Овқат статуси – бу ҳақиқий овқатланиш организмнинг ҳақиқий эҳтиёжларига унинг яшаш шароитларини ҳисобга олган ҳолда мос келишини акс эттирувчи кўрсаткичлар мажмуасидир. Овқат статуси оптимал, ошиқча ва етишмайдиган турларга бўлинади. Оптимал овқат статусида инсон яшашнинг ҳақиқий шароитлари учун етарли бўлган меъёрлар бўйича овқатланади. Ошиқча ва етишмайдиган (нооптимал) овқат статуслари ҳақиқий овқатланишнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичларидаги мувофиқ бузилиш билан боғлиқдир.
Овқат статусидаги кўрсаткичлар бузилишлари гомеостатистик тизимлар дисбаланси (мувозанати бузилиши)нинг ҳали касаллик шаклланмаган босқичдаги биринчи белгилари бўлиб, одатда, тўғри ташҳисланган шароитда улар алиментар коррекцияланиши мумкин. Акс холда овқат статусининг келгусидаги салбий динамикаси бардошли симптомокомплекс (касалликлар)ни барча келиб чиқувчи асоратлари билан бирга шакллантиради.
Шу тариқа, овқат статусининг ножўя четланишларини малакали аниқлаш ва коррекциялаш шифокорнинг профилактика ишларида муҳим қурол бўлиши мумкин.
Овқат статусини ўрганиш ва таҳлил қилишда қуйидаги кўрсаткичлар мажмуасини баҳолаш зарур:
1) жисмоний ривожланиш маълумотлари (овқатланишнинг қувватий ва пластик томонлари мос келиши);
2) микронутриентли мувозанат бузилиши (дисбаланс) намоён бўлишлари (асосан, витамин-минералли);
3) қон, пешобнинг лаборатория текшируви маълумотлари (метаболизмнинг алоҳида турлари характеристикалари, ҳимояловчи-мослаштирувчи тизимлар кўрсаткичлари, ксенобиотиклар биотрансформацияси маҳсулотлари).
Жисмоний ривожланиш мос келишини баҳолаш учун асосий илк маълумотлар бўй ва тана вазни бўлиб, улар зарурий асбоб-анжомлар ёрдамида барча қоидаларга амал қилинган ҳолда аниқланиши керак.
Тана вазни – 100 г. гача, бўй эса – 0,5 см.гача аниқликда ўлчанади. Ҳозирги вақтда тана вазнини назорат қилиб туриш учун нисбатан кўпроқ тана вазни индекси (ТВИ) – Кетле индекси қўлланилиб, у қуйидаги формулага кўра ҳисоблаб топилади:
ТВИ = М / Б2,
Бу ерда В – тана вазни, кг; Б – бўй, м.
ТВИни ҳисоблаш мавжуд тавсиялар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади: меъёрда – 18,5-25; ортиқча тана вазни – 25,1-30; семизлик – 30,1 ва ундан юқори.
Жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари баҳоланганда фақатгина тана вазнига таяниш камлик қилади, илло у ёғ қатламлари эмас, балки мушак тўқималарининг яхши ривожланиши ҳисобига ошган бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, тери ости қатламларининг қалинлигини ҳам аниқлаш зарур. Унинг қалинлиги махсус асбоб – калипер (шакли штангенциркулга ўхшайди) ёрдамида ўлчанади. Ўлчовлар тананинг учта нуқтасида: чап томондаги қўлтиқ ўртаси чизиғидан кўкрак учигача, киндик даражасида чап қовурғанинг ўрта чизиғи бўйлаб ва чап курак бурчаги остида (учта нуқтадаги ўлчамлардан тери-ёғ қатламининг ўртача қалинлиги ўлчанади); ва қўлдаги битта нуқтада: қўл тана бўйлаб эркин осилиб тургани ҳолатда елканинг орқа сатҳидаги акромион ва елка суягининг елка ўсимтаси орасидаги масофа ўлчанади. Олинган натижаларни баҳолаш жадваллар ёрдамида амалга оширилади.
Сўнгги йилларда ортиқча тана вазни ва семизликнинг саломатлик учун хавф солиш даражаларини нисбатан муайянроқ (хусусан, антропометрик индекслардан фойдаланган ҳолда) аниқлашга уринилмоқда. Шу тариқа, абдоминал ҳудудда тўпланган ёғлар саломатлик учун кўпроқ хавф пайдо қилади деб ҳисобланмоқда ва бел айланаси бўкса айланасидан 0,85 дан кўпроқ бўлса, бу хавф, айниқса, аҳамиятли бўлади.
Катта ёшли одамнинг рационида витаминлар сурункали етишмаганида гиповитаминозларнинг клиник белгилари пайдо бўлади, агар ўз вақтида ташҳис қўйилмаса ва коррекцияланмаса, улар мустақил нозологик кўринишларга айланади. Рационда у ёки бу витаминларнинг чуқур танқис бўлиши ёки умуман бўлмаслиги оқибатида авитаминозлар – специфик касаллик ҳолатлари (цинга, пеллагра, бери-бери, рахит) ривожланади. Нисбатан камдан-кам ҳолларда гипервитаминозлар ҳам ташҳисланиши мумкинки, улар ёғда эрийдиган витаминлар (A, D)лар физиологик меъёрдан 5 ... 10 баробар ортиқча миқдорда узоқ вақт тушиб туриши билан боғлиқдир. Витамин етишмовчилиги (гипорвитаминоз)нинг клиник белгилари, одатда, овқатланишда муайян витаминларнинг чуқур танқислигида ривожланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |