14- мавзу: СУВДАН РЕЖАЛИ ФОЙДАЛАНИШ
Режа:
Сувдан режали фойдаланиш.
Хўжалик сувдан фойдаланиш режаси.
Сувдан фойдаланиш режасини тузиш тамойиллари.
Декадалик талаб этилаётган сув миқдорларини аниқлаш услубияти.
Суғоришларни экин қатор ораларига ишлов бериш билан мувофиқлаштириш.
6. Хўжаликка сув олиш учун талабнома.
7. Сувдан навбатмағнавбат фойдаланиш.
1. Суғориш сувини сув манбаидан олиб, хўжаликларга етказиш ва уни сувдан фойдаланувчилар ва суғориш далалари бўйича тақсимлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш сувдан фойдаланиш деб тушунилади.
Хўжалик ерларидан тўғри фойдаланиш ва суғоришни юқори унумда ўтказишга сувдан режали фойдаланиш орқали эришилади. Сувдан режали фойдаланиш деганда хўжаликлар эҳтиёжига мувофиқ ҳолда сув манбаидан керакли миқдордаги сувни ўз вақтида олиш ва уни аввалдан тузилган режа асосида сувдан фойдаланувчи хўжаликлар (ширкат, ижара-пудрат, фермер) ҳамда суғориш далаларига тенг тақсимлаш тушунилади. Сувдан режали фойдаланиш суғориш тизимларидан мўътадил фойдаланишни таъминлайди.
Сувдан режали фойдаланишда қуйидаги вазифаларни ҳал этиш кўзда тутилади: қишлоқ хўжалиги экинларини мўътадил суғориш режими ва суғориш техникасининг қулай элементларига риоя қилган ҳолда сувдан чекланган миқдорда фойдаланиш негизида ундан тежамли фойдаланиш; суғориш ва қатор ораларига ишлов беришни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларида иш унумдорлигини ошириш; суғориш тармоқларидан сувни беҳуда исроф бўлиши, суғориладиган ерларни текисланмаганлиги туфайли юзага келувчи ишлаб чиқариш исрофгарчиликларини камайтириш; мелиоратив жиҳатдан ноқулай бўлган ерларда шўр ювишни ўтказиш ва шўр ювиш тариқасидаги суғориш режимини қўллаш, коллектор-зовур тармоқларини керакли узунликда қуриш орқали сизот сувлар сатҳини кўтарилишига йўл қўймаслик эвазига тупроқлар мелиоратив аҳволини тубдан яхшилаш ва унумдорлигини ошириш; суғоришни истиқболли усуллари ва техникаларини қўллаш туфайли тупроқнинг устки унумдор қатламини ювилишига йўл қўймаслик.
2. Сувдан режали фойдаланиш асосида сувдан фойдаланиш режаси (СФР) тузилади. СФР бўйича суғориш тизимида ва унинг айрим қисмларида сувни бошқариш амалга оширилади.
Суғориш тизимларида СФР икки босқичда тузилади: дастлаб сувдан фойдаланувчи хўжаликлар учун, сўнгра улар асосида хўжаликлараро суғориш тизимлари (тизим бўйича сув тақсимлаш режаси) учун тузилади.
Суғориладиган дала, алмашлаб экиш участкаси ва хўжаликнинг сувга бўлган умумий эҳтиёжига кўра тегишли суғориш тармоқларининг сув ўтказиш қобилятлари белгиланади, лозим бўлса улар қайта қурилади ёки кенгайтирилади.
Хўжалик сувдан фойдаланиш режаси (ХСФР) сувдан фойдаланувчи хўжаликлар бизнес-режасининг таркиби ҳисобланиб, экинларни суғориш учун сувни ўз вақтида етказиб бериш, суғориладиган далаларда меҳнатни тўғри ташкил этиш, суғориш сувидан тежамли фойдаланишни кўзда тутади.
СФР ноўсув (I.X-I.IV) ва ўсув даврлари (I.IV–I.X) учун алоҳида-алоҳида тузилади, улар юқори ташкилотлар – ирригация тизимлари бошқармаси, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари (СФУ), туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари билан келишилади ҳамда ҳокимият томонидан тасдиқланади.
ХСФР ни тузишда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш режими ёки тупроқнинг ҳисобий қатламидаги нам тақчиллиги ёки сувдан фойдаланишни нархлашга асосланган усуллардан фойдаланилади. Ҳозирги кунда экинларни ҳисобий суғориш режимлари асосида ХСФР ни тузиш кенг қўлланилмоқда.
Сувдан фойдаланиш режаси хўжалик учун белгиланган сув лимити (чекланган миқдор) доирасида тузилади. Маҳаллий сув ресурсларидан фойдаланишда эса манбанинг сув билан таъминланганлик даражаси ҳисобга олинади.
3. Гидромелиоратив тизимларда сувдан режали фойдаланиш қуйидаги тамойилларга асосланган: хўжалик сувдан фойдаланиш ҳамда тизим бўйича сув тақсимлаш режаларини тузиш ва юқори ташкилотлар томонидан уларни тасдиқлаш; ерларнинг мелиоратив аҳволи, суғориш тармоқлари ва иншоотларнинг сув ўтказиш қобилияти, сув манбасининг сарфига боғлиқ ҳолда сув билан таъминланганлиги турлича бўлган йилларда хўжаликлар ва тизим учун сув олиш ва оқова ташлаш лимитларини белгилаш; хўжаликларда сувдан фойдаланишни режалаштириш ва амалга оширишда илмий муассасаларнинг тавсиялари бўйича экинларни суғориш режими ва суғориш тармоқларининг ФИК лари меъёрларини ҳисобга олган ҳолда хўжаликларга сувни узлуксиз узатишни таъминлаш, суғоришда сувдан кечаю-кундуз фойдаланиш, сувдан навбатма-навбат фойдаланишни мажбурий ҳолатлардагина жорий этиш; хўжаликларда сувдан фойдаланишни хўжаликлараро суғориш тизимлари хизмати томонидан назорат қилишни амалга ошириш; турли сув тақсимлаш каналларида сувни ва суғорилган ерларни ҳисобга олиш, СФК ни аниқлаш ва бошқалар.
ХСФР ни тузиш учун қуйидаги бирламчи маълумотлар талаб этилади: сувдан фойдаланувчи хўжаликнинг суғориш, коллектор-зовур ва ташама тармоқлари, алмашлаб экиш чегаралари, суғориш участкалари, алмашлаб экиш далалари, сув тақсимлаш узеллари, сув ўлчаш постлари кўрсатилган 1:10000 маштабдаги плани; алмашлаб экишда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш структураси; экинларни ҳисобий суғориш режими ва суғориш усуллари: тупроқ-мелиоратив картаси ва гидрогеологик шароитлар тавсифи; хўжалик суғориш тармоқларининг сув ўтказиш қобилияти ҳамда уларнинг ФИК ва бошқалар.
4. Дастлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг энг кичик бўғини – фермер хўжаликлари бўйича, сўнгра алмашлаб экиш участкалари ва улар негизида хўжалик СФР лари тузилади. СФР ни тузиш учун экинларни тавсия этилган суғориш режимлари жадвалидан фойдаланилади.
Сувдан фойдаланишнинг календарь режасида ҳар бир беш ёки ўн кунликлар бўйича суғориш тармоқлари ва хўжалик бўйича талаб этилаётган сув миқдорлари аниқланади.
Бунинг учун экинларнинг ҳисобий суғориш режими жадвали асосида ҳар бир суғоришнинг давомийлиги (t) ва экиннинг умумий майдони (Fум, га) бўйича ҳар бир беш ёки ўн кунликда (t1) суғориладиган майдон (F1, га) ҳисобланади:
F1 = (Fум /t) ∙t1.
Сўнгра F1 майдонни суғориш учун талаб этилаётган умумий сув миқдори (Qум, м3) қуйидаги ифода ёрдамида аниқланади:
Qум = F1∙m,
бу ерда m – экинни суғориш меъёри, м3/га.
Умумий талаб этилаётган сув миқдори бўйича муайян экинни суғориш учун талаб этилаётган сув сарфи (Qнт, л/сек.) ҳисобланади:
Qнт = Qум / (t1∙86,4).
Ушбу ҳисоб-китоблар алоҳида суғориш тармоғига бириктирилган майдонларда етиштирилаётган барча экин турлари ва томорқа ерлари бўйича ҳисобланади. Томорқа ерларини суғориш учун 1 апрелдан 1 октябргача доимий 0,45 л/сек. га миқдорида сув ажратиш кўзда тутилади.
Маълум бир суғориш тармоғи ёки хўжалик бўйича талаб этилаётган умумий сув сарфи (Qумнт, л/сек.) ҳар бир ўн кунликда суғориладиган экинларнинг сувга бўлган эҳтиёжларини жамлаш орқали ҳисобланади:
Qумнт = Qнтғ + Qнтб + Qнтм +...+ Qнтт.
Хўжалик сув тақсимлагичига ўн кунлик давомида олиниши лозим бўлган сув миқдори (Qумбр, л/сек.) эса хўжалик суғориш тизимининг ФИК (ηхст)ни ҳисобга олган ҳолда аниқланади:
Qумбр = Qумнт /ηхст.
Хўжалик сув тақсимлагичидан сув олувчи каналлар учун уларнинг режавий ФИК лари асос қилиб олинади. Тупроқ ўзанли каналлар учун унинг қиймати 0,80–0,85 дан кам бўлмаслиги лозим.
5. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши амалиётида суғоришлар қатор ораларига ишлов бериш тадбирлари билан ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилади. Суғоришларни тупроққа ишлов бериш тадбирлари билан мувофиқлаштириш тамойили – бу суткалик суғориш майдонини қатор ораларига ишлов берувчи қишлоқ хўжалиги машиналарининг суткалик иш унумдорлигига мувофиқ келишидир. Бунда қуйидаги қоидаларга амал қилиш талаб этилади: суғоришлардан камида 3–5 кун аввал муваққат суғориш тармоқлари олиш; мавсумда суғоришни узлуксиз амалга ошириш; суғоришдан 1–3 кундан кейин тупроққа ишлов бериш; суғоришлардан олдин ва ундан кейин қатор ораларига ишлов берувчи қишлоқ хўжалиги машиналари сонини кам бўлишлиги ва улар ишининг узлуксизлигини таъминлаш. Ушбу талабларни бажариш мақсадида чопиқ тракторларининг суткалик иш унумдорлигига тенг бўлган майдонни суғориш учун талаб этилаётган суткалик сув сарфи, эгат олиш ва культивация қилиш учун қишлоқ хўжалиги машиналарининг зарурий сони аниқланади.
Хўжаликка талаб этилаётган суткалик сув сарфи (Qсут, м3) қуйидаги ифода ёрдамида ҳисобланади:
Qсут =F ∙ m / t,
бу ерда m – экинни суғориш меъёри, м3/га; F – умумий суғориш майдони, га; t – суғориш давомийлиги, сут.
F майдонни суғоришга тайёрлаш (эгат олиш) давомийлиги (tэо) қуйидагича аниқланади:
tэо = F / Wэо,
бу ерда Wэо – эгат олишда қишлоқ хўжалиги машинасининг иш унумдорлиги, га. Одатда бу кўрсаткич иш кунида 14–16 гектарни ташкил этади.
F майдонни суғориш давомийлиги (T) қуйидаги боғлиқлик орқали аниқланади:
T = (F∙m∙) / (86,4∙Q∙ Kсм∙Kсут),
бу ерда – суғориш вақтида сувни исроф бўлиш коэффициенти; Q – далага берилаётган сув миқдори, л/сек.; Kсм ва Kсут – суғориш техникасидан смена ёки сутка давомида фойдаланиш коэффициенти.
Ер юзасидан суғоришда коэффициент 1,1–1,2 га, иш вақтидан фойдаланиш коэффициентлари 1,0–0,9 га тенг бўлади.
Ер юзасидан суғоришда бир смена учун талаб этилаётган сувчилар ёки суғориш механизациялаштирилган шароит учун керакли суғориш техникасининг сони (n) қуйидагича аниқланади:
n = Q /P,
бу ерда Р – бир сувчи ёки суғориш техникасига талаб этилаётган сув миқдори, л/сек.
Далага бериладиган сув миқдори сувчилар ёки суғориш техникасининг эҳтиёжига қараб белгиланади. Муваққат суғориш тармоқларини кўндаланг жойлаштириш схемасида муваққат ариққа 40 л/сек. ва бўйлама схемасида 60 л/сек. дан ортиқ сув тақсимланмаслиги лозим. Чунки битта сувчи ундан ортиқ сувни самарали бошқара олмайди.
Бир суткада суғориладиган майдон кўлами (Fсут) қуйидаги ифода ёрдамида ҳисобланади:
Fсут = (86,4∙Q ∙Ксм∙Ксут) / (m∙).
Суткалик суғориш майдонини 12–15 гектардан кам бўлмаслиги, яъни чопиқ тракторларининг иш унумдорлигига тенг бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Суғоришлардан кейин қатор ораларига ишлов бериш давомийлиги (tк) эса чопиқ тракторининг иш унумдорлиги (wк) бўйича аниқланади:
tк = F / wк.
Чопиқ тракторининг иш унумдорлиги иш кунида 11–13 гектарни ташкил этади.
Экин қатор ораларига ишлов бериш учун талаб этилаётган қишлоқ хўжалик машиналарининг сони (N) қуйидаги ифода ёрдамида ҳисобланади:
N = (4∙F ) / [Т(wэо+wк)].
6. Хўжалик СФР ни амалга ошириш жараёнида ҳар беш ёки ўн кунлик учун экинларнинг амалдаги ҳолати ва юзага келган об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда тегишли аниқликлар киритилган ҳамда суғориш ва қатор ораларига ишлов бериш тадбирлари ўзаро мувофиқлаштирилган суғоришларнинг тезкор режа-графиклари тузилади, унинг асосида юқори ташкилот (сув етказиб берувчи)ларга ҳисобий давр бошланишидан камида 2–3 кун илгари хўжаликка сув олиш учун талабнома тақдим этилади (17- жадвал).
7. Сув манбаи СФР бўйича хўжаликнинг сувга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондира олган шароитда хўжаликда суғориш ишлари қабул қилинган график асосида давом эттирилади ва бунда сувдан навбатма-навбат фойдаланиш фақат муваққат суғориш тармоқлари доирасида татбиқ этилади. Манбанинг сув таъминотини сезиларли даражада ёмонлашуви суғоришларнинг тезкор-режа графикларига тегишли тузатишлар киритиш ва сувдан навбатма-навбат фойдаланишни қўллашга олиб келади. Суғориш далаларида бир нечта экиннинг суғориш муддатлари бир вақтга тўғри келиб қолган шароитда сувдан навбатма-навбат фойдаланишнинг қуйидаги схемаларидан бири қўлланилиши мумкин: а) суғориш суви барча далаларга бир вақтда бир хил миқдорда тақсимланади; б) алмашлаб экиш даласи иккига бўлиниб, мавжуд сув сарфи дастлаб биринчи гуруҳдаги, сўнгра икккинчи гуруҳдаги далага узатилади; в) алмашлаб экишдаги далалар навбатма-навбат суғорилади, яъни сувнинг тўлиқ миқдори бир далага берилади, бу ерда суғориш тугалланиши билан иккинчи далага узатилади ва ҳ.к.
17- жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |