Лочин – Falco peregrinus (Tunstall, 1771)
Ташқи кўриниши. Ўрта катталикдаги, узун ва учли қанотли йиртқич қуш. Итолғидан анча кичик, лекин лочинлар орасида энг йирик турларидан бири ҳисобланади (карғадек). Қанотларини ёзгандаги кенглиги 95-110 см, эркагининг оғирлиги 600-750 г, урғочисининг – 1100-1300 г. Урғочилари эркакларидан каттароқ. Танасининг устки томони тўқ-қўнғир ёки тўқ-кулранг, остки қисми оч бўлиб, кўплаб кўндалангига кетган тўқ йўли бор. Ёш қушларнинг пастки қисми қизғиш, узунасига кетган қўнғир доғлар бор. Бошининг ён томонларида ўзига хос қора «мўйлови» бор. Товуши баланд, қаттиқ чинкирик «кьяк-кьяк-кьяк».
Тарқалиши. Антарктидадан ташқари ер куррасида кенг тарқалган. Евросиёда тундра ва ўрмонларда уялайди. Ўзбекистонда учиб ўтиш ва қишлаш даврида текисликларда ва тоғ этакларида учрайди.
Яшаш тарзи. Турли ландшафтларда яшайди: тундрада, денғиз, дарё ва кўллар қояли қирғоқларда, очик жойлари бор ўрмонларда, тоғларда, хатто катта шаҳарларда. Сув ҳавзалари ёки ботқоқлик жойлари бор ҳудудлар танлайди, катта ўрмонсиз қуруқ ландшафтлардан ва қалин ўрмонлардан қочади. Шимолда учиб ўтувчи, жанубда эса кўчманчи ёки ўтроқ қуш. Ўрта Осиёда кузги учиб ўтиши октябр-ноябр ойларида, баҳорги учиб ўтиши март-апрелда бўлади. Уясини дарахтларда, қояларда, қирғоқ олди тепаликларда, ерда, баланд тошли иншоотларда (бинолар, миноралар ва бошқа) қуради. Кўпайиш даврида уясини ва унинг атрофи бошқа йиртқич қушлардан тажовузкорона қўриқлайди, ҳатто йирик бургутларга ҳам ташланади. Жуфтликлар доимий бўлади. 3-5 та бола очади. Полапонлар 35-45 кунлик бўлганда учишни бошлайди. Кичик ва ўртача қушлар билан озиқланади (ўрдак катталигида), баъзан кемирувчилар ва йирик ҳашаротларни тутади. Унинг асосий ўлжаси – сувда сузувчи ва сувлар олдида яшовчи қушлар (ўрдаклар, лойхўраклар), шунингдек каптарлар. Фаол, кучли ва тез йиртқич. Катта тезликда ўлжага учиб келади (300 км/соат, бу ҳайвонот оламида тезлик рекорди) ва тирноқлари билан ўради.
Сони. Табиатдан ноёб тур. Ноқонуний овлаш, уяларини бузиш, электр узатиш симларида нобуд бўлиши ва атроф-муҳитни пестицидлар билан ифлосланиши натижасида сони камайиб бормоқда. Ўзбекистонда учиб ўтиш даврида ва қишда 200-300 тагача қуш учрайди. Нурота тоғ тизмасида, Айдар-Арнасой кўллар қирғоқларда ва Жанубий-Шарқий Қизилқумда баъзида ягона учиб ўтувчи ва қишлаётган қушларни учратиш мумкин.
Ҳолати. Ўзбекистон Қизил китобига 2 (VU:R) - табиатдан ноёб тур тоифасида киритилган. Россия ва бошқа мамлакатлар Қизил китобларига ва CITESнинг I-Иловасига киритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |