Маринотоксикозлар – бу яшин тезлигида ривожланадиган, таркибида балиқ ва бошқа денгиз жониворларининг турига оид ўзига хосликлар билан боғлиқ бўлмаган табиий заҳарли бирикмалар бўлган денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир. Маринотоксинларнинг пайдо бўлиши интенсивлиги кўпинча йил вақти ва балиқнинг овқатланиш хусусиятларига боғлиқ бўлади. Токсинларнинг турга оид қатъий тегишлилигида улар доимо мос баликларнинг организмида мавжуд бўлади: кўпроқ алоҳида аъзолар ва тўқималарда, камроқ – мушаклар орасида текис тақсимланган бўлади. Маринотоксинларнинг борлигини балиқ (денгиз маҳсулоти)нинг ташқи кўринишидан ёки таъми ва ҳидидан аниқлаб бўлмайди.
Овқатланишда анъанавий равишда фойдаланиладиган заҳарлилик хусусиятларига эга балиқлар сирасига маринка, фугу, игнақорин, усач, севан хромули киради. Уларнинг бари махсус иссиқликдан олдинги пазандалик ишлови берилишини талаб қиладики, бу тўғри тозалаш ва биотоксинларнинг кўпроқ қисми тўпланадиган терисини, ичак-чавоқларини, пуфакларини, икрасини олиб ташлашдан иборатдир. Одатда, заҳарли балиқларнинг мушак тўқималари хавфли бўлмайди. Иссиқлик ва бошқа пазандалик ишловлари берилиши маринотоксинларни қарийб парчаламайди.
Тетрадотоксин, ёки тетрадоат кислота энг хавфли маринотоксинлар жумласига киради. У фугу каби думалоқ балиқлар оиласи (pufferfish) га кирувчи балиқларнинг метаболитидир. Фугу – Япониядаги тансиқ балиқлардан биридир, аммо уни хавфсиз қилиб тайёрлаш олий пазандалик маҳоратининг нишонаси ҳисобланади. Тетродотоксин фугунинг терисида, жигарида, сутида, икрасида ва ичак-чавоқларида мавжуд бўлади. Мушак тўқималарида токсин тўпланмайди. Тетродотоксин Тинч ва Ҳинд океанларида яшовчи турли-туман денгиз жониворлари: калифорния тритони, тўти-балиқ, фаришта-балиқ, денгиз юлдузи, Atelopus оиласига кирувчи бақалар, сариқ краблар, саккизоёқларнинг баъзи турларидан ажратиб олинган.
Тетродотоксиннинг метаболик манбаи аниқланмаган – денгиз ўсимликларида унга ўхшаши ажратиб олинмаган. Бироқ, шуниси маълумки, Vibrionaceae, Pseudomonas, Photobacterium турига кирувчи баъзи бактериялар органик бирикмаларнинг худди шу синфига кирувчи
ангидротетродотоксинни синтезлашга қодир экан. Фақат денгиз жониворларидаги токсиннинг синтезланиши уларда кўрсатиб ўтилган микроорганизмларнинг синтезланиши туфайли пайдо бўладими ёки иккиламчи метаболит сифатида тўпланадими, шуниси қоронғулигича қолган. Заҳарланишнинг биринчи симптомлари: овқат ейилганидан сўнг 20 дақиқадан то 3 соатгача бўлган вақт оралиғида лаблар ва тил сезгирлиги йўқолади. Кейин жуда тезлик билан юз соҳасида ва оёқ-қўлларда парестезия ривожланади ва унга бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея, бош оғриғи, эпигастрия соҳасидаги оғриқлар қўшилади, мушаклар заифлашуви кузатилади. Заҳарланишнинг иккинчи босқичида оёқ-қўллар фалажи, цианоз, гипотензия кузатилади, диспноэ, томир тортишишлари, юрак уриши бузилиши ривожланади, нутқ бузилади. Тезкор симптоматик ва умумий детоксикация муолажаси қўлланилмаса, 4... 6 соат ичида ўлим юз беради (аммо бу 20 дақиқадан 8 соатгача бўлган оралиқда юз бериши ҳам
мумкин).
Тетродотоксин билан заҳарланиш ташҳиси симптомлар таҳлили ва овқат анамнезини ўрганишга асосланади. Ҳозирги вақтда йилига 200 дан ортиқ тетродотоксин билан заҳарланиш ҳолатлари қайд қилиняптики, уларнинг ярми ўлим билан тугайди. Заҳарланишлар профилактикаси бўйича асосий чоралар овқатланишда номаълум (номланмаган), айниқса, тропик ва экватор денгизларида тутилган балиқлар ва бошқа денгиз жониворларидан фойдаланмасликдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |