27-модда. Геномга оид ахборотдан фойдаланиш
Геном бўйича давлат рўйxатига олишни амалга оширишда олинган геномга оид ахборотдан:
жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш;
бедарак йўқолган шахсларни қидириш;
таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш;
биологик қариндошликни аниқлаш мақсадларида фойдаланилади.
28-модда. Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш, эгасизлантириш
Геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш геномга оид ахборотни йиғишни, ўзгартиришни, тўлдиришни, ундан фойдаланишни, уни беришни, эгасизлантиришни, йўқ қилишни тўхтатиб туришга доир ҳаракатлар ҳисобланади.
Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш ваколатли давлат органи томонидан унга ишлов бериш шарт-шароитлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Тўсиб қўйиш текшириш тадбирлари ўтказилганидан ва аниқланган бузилишлар бартараф этилганидан кейин бекор қилинади.
Геномга оид ахборотнинг муайян шахсга тааллуқлилигини қўшимча ахборотдан фойдаланмаган ҳолда аниқлаш мумкин бўлмай қолишига олиб келувчи ҳаракатлар геномга оид ахборотни эгасизлантиришдир.
Ваколатли давлат органи геномга оид ахборотни бериш ҳолларида унинг ҳимояланганлик даражасини ошириш ва эҳтимол тутилган зарарланиш даражасини пасайтириш мақсадида Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни эгасизлантиришни амалга оширади.
Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни тўсиб қўйиш ва (ёки) эгасизлантириш, шунингдек тўсиб қўйишни ва (ёки) эгасизлантиришни бекор қилиш терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларнинг ва суднинг ёзма топшириқлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
29-модда. Геномга оид ахборотни бериш
Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасида сақланаётган геномга оид ахборотни терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширувчи органларга ва судга бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Геномга оид ахборотни учинчи шахсларга бериш тақиқланади.
Геномга оид ахборотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига бериш тақиқланади, бундан геномга оид ахборотни алоҳида жиноят ишлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунларига мувофиқ бериш ҳоллари мустасно.
Do'stlaringiz bilan baham: |