Сотали ва йўлдошли алоқа тизимларида абонент ускунаси (ёки мобил станция) бир сотадан бошқа сотага ёки бир сунъий йўлдошдан бошқа сунъий йўлдошга ўтганида чақирувни бошқа каналга автоматик тарзда қайта улаш усули муҳим роль ўйнайди. Бундай усул “хэндовер” (ингл. handover) деб аталади. Одатда қўшни сотали таянч станцияга ёки сунъий йўлдошнинг борт антеннасининг бошқа нурига уланишда элтувчи частота алмашади, бу ҳолат алоқа сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Хэндовернинг икки асосий тури мавжуд: “дағал” ва “юмшоқ” хэндовер. “Дағал хэндовер” да АУ сотадан сотага ўтган пайтда алоқанинг қисқа вақтли узилиши содир бўлади. Хэндовернинг бундай усулидан кўпинча иккинчи авлод сотали тизимларида ва ҳамда аралаш тармоқларда АУ эски тармоқ ҳудудига ўтганида фойдаланилган. Бунда алоқанинг узилиши ва қайта тикланиши телефон трубкасида абонент томонидан “шиқ” этилгандек қабул қилинар эди.
“Юмшоқ хэндовер” эса алоқа сифатини туширмасдан амалга оширилади. У сота ичида таянч станция антеннасининг турли секторлари орасида (бир элтувчи частотада ёрдамида) амалга оширилади. “Юмшоқ хэндоверда” янги канал эскиси узилишидан олдинроқ уланади. Агар “юмшоқ хэндовер” ташкил этилганида узилиш бўлса, у ҳолда “дағал хэндовернинг” оддий алгоритми ишлатилади.
Микросотали тизимларни қуриш принциплари макросотали тизимлардан шу билан фарқ қиладики, уларда “хэндовер” бўйича қайта уланишлар тез-тезлиги анча юқорироқдир. Демак, каналларни тезкор қайта улаш алгоритмларини ишлатиш зарур. Бу масалада DECT симсиз телефония тизими анча самарали ташкил этилган бўлиб, унда абонентнинг мажбурий қайта улаш усулига асосланган ҳолда тақсимланган бошқариш алгоритмлари ишлатилади.
2.3.1. Биринчи авлод - 1G стандартлари
Қайд қилиб ўтилганидек, мобил алоқанинг илк тижорат тармоқлари 70-йилларнинг охири ва 80-йилларнинг бошларида пайдо бўлган. Уларнинг барчасида овозни узатишда аналогли частотавий модуляциядан фойдаланилган. Биринчи авлод сотали алоқа стандартларига, одатда, қуйидагилар киритилади (2.2-жадвалга қаранг):
AMPS (ингл. Advаnced Mobilе Phone Service - “Такомиллаштирилган мобил телефон хизмати”, шунингдек, “Шимолий Америка стандарти” номи билан машҳур. 800MGs диапазонда ишлаган, 1983 йилда фойдаланишга туширилган) - АҚШ, Канада, Марказий ва Жанубий Америка, Австралия каби худуд ва давлатларда кенг қўлланилган; Ўз вақтида (1995 йилда) жаҳондаги мобил алоқа тармокларидаги барча абонентларнинг 1/3 қисмига хизмат кўрсатган ва D-AMPS рақамли модификацияси билан биргаликда энг кенг тарқалган сотали тизим бўлган. Жумладан, Россияда AMPS регионал стандарт сифатида (асосан D-AMPS вариантида) тасдиқланган ва энг кенг тарқалган стандарт ҳисобланган. Ўзбекистонда AMPS/D-AMPS стандартлари “Уздунробита” ҳамда ”Rubicon Wireless Communications” операторлари томонидан ишлатилган [19];
TACS (ингл. Total Access Communication System - “Умумуланишли алоқа тизими”, 900MGs диапазонда ишлаган, 1985 йилда ишга туширилган) - Буюк Британия, Италия, Испания, Австрия, Ирландия давлатларида фойдаланилган, Американинг AMPS стандарти асосида ишлаб чиқилган. ETACS (Европа) ва JTACS/NTACS (Япония) модификацияларига эга бўлган. TACS аналог стандартлари орасида тарқалиши бўйича иккинчи ўринда турган. 1995 йилда абонентлар базаси бўйича ҳам у жаҳонда иккинчи ўринни эгаллаган, лекин 1997 йилга келиб тез ривожланган рақамли стандартлар томонидан тўртинчи ўринга тушириб қўйилган;
Do'stlaringiz bilan baham: |