Чигитни пуштага экиш. Бунинг учун кузда шудгор қилингач, ер текисланади. Сўнгра ГХ-4 агрегати ёрдамида пушта олинади. Далани текислашда ВП-8 агрегатидан фойдаланилади. Пушталар баландлиги 60 см қилиб экилган далаларда 16-18 см, 90 см қилиб экилган майдонларда 25-30 см бўлади. Пуштани баҳорда олса ҳам бўлади. Бу иш фақат
экишдан 20-25 кун илгари бажарилиши лозим. Агар табиий намлик ҳисобига чигит униб чиқишига ишонч ҳосил бўлмаса, у ҳолда экишдан 8-12 кун илгари пушталар суғорилади. Тупроқ етилгач, пушта юзаси юмшатилади ва бир йўла экиб кетилади. Ғўзани пуштага экишнинг афзаллиги шундаки, далалар экишга 4-6 кун илгари етилади. Ҳосил 6-8 кун илгари пишади. Умумий ҳосил эса ҳар гектарда 4-6 ц ошади.
Ўғитлаш. Ерларга навбатлаб ҳар 3-4 йилда гектарига 30-40 т дан органик (гўнг ҳисобида) ўғит солиб турилади. Бу иш шудгорлаш олдидан амалга оширилади. Гўнг, албатта, чириган бўлиши шарт. Органик ўғит солинган майдонларда микроэлементларнинг миқдори ҳам ошади. Пахта минерал ўғитлардан азот, фосфор ва калийга талабчан. Ғўза 1 т пахта ҳосили етиштириш учун 60 кг азот, 20 кг фосфор ва 50 кг калий элементи талаб қилади. Ингичка толали ғўзалар эса яна 10-15 фоиз ошиқроқ истеъмол қилади.
Минерал ўғитлар билан озиқлантиришда унинг миқдори ҳосилдорликка қараб белгиланади. Масалан, пахтанинг ҳар гектаридан 15-20 ц ҳосил олиш учун 100 кг, 20-25 ц учун – 150 кг , 25-30 ц учун – 200 кг, 30-35 ц учун – 250 кг, 35-40 ц учун – 300 кг, 40-45 ц учун – 350 кг соф азот берилади. Азотли ўғитлар ерга бўлиб-бўлиб солинади. Йиллик азот миқдорининг 25-30 фоизи экишдан олдин, ерни ишлаш пайтида, 8-10 фоиз чигит экиш билан бир вақтда, қолган қисми ғўзанинг вегетацияси даврида иккига бўлиб берилади. Охирги озиқлантириш 10 июлдан кечикмаслиги шарт. Акс ҳолда ўғитлар зое кетади ва пахтанинг пишиши кечикади.
Фосфор ва калий ўғитлари тупроқдаги табиий миқдорига қараб азотга нисбатан 1:0,8 ва азот калийга нисбатан 1:0,5 белгиланади. Ёки ҳар гектарга 200 кг азот бериш керак бўлса, фосфор ва калийнинг миқдори 160 ва 100 кг ни ташкил қилади.
Фосфор ўғитининг 70 фоизи ва калийнинг 50 фоизи шудгорлашдан олдин берилади. Фосфорнинг қолган қисми чигит экиш ва биринчи озиқлантириш пайтида, калийнинг қолган қисми эса иккинчи озиқлантиришда ишлатилади.
Тупроққа таркибига қараб микроўғитлар (мис, руҳ, темир, магний ва бошқалар) ҳам бериб турилса яхши бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |