай қолади. Юқорида олган билимларингизни ишга солган холда бир фикрлаб кўрингчи, иқтисодий турга мансуб маълумотларни қандай усулларни қўллаган холда қайта ишлаш мумкин? Ушбу усуллардан қайси бири қандай шарт-шароитларда энг яхши натижаларга олиб келади? Агарда бу саволларга тўлиқ жавоб топа олмасангиз, ўзингизни бирор бир корхона хизматчиси деб фараз қилинг ҳамда иш жойингизда бажарилаётган ишларни компьютерда қайта ишлаш учун қандай усулларни ишлата олишингиз мумкинлиги ҳақида фикрланг ҳамда бу фикрингизни бошқалар билан ўртоқлашинг. Шундан сўнггина қуйида берилган маълумотлар билан танишишингиз ва уларни ўз хулосаларингиз билан солиштиришингиз мумкин.
Ҳисоблаш жараёнини ташкил қилиш нуқтаи назаридан ЭҲМ-лар бир программали ва кўп программали турларга бўлинади. Бир программали ЭҲМ- ларда хотирада фақат бир программа сақланади ва унинг бажарилиши амалга оширилади. Демак, программа ва бошланғич информация массивларнинг хотирага киритиш, программа бўйича ҳисоб натижаларни чиқариш босқичлари вақт бўйича маълум кетма-кетликда бажарилади. Бунда ҳар бир вақт бирлигида ЭҲМ-нинг фақат биттагина қурилмаси ишлайди. Бу эса ўз навбатида кўпгина қурилмаларнинг тўла қувват билан ишлашига имкон бермайди. Кўрсатилган камчиликлардан қутилиш ва ЭҲМнинг унумини тубдан кўпайтириш учун ҳозирги пайтда кўп программали ЭҲМлар ишлатилиши мумкин. Бундай турдаги ЭҲМ-ларда хотирада бир вақтда бир неча программа сақланиши ва процессорда бараварига ёки маълум кетма-кетликда ҳисобланиши мумкин. Бир программа бўйича ҳисоб амалга ошаётганда, уни тўхтатиб, ҳозирги вақтда зарур бўлган бошқа программани ишлатиш ва яна олдинги тўхтатилган программа билан ишни давом эттириш мумкин. ЭҲМ-нинг бундай кўп программалар билан ишлашини амалга ошириш унинг иш унумдорлигини яна ҳам ошириш имконини беради.
Бу имконият ЭҲМ хилма-хил қурилмаларини параллел равишда ишлатиш туфайли амалга оширилади. Шуни ҳам қайд қилиш керакки, кўп программали ЭҲМ - лар бир программали, ҳамда кўп программали деб аталувчи икки хил режимда ишлай оладилар. Кўп программали иш режимида қуйидаги асосий икки хил усулни қўллаш мумкин бўлади:
информацияни пакетли усулда қайта ишлаш усули;
савол-жавоб ёки суҳбатли информация ишлаш усули.
Пакетли информация ишлаш усули деганда бир неча масалаларни шундай ечиш усулига айтиладики, бунда бу масалаларнинг программалари ва улар учун керак бўлган информация массивлари машина хотира қурилмасига олдиндан ёзиб қўйилади ва масалалар ечилиши машина томонидан тўла автоматик равишда, инсон иштирокисиз олиб борилади. Демак, бу усулда машинада масала ечувчилар машина билан тўғридан - тўғри мулоқотда бўла олмайдилар.
Ушбу усулнинг уч хил тури мавжуд:
монопол режим;
вақт бўлиниш режими;
виртуал режим.
Программа ва бошланғич информация массивлари ЭҲМ операторларига берилиб, улар орқали масаланинг натижаси олинади. Пакетли усул бир нечта масалани бир вақтда ва тез ечилишига имконият яратиб, машинанинг хилма- хил қурилмалари параллель ишлашига имконият яратади.
Юқорида айтилганидек, пакетли информация қайта ишлаш усули ЭҲМ- да бир вақтнинг ўзида бир неча масалаларни ечиш имконини яратиб беради. Бу имкониятни амалга ошириш машинанинг ишини мувофиқлаштириб ва бошқариб турувчи операцион система орқали бажарилади. Ушбу операцион система ёрдамида киритилган маълумотлар ва программанинг асосида масалалар пакети тузилади.
Пакетли ахборот ишлаб чиқариш усули берилган масалалар тўпламининг ечилиши вақтини, машина қурилмаларининг параллель ишлашини операцион система программалари ёрдамида амалга ошириш орқали мумкин бўлган энг кам миқдорга келтиради. Пакетларга йиғиладиган программалар икки хил усулдаги приоритетга (афзалликка) эга бўлиши мумкин.
Статик усулдаги приоритет олдиндан берилган ва ўзгармас бўлиб, динамик усулдагиси эса пакетнинг программалари бажарилиш жараёнида ўзгариб туриши мумкин. Пакетли усулда ахборот ишлаб чиқаришда қуйидаги уч асосий жараён амалга ошади:
ҳар бир бажарилаётган программа учун ўзига мос равишда приоритет берилади;
маълум шароитларга мос равишда бажарилаётган программанинг тўхташ жараёни амалга оширилади;
бунда ҳисоб натижаларини чиқариш, хато бўлган тақдирда ҳисобни қайтадан бажариш каби ишлар амалга оширилиши мумкин бўлади;
тўхтатилган программа қайтадан ишга тушиши учун зарур бўлган ахборотнинг химояси амалга оширилади.
Бунда операцион система машина қурилмаларини, информация билан таъминловчи объектларни бошқариб турган ҳолда, ЭҲМ орқали ишлатувчиларнинг масалалари ўтишини оператив равишда таъминлаб туради.
Операцион системага берилган масала топшириқ деб аталиб, у машина бажарадиган ишлар мажмуасини тўлиқ ҳолда аниқлаб беради. Ушбу топшириқ бирор бир ташқи хотира қурилмасига ёзиб қўйилади ва топшириқларни режалаштирувчи программа ёрдамида бошқа топшириқлар билан бирга навбатга туради. Навбатда турган топшириқлар мажмуаси эса пакет деб аталади. Пакетдаги топшириқлар планлаштирувчи программа ёрдамида, ўз навбати билан машинада ҳисобга қўйилиши мумкин. Пакетли режим анча кўп яхши томонларга эга бўлишига қарамай, баъзи вақтларда уни ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун бундай ҳолларда реал вақт режими ёки суҳбатли режим ишлатилиши мумкин.
Суҳбатли информация ишлаб чиқариш усулида ишлатувчиларнинг ҳамма программалари доимий равишда машина хотирасида сақланади ва улар ишлаши учун керак бўлган буйруқлар ва информация массивлари ташқи абонентлар томонидан тўғридан-тўғри машинага берилади. ЭҲМ хотираси чегараланган бўлганлиги сабабли, бундай жавоб берувчи программалар сони ҳам чегараланган бўлади. Демак, бизнинг маълум сўровларимизни амалга оширишга имкон берадиган программалар сони ЭҲМ хотираси ҳажмига боғлиқ бўлади. Суҳбатли режим информацион – сўров системаларида, транспортда, меҳмонхоналарда, билет сотишда кўплаб ишлатилади.
Албатта бунда сўровлар ҳар хил приоритетларга эга бўлиши мумкин, чунки ҳар бир талабнинг ўз хусусиятлари ва ишлаш чегаралари бўлади. Масалан, баъзи талаблар бир неча секунд доирасида, баъзилари эса бир неча минут доирасида ечилиши талаб этилиши мумкин.
Автоматлаштирилган иш жойларида ҳам ЭҲМ билан ишлашнинг асосий усули, бу суҳбатли усулдир, чунки бунда инсон билан ЭҲМ-нинг бевосита мулоқоти алфавит рақамли клавиатура ёки дисплей орқали олиб борилади. Суҳбатли усулнинг ишлатилиш соҳаларидан яна бирига мисол қилиб ҳисоблаш тармоқларидаги абонент пунктларида ишлашни ҳам келтириш мумкин. Фақат бунда ЭҲМ билан инсон мулоқоти маълум масофада ва махсус воситалар орқали амалга оширилади.
Суҳбатли иш режимини ташкил қилишнинг қуйидаги асосий усуллари мавжуд:
дисплей экранида ҳосил бўладиган бажариладиган ишлар рўйхатидан кераклигини танлаб олиш усули МЕНЮ усули деб аталади.
ЭҲМ билан инсон ўртасидаги алоқа маълум саволларга кетма-кет жавобларни киритиш усули билан амалга оширилиши. Бу усул савол-жавоб усули деб аталади.
дисплей экранида чиқадиган маълум кўринишдаги жадвалларни олдиндан қатъий белгиланган усул билан тўлдириш ёки ўзгартириш. Бу усул жадвалларни тўлдириш усули деб аталади.
ЭҲМ билан инсон мулоқоти дисплей экранида маълум бир кўринишдаги график тасвирлар тузиш орқали амалга оширилади. Бу усулга мулоқотнинг график усули деб аталади.
юқоридаги ҳамма усуллар маълум бир миқдорда аралаш равишда ишлатилиши - бу усулга аралаш мулоқот усули деб аталади.
пиктограммалар усули, яъни экрандаги маълум кўринишдаги символлар орқали инсон ва компьютер мулоқоти ҳозирги пайтда кенг тарқалган.