Радионуклидларнинг биосферадаги кўчишининг асосий йўллари. Маҳаллий ёғинлардаги доза яратувчи асосий радионуклидлар йод-131, цезий-137 ва стронций-90дир. Ушбу изотопларнинг етакчи аҳамияти уларнинг уран ва плутоний ядролари бўлинишида нисбатан кўпроқ чиқиши, биосфера муҳитларида ва инсонгача овқат занжирида яхши (кўпинча ўз концентрациясини продуцентлардан то консументларгача оширган ҳолда) кўчиб юриши, овқатдан яхши сўрилиш хусусиятига эга эканлиги билан ифодаланади. Шу билан бирга энг муҳими шундаки, йод-131 ярим парчаланиш даври ўта қисқалиги туфайли ҳам ифлосланишнинг фақат бошланғич давридагина аҳамиятга эга бўлади. Радионуклид ярим парчаланишининг 10 даврига тенг бўлган муддат ўтганидан сўнг объект ундан ҳоли бўлишини назарда тутган ҳолда, ифлосланишдан сўнг (энг охирги ёғин юз берган вақтдан бошлаб) 80 кун ўтгач ионловчи нурланишларнинг эквивалент дозаси асосан цезий ва стронций аниқланади. Айнан шу нуклидлар глобал ёғинларнинг фаоллигини шакллантиради.
Радионуклидларнинг биосферадаги ҳаракатчанлиги ёғиндан сўнг ўтган вақтга, радиоактив заррачаларнинг эрувчанлиги, тупроқнинг тури, ўсимлик қопламининг турлари, ўтказилувчи агротехника тадбирлари ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Нуклидларнинг биологик оммабоплиги ва кўчиб юриш қобилияти саккиз йил ичида тахминан 10 мартага камаяди.
Радионуклидларнинг тупроқдан ўсимликларга ўтиши тупроқ турига боғлиқ: тупроқ фракцияларида тупроқ микрозаррачаларининг сифати ошишига қараб нуклиднинг ўтиш коэффициенти пасайиб боради. Нуклидларнинг ўсимликларга ўтиш даражасига қараб тупроқни қуйидагича камаювчи сафга тизиш мумкин: торфли-ботқоқлик – қумлоқ – чимзор- кулранг (ориқ) тупроқ – қизилтупроқ – қоратупроқ – бўз тупроқ. Тупроқнинг юқори қатламида органик моддалар (агрохимикатлар) миқдори ошгани сари ўсимликларнинг нуклидларни ўзлаштириши оша боради. Шу билан бирга
тупроқ кислоталилигини нейтраллаш учун карбонат ангидрид тузларини киритиш (оҳаклаш) ҳосилда радионуклидлар тўпланишини камайтиради. Ифлосланган ҳавзалардаги сув туби ётқизиқларида цезий ва стронцийнинг ассоий қисми – ёққан фаолликнинг 96,6 % и тўпланади.
Нуклидларнинг биосферадаги кўчиб юришининг умумий занжири қуйидагича ифодаланиши мумкин (5.2-расм).
5.2-расм. Нуклидларнинг биосферадаги кўчиб юриши
Радионуклидларнинг озиқ-овқат хом-ашёсининг асосий гуруҳларидаги концентрацияси ва тақсимланиши. Асосий доза яратувчи элементлар (йод-131, цезий-137 ва стронций-90) юқори кўчиб юриш (шу жумладан, озуқа занжирлари бўйича ҳам) қобилиятига эга бўлади. Радионуклидларнинг ўсимликлар ва ҳайвонларда тўпланиши кўпинча уларнинг атроф-муҳитдаги миқдоридан ошиб кетади. Нуклидларнинг озуқа занжирларининг алоҳида бўғинлари бўйлаб тақсимланишини ўзига хослиги уларнинг тури билан ифодаланади. Озуқа занжирлари қуйидаги қисмларга ажратилади:
ўсимликлар – одам;
ўсимликлар – ҳайвонлар – сут – одам;
ўсимликлар – ҳайвонлар – гўшт – инсон;
ўсимликлар – паррандалар – тухум – инсон;
сув – гидробионтлар – инсон.
Ҳар бир бўғиннинг ифлосланиши сиртқи ва тузилмавий хусусиятга эга бўлади. Тузилмавий ифлосланишда бўғинларнинг ҳар биридаги метаболик жараёнлар кечишида ўсимликлар ва ҳайвонлар организмларидаги аъзолар ва тўқималарда биомажмуалар шаклидаги радионуклидлар тўпланади.
Кўпчилик ҳолларда радионуклидларнинг озуқа занжирлари бўйлаб кўчиб юришининг дастлабки бўғини ўсимликларнинг ифлосланиши бўлади. Ўсимликларга нуклидлар аэрозоллар кўринишида барглар, навдалар, гулкосалар, меваларга тушиб бевосита ифлослаши ёки тупроқдан илдизлар орқали сўриб олиниши мумкин. Резорбция жараёнлари нисбатан тез кечади. Ўсимликларнинг сиртқи ифлосланиши радиоактив ёғинларнинг зичлиги, ёғадиган аэрозолларнинг физикавий-кимёвий кўрсаткичлари, метеорологик ўзига хосликларига боғлиқ бўлади. Цезий-137нинг ўсимлик қопламида ушланиб қолиш коэффициенти 0,1 дан 0,36 гача бўлади. Радионуклидларнинг аэрозоллардан ушланиб қолиш даражасига қараб, ўсимликларни қуйидаги камаювчи тартибда жойлаштириш мумкин: карам – лавлаги – картошка – буғдой – табиий ўт-ўланлар.
Тупроқдан қишлоқ хўжалиги экинларининг илдиз тизими орқали тўпланиш даражасига қараб, нуклидлар қуйидаги камайиб борувчи тартибда жойлаштирилиши мумкин:
цезий -137 учун: дуккаклилар – картошка – сули – ловия – маржумак
буғдой – тариқ – ёсмиқ;
стронций-90 учун: дуккаклилар – маржумак – нўхат – буғдой – ёсмиқ
қанд лавлаги – картошка – жўхори.
Кўп йилли ўсимликлар бир йилликларига нисбатан радионуклидларни яхшироқ тўплайди. Нуклидларнинг ўсимликларда тўпланиш даражаси бошқа шароитлар тенг бўлган ҳолда иккита омил: тупроқ тури ва ўсимлик навининг уйғунлашишига боғлиқ бўлади. Айтайлик, беда стронцийни энг кўп даражада тўплаб олишга қодир бўлади, аммо чимзор-кулранг (ориқ) тупроқларда ўтиш коэффициенти – 3,3 % га, қоратупроқли заминда эса – фақатгина 0,9 % га тенг бўлади. Тупроқ шароитлари турлича бўлган ифлосланган ҳудудларда у ёки бу қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш учун худди шунга ўхшаш таҳлил ўтказилиши лозим.
Ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар инсон организмига радионуклидлар тушишининг асосий манбаларидан биридир. Ҳайвонларда нуклидларнинг тўпланиши ва уларнинг сутига, гўштига, тухумига ўтиши емларнинг ифлосланиш даражасига, ядро бўлиниши маҳсулотларининг физикавий-кимёвий хоссаларига ва уларнинг физиологик ҳолатларига боғлиқ бўлади. Эритилган ҳолда цезийнинг қарийб 100 % ва стронцийнинг 30 ... 60
% ҳайвонларнинг ошқозон-ичак йўлларида абсорбцияланади. Кавш қайтарувчи ҳайвонларнинг ўзлаштириш фоизи бироз пастроқ – 50 ... 80 % (цезий учун) бўлиб, бу қаттиқ емларнинг сорбционлик хоссалари баландлиги билан боғлиқдир.
Нуклидларнинг тўпланиш даражаси ҳайвонларнинг турига боғлиқ бўлади. Узоқ вақт давомида тушганида 1 кг мушаклардаги цезий қуйидагини ташкил этади: сигирда – кундалик тушишнинг 4 %, қўйда – 8%, эчкида – 20
%, чўчқада – 26 %, товуқда – 460 % (!). Бошқа тенг шароитларда ёш жониворларда изотоплар нисбатан шиддатлироқ тўпланади.
Эмизувчи ҳайвонлардаги радионуклидлар салмоқли миқдорда сут билан бирга чиқарилади. Узоқ вақт давомида тушганда 1 л сутдаги нуклидлар қуйидаги миқдорда бўлади: сигирда – кундалик тушиш катталигининг 0,8 ... 1,2 % и, қўйда – 5 ... 15 %, эчкида – 10 ... 20 %. Ядро бўлиниши маҳсулотларининг жуда кам тушишида сут билан чиқариладиган фаолликнинг ка ттароқ қисми инкорпорациянинг дастлабки суткаларига тўғри келади.
Радионуклидлар салмоқли миқдорда тухумларга ўтади: паррандалар организмига узоқ вақт давомида тушганида, тухумларда суткалик тушишнинг 2,3 ... 3,3 % и катталигида қайд этилади. Цезий ва стронцийнинг изотоплари турли муҳитларда тухумларда танлаб тўпланади. Стронцийнинг ка тта қисми тухум қобиғида (90 % дан кўпроқ), қолгани эса асосан тухум сариғида тўпланади. Цезийда эса, аксинча, асосий миқдор тухум ичида
тўпланади, илло тухум оқида сариғига нисбатан 2 ... 3 баробар кўпроқ нуклид қайд этилади. Фақат 1 ... 2 % цезийгина тухум қобиғида ушланиб қолади.
Катта миқдордаги гидробионтлар радионуклидларни тўплайди. Цезийнинг балиқлар мушак тўқималарида тўпланиш коэффициенти 1000гача етади. Чучук сув балиқларидаги цезий денгиз балиқлариникига нисбатан 1 ...
100 марта кўпроқ бўлади. Йиртқич ва планктон билан озиқланувчи балиқларни қиёслаганда ҳам худди шунга ўхшаш нисбатлар қайд этилади. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш жоизки, озуқа занжирлари бўйлаб кўчиб юрадиган стронций суяк тўқималарида (ёки тухум қобиғида) танлаб тўпланади. Илло, тропли тўқималардан фаол чиқариладиган цезийдан фарқли ўлароқ, суяк тўқималари (ёки тухум қобиғи)даги стронций концентрацияси нисбатан узоқроқ вақт давомида ушланиб туради. Санитария-гигиена тадбирларини ўтказиш пайтида буни ҳисобга олиш шарт.
Алоҳида маҳсулот турларининг организмга радионуклидларни тушиш манбаи сифатидаги аҳамияти, биринчидан, ушбу маҳсулотнинг суткалик озиқ-овқатлар тўпламидаги улушига ва, иккинчидан, унда алоҳида нуклидларнинг тўпланиш даражасига қараб аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |