Шартноманинг мазмунида унинг мақсади, умумий суммаси, миқдорига таъриф берилади ва улар ўзаро келишилган ҳолда ушбу бўлимда батафсил акс эттирилади.
Шартноманинг мазмуни деҳқон ва фермер хўжаликларининг қандай турдаги маҳсулот етказиб бериши, сотиши, хизматдан фойдаланиши каби йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда асосий шартлар билан биргаликда томонларнинг ўзаро келишувларига асосан, белгиланган шартлар ҳам акс эттирилиши, шунингдек, маҳсулот ёки хизмат турининг ўлчов бирликларининг тўғри қўйилишига алоҳида эътибор берилиши лозим.
Шартномаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қисмида шартнома шартларини бузган томонга нисбатан қўлланиладиган чоралар акс эттирилади ва улар томонларнинг ўз мажбуриятларини белгиланган муддат ва миқдорларда бажарилишини таъминлашга қаратилган бўлади.
Шартнома шартларини бузганлик ёки муддатларга риоя қилмаслик ҳолатлари учун жавобгарлик «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 25-32- моддаларига асосан, қўлланилади. Аксарият ҳолларда шартнома шартлари бузилганда, шартномани бузган томон иккинчи томонга жарима ёки пеня тўлайди.
Ушбу Қонуннинг 25-моддасига кўра, товарларни етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) муддатларини бузганлик учун товар етказиб берувчи (масалан, пудратчи фермер хўжалиги ва бошқалар) сотиб олувчига (буюртмачига) кечиктирилган ҳар бир кун учун мажбурият бажарилмаган қисмининг 0,5 фоизи миқдорида, лекин унинг 50 фоизидан ошмаган миқдорида пеня тўлайди, шунингдек товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини тўлашдан бош тортганлик ва тўлов талабномасини бутунлай икки қисмини рад этганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) маҳсулот етказиб берувчи(фермер, пудратчи)га ўзи тўлашни рад этган ёки бош тортган сумманинг 15 фоизи, лекин ушбу сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорида жарима тўлайди.
Мазкур қонунда, шунингдек, «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш тартиби тўғриси»даги Низомда кўзда тутилган бошқа жарима чораларини фермер хўжаликлари раҳбарлари яхши билишлари ва уларни тегишли корхона, ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида оқилона фойдаланишлари лозим.
Шартноманинг «Бошқа шартлар» бўлимида – шартноманинг кучга кириш вақти аввалдан келишилганлигини инобатга олиб, ушбу вақт ўзгариши ёки бошқа кўзда тутилган ҳолатлар юзага келган тақдирда шартномаларнинг бажарилиши қандай амалга оширилиши кераклиги ёки шартнома юзасидан шартномани бажариш давомида содир бўлиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ҳал қилиш, шартномани ўзгартириш ёки уни бекор қилиш шартлари ва тартиб, шартнома асл нусхасининиг миқдори ва бошқалар кўрсатилади.
Шартноманинг имзоланишига ваколат берилган шахснинг тўлиқ исми, отасининг исми ва фамилияси, тарафларнинг манзили, почта, банк, реквизитлари, алоқа усуллари каби мулоқотлар аниқ кўрсатилиши шарт. Фермер хўжалигида контрактация шартномалари Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрда «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятларнинг бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» 383-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга биноан, «Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлаш, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни
рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида Низом» тайёрланди ва тасдиқланди.
Мазкур Низомнинг амал қилиши фермер хўжаликлари билан бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш, моддий техника ресурсларини етказиб бериш, механизация ишларини бажарувчи, хўжаликларга сервис, агрокимё, агротехника хизматлари ва ҳоказо ташкилотлари ўртасида тузиладиган контратация шартномаларида ўз ифодасини топади.
Контрактация шартномаларида тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини келишилган муддатларда бериш, харид қилувчи эса келишилган муддатларда ҳақ тўлаб ушбу маҳсулотни сотиб олиш мажбуриятини олади.
Моддий-техника ресурслари таркибига кирувчи эҳтиёт қисмлар, уруғлик, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқаларни етказиб бериш юзасидан тузилган шартнома бўйича етказиб берувчи ташкилот хўжаликка ўзи ишлаб чиқарадиган ёки харид қиладиган моддий-техника ресурсларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фойдаланиш учун келишилган муддатда етказиб бериш мажбуриятини олади. Ўз навбатида хўжалик эса моддий-техника ресурсларини қабул қилиб олиш ва улар учун белгиланган, яъни келишилган нархлар бўйича ҳақ тўлаш мажбуриятларини олади.
Белгиланган тартибда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг айрим турларини давлат эҳтиёжлари учун харид қилиш мавжуд бўлган тақдирда тайёрлов ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни маблағ билан таъминлаш тўғрисида шартнома тузадилар.
Тузилган барча турдаги шартномалар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин амалга оширилиши белгиланган.
Шартномаларда, уни тузиш тартиби, яъни мавзуси, маҳсулотнинг номи, ассортименти миқдорининг ҳажми, сифати нархларининг тури ва ҳисоб-китоблар тартиби ва шакли ҳамда муддатлари шартноманинг умумий суммаси, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, маҳсулотни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш, қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) жойлари ва муддатлари (давлат), шартноманинг мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги, шартномалар бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби ва якуний қоидалари акс эттирилади.
Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш юзасидан тузиладиган контрактация шартномаларида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ҳамда хўжаликлар ихтиёрида қоладиган маҳсулотларнинг нави ва миқдори ҳам кўрсатилади.
Янги Низомга мувофиқ, шартномаларни ўз вақтида тузиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчиларга етказиб бериш, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга юклатилади ва уларнинг жавобгарлиги оширилади. Ушбу корхоналарнинг вакиллари шартномалар тузиш учун бевосита қишлоқ хўжалиги етиштирувчилар манзилига боришлари белгилаб қўйилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва тайёрловчи, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш 7 та босқичда амалга оширилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |