Ташқи муҳитнинг радиоактив ифлосланиши глобал хусусият касб этмоқда. Бунда шаклланаётган инсон популяциясига тушувчи радиоактив юклама энг хавфли экологик шартланган зарарли таъсирлардан биридир. Инсоннинг эволюция давомида шаклланган ўртача фонли нурланиши (ташқи ва ички) 1 мЗв/йил бўлади. Муайян ҳудуддаги фонли нурланишнинг ҳар қандай ошишига радиоактив нурланиш сифатида қаралади. Ҳозирги вақтда радиоактив ифлосланишнинг асосий антропоген манбалари ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи соҳа корхоналари ва ядро ёнилғиси циклининг барча босқичларидаги ядро энергетикаси корхоналари ҳисобланади.
Радиоактив нурланишнинг инсонга таъсири ҳаводаги ва ер сатҳидаги радионуклидлар, контактли – тери қопламаси ва кийим-кечаклар ифлосланиши натижасидаги ва ички – нафас олинган ҳаво ва ифлосланган озиқ-овқатлар ва сув билан бирга организмга тушадиган (инкорпорация қилинадиган, яъни қўшилиб, бир бўлиб кетадиган) радионуклидлар ҳисобига ташқи γ-, β-нурланишларни қамраб олади. Маҳаллий ёғинлар ҳудудларида нурланиш (ички ва ташқи) дозалари салмоқли кўрсаткичларга етиши мумкин. Ифлосланишнинг бошланғич давридаги критик радионуклид йод-
131 (ярим парчаланиш даври 8 сутка) бўлиб, цезий -137 ва стронций-90 (ярим парчаланиш даврлари 30 йилгача) ундан кейин туради.
Ҳалокат юз берган вазиятларда реакторлар ва радиоактив чиқиндилар омборларидаги радионуклидларнинг салмоқли миқдордаги чиқиб кетиши юз беради. Реакторлар бузилиши ва фаол ҳудуднинг эритишига олиб келадиган ҳаолокатлар айниқса алоҳида хавф ҳосил қилиб, бунда ядро бўлинишининг нафақат газсимон ва учувчи маҳсулотлари, балки салмоқли миқдордаги учмайдиган радионуклидлари ҳам ташқи муҳитга тушиши мумкин. Чернобил АЭСдаги ҳалокат натижасида ҳам худди шунақанги манзара ҳосил бўлганди. Бузилган реакторнинг фаол ҳудудидаги радионуклидларнинг ташланмалари вақт бўйлаб чўзилган жараёндан иборат бўлган. Шамол йўналиши ўзгариши оқибатида радиоактивликнинг кенг тарқалиши ҳосил бўлган. Радиоактив булут ўтган пайтда ёмғир ёққан жойларда ифлосланиш даражаси ошган “доғлар” пайдо бўлган. Бундай ёғинлар Россия Федерацияси, Украина ва Белоруссиянинг бир қатор вилоятларида кузатилган. Ифлосланган ҳудудларда яшовчи аҳоли ўта юқори радиоактив юклама шароитида қолади ва санитария-гигиена муҳофазаси мажмуасига муҳтож бўлади.