X БОБ. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАРИ
Иқтисодий алоқалар тушунчаси. Шартнома ва уни тузиш
йўллари
Иқтисодий алоқалар фермер хўжалиги фаолиятида ишлаб чиқариш, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатлар асосида шакланади ва юқори самарадорликка эришилади. Моддий таъминот, сервис хизматлари билан фермер хўжалиги ўртасидаги иқтисодий алоқалар замирида иқтисодий манфаат шаклланиб, хўжалик юритишнинг иқтисодий механизмлари орқали тартибга солинади. Хўжалик юритишнинг иқтисодий механизмларига режалаштириш, баҳо, солиқ, молиялаштириш ҳамда кредитлаш, шартномавий муносабатлар ва ҳоказолар киради.
Фермер хўжаликларининг бошқа тармоқлар (саноат, айниқса, қайта ишлаш, уруғлик, минерал ўғитлар, техника билан таъминловчи тармоқлар корхоналари ва ҳ.к.) билан иқтисодий алоқалари шартнома асосида олиб борилади. Шартномада шартнома шартлари тўлиқ кўрсатилган бўлиб, ҳар иккала томон манфаатлари йўлида амалга оширилади.
Фермер хўжаликлари ёлланма ишчи ходимлари билан иқтисодий алоқаларини меҳнат шартномаси асосида олиб боради. Давлат органлари билан эса солиқ, нафақа таъминоти, экология, банк, молия, суғурта тизимлари билан иқтисодий алоқалар олиб боради.
Мамлакатимиз бозор иқтисодиётига ўтиши муносабати билан турли мулкчилик шаклларида фаолият кўрсатаётган субъектлар ўртасидаги муносабатлар қонуний ҳужжатлар асосида ташкил этилмоқда. Чунки, ҳуқуқий ёки жисмоний шахслар (субъектлар) ўртасида тузиладиган барча турдаги шартномалар уларнинг молиявий фаолиятини қонунчилик йўли билан мувофиқлаштиради, ҳақ -ҳуқуқларини белгилайди ва ҳимоя қилади.
Бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 29 августдаги «Хўжалик юритувчи субьектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунда ўз аксини топди ва ўзаро иқтисодий муносабатлар қонун йўли билан ҳимояланди.
Фермер хўжаликларнинг бошқа корхона ва ташкилотлар билан бўладиган иқтисодий муносабатлари шартнома асосида амалга оширилмокда.
Фермер хўжаликлари пахта, ғалла, мева, сабзавот, полиз, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан истеъмолчига еткизиб бериш жараёнларида турли тайёрловчи, қайта ишловчи ва сервис хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида фаолият кўрсатмоқда.
Аксарият фермер хўжаликлари маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотиш бўйича тегишли хўжалик субъектлари билан шартномалар тузишда маҳсулотларни ҳимоялаш, яъни суғурталаш, иқтисодий ҳамда ҳуқуқий маслаҳат марказлари хизматларидан, чет эл инвестициялари ёки микрокредитларни ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилиш ишларида қийинчиликларга дуч келмоқда.
Фермер хўжаликларининг тайёрловчи, хизмат кўрсатувчи ва қайта ишлаш корхоналари билан тузаётган шартномаларида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бир томонлама, яъни тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналар фойдасига ҳал бўлмоқда.
Шу сабабли, кўплаб фермер хўжаликлари асоссиз равишда зарар кўрмоқдалар.
Чунки фермер хўжаликлари раҳбарларининг шартнома тузиш бўйича етарли иқтисодий–ҳуқуқий билим ва малакаларга эга эмас.
Республикада фермер хўжаликларининг ривожланаётганини ҳисобга олиб, шартнома муносабатлари ва уларнинг моҳияти ҳақида тушунча бериш уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга катта ёрдам беради. Томонлар ўртасида шартноманинг келишув шартлари Ўзбекистон Республикаси «Фуқоралик кодекси»да «Икки ёки бир неча шахснинг фуқоролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади»-деб изоҳ берилган.
Юридик ва жисмоний шахслар ҳам ўзаро келишган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари асосида бир-бирлари билан шартнома тузишлари мумкин.
Томонлар шартнома тузишдан олдин, унинг моҳияти, оқибати томонларнинг молиявий ҳолатига таъсири қандай бўлишини тўла ўрганиб чиқишлари керак.
Шартномани тузиш икки босқични биринчи томон таклиф этиши (оферта дейилади) ва иккинчи томон ушбу таклифни қабул қилиши ёки қабул қилмаслиги (акцепт дейилади) босқичларини ўз ичига олади.
Шартномалар эркин тузилади. Уни мажбурий тарзда тузиш қонунчилик ҳужжатларига асосан тақиқланади ва жиноят ҳисобланади.
Шартнома битта маҳсулот ёки хизмат турига тузилиши мумкин. Шунингдек, айрим ҳолларда бир неча маҳсулот ёки хизмат турларига шартномалар тузишга тўғри келади. Бундай шартномалар аралаш шартномалар турига киради.
Тузилаётган шартномалар бешта муҳим ва битта қўшимча бўлимдан иборат бўлиб, унда кириш, шартнома мазмуни, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, томонларнинг жавобгарлиги ва қўшимча шартлари бор. Шартнома тузишда томонларнинг розиликлари билан уларга қўшимчалар қилиниши ёки илова тақдим этилиши мумкин. Бундай ҳолларда фермер хўжаликлари раҳбарлари шартноманинг қайси асосий шартлари қонунчиликда бевосита белгилаб қуйилганлигини ва қайси шартлар ўзаро келишиш йўли билан тузилишини билиш керак.
«Фуқаролик кодекси»нинг 364-моддасига мувоффиқ, томонларнинг ўзаро келишув асосида шартноманинг барча асосий ва қўшимча шартлари бўйича имзоланган шартнома тузилган ҳисобланади.
Шартномаларнинг кириш қисмида:
шартноманинг тўлиқ номи (матни, ҳар хил талқин қилмаслиги учун) ва рақами;
имзо чекилган йил, ой ва кун, яъни томонларнинг имзо чеккан вақти, энг муҳими шартнома муддати, яъни унинг кучга кирган вақти ва унинг охирги муддати;
имзо чекилган жой;
томонларнинг манзилгоҳлари, тўлиқ номлари, уларнинг ҳуқуқий мақоми;
шартномалар матнининг қисқа ва тушунарли бўлиши учун тарафлар номланиши зарур. Масалан, маҳсулот етказиб бериш шартномасида «Маҳсулот етказиб берувчи» ёки
«Сотиб олувчи», ижара шартномасида «Ижарага берувчи» ва «Ижарага олувчи» ёки шунга ўхшаш «Таъминотчи», «Истеъмолчи», «Буюртмачи» каби бошқа номлар аниқ кўрсатилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |