Плевел билан заҳарланиш. Плевел (Lolium temulentum) кенг тарқалган бошоқли бегона ўтлар сирасига киради. Уруғларининг заҳарлилиги улар таркибидаги темулин алкалоидининг миқдорига боғлиқ. Доимо плевел уруғларида паразитлик қиладиган Stromatinia temulenta микроскопик замбуруғи ушбу ўсимликнинг заҳарлилик потенциалига асосий ҳисса қўшса керак.
Овқатланишда плевел аралашган донли маҳсулотлардан фойдаланиш оқибатида ривожланадиган заҳарланишнинг
клиник манзарасида алкоголдан маст бўлишга ўхшовчи белгилар – кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши, атаксия устунлик қилади. Дондаги плевел аралашмаси
ундан тайёрланган унга нохуш ачқимтир таъм беради. Дон етиштиришда гербицидлардан кенг фойдаланиш плевел
билан заҳарланишлар сонини салмоқли даражада камайтирди.
Бошқа бегона ўтлар ва овқатланишда ишлатиладиган ўсимликлардан заҳарланиш. Озуқа донларида, шунингдек, какра (аччиқмия), оқмия, термопсис, вязель каби бегона ўтлар ҳам чекланадики, уларнинг донни қайта ишлашнинг тайёр маҳсулотларига тушиши овқат заҳарланишларини келтириб чиқаради. Уларнинг дондаги миқдори 100 кг.да 10 мг. дан ошмаслиги лозим (Россия Федерацияси нормативи).
Borginaceae, Compositae, Leguminosae оиласига кирувчи бир қатор ўсимликлар пирролизидинли табиатга эга бўлган заҳарланишларни келтириб чиқаришга қодир овқат таркибий қисмлари сифатида тиббий аҳамиятга эга. Ушбу оилаларга кирувчи кўпгина ўсимликлар овқатланиш ва ноанъанавий
тиббиётда қўлланиладиган кўпгина чойлар ва дамламалар таркибида анъанавий равишда кенг қўлланилади. Уй шароитида гиёҳли чойлар (йиғмалар)ни ишлаб чиқаришда табиий токсик бирикмаларнинг миқдори назорат қилинмайди, бу эса заҳарланиш ривожланишига олиб келиши мумкин.
Пирролизидинли алкалоидлар гепатотоксик йўналтирилганликка эга бўлади ва аҳамиятли концентрацияларда тушганида оғир заҳарланишларни келтириб чиқаради. Диспепсик бузилишлар одатда абдоминал оғриқлар, қайт қилиш, кучаювчи асцит, безгак каби клиник симптоматиканинг ёйилишига олиб келади. Касаллик манзараси Бадд-Киари синдроминикига ўхшайди, унинг асосида жигар вена томирининг тромбози, гепатомегалия, портал гипертензия, асцит, жигарнинг биокимёвий шикастланишлари ётади. Бир қатор ҳолатларда ўпкалар шишиши ва зотилжам ҳам қўшилади. Ўлдиришга қодир дозаси организмга тушганида, ўлим ҳолати икки ҳафтадан сўнг юз беради. Касаллик, шунингдек, анча вақт (1 ... 2 йил) дан сўнг охири ўлим билан тугайдиган сурункали терминал жараёнга ҳам айланиши мумкин. Пирролизидиннинг ўлимга сабаб бўлмайдиган сублетал дозалари жигарнинг некротик шикастланишига олиб келади, кейинчалик эса цирроз ривожланади. Пирролизидинли алкалоидлар билан заҳарланишлар, шунингдек, овқатланишда фойдаланилган ифлосланган ўсимлик донлари (токсинларнинг унга ўтиши), сут (контаминацияланган емлардан фойдаланилган ҳолларда) ва асал (асаларилар уни юқорида айтилган ўсимликлардан йиққан ҳолатларда)
туфайли ҳам юз бериши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |