Олти ёшли болаларнинг мактабга тайёргарлиги диагностикаси
«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» ва «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳар томонлама комил, ижодкор ва ижтимоий фаол шахсни тарбиялашда таълим-тарбия жараёнини ҳар бир ўқувчининг индивидуаллигига асосланган ҳолда ташкил этишни назарда тутади. Замонавий педагогик технологиянинг моҳиятига сингдирилган таълим жараёнини индивидуаллаштириш ҳам ҳар бир боланинг жисмоний, маънавий-руҳий ва шахс ривожланишини таъминлаш омили ҳисобланади.
Психологик-педагогик ташхис натижаларидан болани мактабда ўқишга тайёрлаш борасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг самарадорлигини ҳам баҳолаш мумкин. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мактабгача таълим муассасаларидан келган олти ёшли болаларнинг тайёргарлик даражаси уйдан келган болаларникидан анча юқори ҳамда мактабда уларни ўйин фаолиятидан ўқиш фаолиятига “силлиқ” ўтказиш имконияти кўпроқ. Таҳлиллардан “Боғча-мактаб” мажмуаларида болаларни мактабга тайёрлаш самарадорлиги анча юқорилиги маълум бўлди. Бу мактабгача ва бошланғич таълим узвийлигини таъминлашда боғча ва мактаб ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Аслини олганда, таълимнинг инсонпарварлик тамойилига асослансак, тайёргарлик кўрсаткичидан қатъий назар мактабда ўқиш учун ҳаммага ва ҳар бир болага етарли шарт-шароит яратилмоғи лозим. Яъни нафақат бола мактабда ўқишга, балки мактаб ҳам ҳар бир болани ўқитишга тайёр бўлиши керак. Шунинг учун ҳам олти ёшли болаларни тиббий, психологик-педагогик ташхисдан ўтказиш “саралаш имтиҳони” эмас, балки бола билан ўтказиладиган навбатдаги коррекция-ривожлантириш ишлари йўналишини белгилаб берувчи восита ҳисобланади.
Олти ёшли болаларни мактабга умуметуклик даражасини ташхис қилиш ҳамда уларни ўқишга мослаштириш ишларида муаммолар, йўл қўйилаётган типик камчиликлар ҳам анчагина.
Яқин-яқинларгача ота-оналарнинг ўз болаларини мактабга тайёрлаш масаласи унчалик қизиқтирмас, 7 ёшга кирган бола тўғридан-тўғри мактабга қабул қилинар эди. Қувонарлиси шундаки, эндиликда ота-оналар болаларини мактабга тайёрлаш ва уларнинг мактабда ўқишига бефарқ эмаслар. Улар боғчада болалари «нима билан шуғулланади, нимани ўрганади» билан қизиқишмоқда. Қўшимча машғулотлар (репититорлик гуруҳлари)га болаларини олиб бориб «эртароқ ўқиш, ёзиш, саноққа ўргатиш»га ҳаракат қилишмоқда. Ота-оналарнинг куйинчаклиги, ўз боласининг эртаси учун қайғуриши яхши албатта, лекин болани мактабга тайёрлашда бундай ортиқча уринишлар айрим ҳолларда болаларни толиқтириб, уларнинг жисмоний ва психик ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.
Кузатишлардан маълумки, кўп болалар ота-онасининг хоҳиши ва «елиб-югуриши» билан ҳали ўқишга тайёр бўлмай туриб, мактаб остонасига қадам қўйишади. Афсуски, ўқиш давомида ақлий-руҳий зўриқиш олиш оқибатида турли касалликларга чалиниб, жисмоний ва психик ривожланишида нуқсонлар пайдо бўлади. Бундай болаларда энг аввало мия структурасининг ва нерв-психик жараёнларининг мактабда ўқиш учун тўлиқ етилмаганлиги, кўрув-ҳаракат координацияси ва кичик моториканинг ривожланмаганлиги, мантиқли фикр маҳсулдорлигининг пастлиги кузатилади. Ундан ташқари мотивация, иродавий жиҳатларининг шаклланмаганлиги, айниқса ихтиёрий диққат ва хотира, ҳатти-ҳаракатни ихтиёрий бошқарилувидаги муаммолар мактабда ўқишга тайёр бўлмаган болаларнинг муваффақиятли ўзлаштириб кетишига салбий таъсир кўрсатади. Бир сўз билан айтганда бундай болаларда ҳали «Ўқувчи ички позицияси» шаклланмаган бўлади.
Шу ўринда ««мактабда ўқишга тайёрлик» ёки «мактабда ўқишга умуметуклик» нима?» деган савол жавобига тўхталсак.
Охирги 15-20 йил давомида чет эллар ва мамлакатимизда жуда кўп олимлар, психологлар ва педагоглар бу савол устида бош қотирган бўлсаларда, ҳалигача боланинг мактабда ўқишга тайёрлигини белгилаб берувчи аниқ мезонлар ишлаб чиқилмаган. Чет эл психологлари мактабга умуметукликни «бола мактабда ўқиш қобилиятига эга бўлади»: (Е.Шванцара) ёки «мактаб программаларини ўзлаштириш учун керак бўлган билим, кўникма ва қобилиятларга эга бўлади» (А.Анастази) деб, талқин этишади.
Собиқ иттифоқ даврида ҳам А.В.Зопорожец, Л.И.Божович каби олимлар бу муаммо устида қатор илмий изланишлар олиб боришган. Шуни айтиш жоизки, таниқли психолог Л.А.Венгер ва унинг ҳамкасабалари томонидан ишлаб чиқилган назарий асос эътиборга лойиқ. Унда фундаментал психологиянинг асосий тамойили яъни, инсоннинг барча психологик хусусиятлари унинг фаолияти жараёнида шаклланиши асос қилиб олинган. Л.А.Венгернинг фикрича мактабгача таълим ёшидаги болада мактабда ўқишга хос хусусиятлар ҳали шаклланиши мумкин эмас, чунки бу хусусиятлар фақат ўқиш жараёнида шаклланади. Шу нуқтаи назардан бизнинг фикримизча, мактабга психологик тайёрлик болада ўқиш кўникма ва малакаларининг шаклланганлиги билан эмас, балки ўқий олишга тайёрлик имкониятлари билан белгиланади. Кўриниб турибдики, мактабда ўқишга тайёрлик муаммоси кўп қиррали бўлиб, уни ўрганиш ҳар томонлама психологик, физиологик ва морфологик тадқиқ қилишни тақазо этади.
Биз болани мактабда ўқишга тайёрлаш керак эмас деган фикрдан йироқмиз, лекин боланинг билиш жараёнларининг ривожланишига кичик ёшиданоқ ўқишни, санашни, ёзишни ўргатиш билангина эришиб бўлмайди. Яна бир қонуният бор: ҳар қандай тараққиёт кўргазма-образлиликдан абстрак-мантиқийликка қараб боради. Агар биз болага у ўқишга ақлий, маънавий-руҳий жиҳатдан тайёр бўлмай туриб ҳарф ва рақамларни ёзиш, ўқишни ўргатсак, бу ривожланиш қонуниятини тескари ўгириб қўямиз. Психолог олимларнинг фикрича, психик ва эволюцион тараққиёт қонунлари ҳам физик қонунлардек бузилмас ҳамда универсалдир.
Юқоридаги фикрларни умумлаштириб айтиш мумкинки, нейрофизиологик жиҳатдан ихтиёрий диққат ва ўқиш учун зарур бўлган кўплаб мияда кечадиган жараёнлар асосан 7-8 ёшда (ақлий ёши ўзиб кетган болаларда 6 ёшда ҳам) шаклланади. Яъни, шу ёшда мия 45 минутлик ақлий меҳнатга тайёр бўлади. Бизнинг фикримизча, бола мактабгача таълим ёшида «ўйинга тўймаса», уни «мажбуран» ўқиш, ёзиш, саноққа ўргатиш офтобдан тўйиб етилмаган тарвузнинг думини бураб қўйиб қизартиришдек ҳолатдир.
Умуман, олти ёшли болаларни мактабга тайёрлаш, уларни мактабда ўқишга танлаш ва ўқитиш муаммолари долзарб бўлиб, бу муаммони ҳал этиш таълимнинг бошқарув органлари, олимлар, педагоглар ва психологларнинг ҳамжиҳатликдаги ҳаракатини тақазо этади.
Маълумки, мактабгача ёш даврида болалар учун асосий фаолият тури-ўйин ҳисобланади. Албатта, олти ёшли болада (кўпроқ мактабгача таълим муассасаларига тортилган болаларда) илк ўқув мотивлари шаклланган бўлади, шунга қарамасдан олти ёшли болаларни ўйин фаолиятидан ўқув фаолиятига жисмоний, ақлий зўриқишсиз, силлиқ ўтишини ва мослашувини таъминлаш борасида қатор ишларни амалга ошириш керак бўлади.
Кўпгина тадқиқотчиларнинг (Э.Ғозиев, Л.Д.Столяренко, М.Расулова ва б.) таъкидлашларича, олти ёшли боланинг муҳим хусусиятларидан бири унда ўзига хос эҳтиёжларнинг мавжудлигидир. Бу эҳтиёжлар ўз моҳияти билан муайян билим, кўникма ва малакаларни эгаллашга, теварак-атрофдаги воқеликни ўзлаштиришга эмас, кўпроқ «ўқувчи бўлиш» истагини акс эттиради. Шу эҳтиёжлар замирида ўз сумкасига, дарс тайёрлаш бурчагига, китоб қўйиш жавонига эга бўлиш истаги, катталардек ҳар куни мактабга қатнаш туйғуси ётади, холос. Умуман олганда, бу ёшда бола ҳали ўқишнинг туб моҳияти ва вазифасини тўлиқ англамайди. Мактабга боргандан сўнг унинг ўқувчилик сафига қабул қилиниши, ота-онасининг ҳар куни мактабга кузатиб қўйиши, кутиб олиши, (эътибор беринг, боғчага қатнаётган вақтидаги олиб бориб қўйиш, олиб келиши эмас), айнан кузатиб қўйиш ва кутиб олиш, ўқитувчилар ва катталарнинг унга самимий тилаклари, синфдошлари билан саф тортиб юришлар, танаффус вақтидаги ўйинлар, ўқитувчининг уй топшириқлари, унга битталаб сўзма-сўз тушунтиришлари болани ўзига «ром» этади. Кўп вақт ўтмай булар аста-секин унинг учун ўз аҳамиятини йўқота бошлайди. Бола энди ўқишни ақлий меҳнат эканлигини, диққатини, иродасини ишга солиши кераклигини, айрим ҳолларда ёқтирмаган иши билан ҳам шуғулланиши кераклигини, бундан ташқари, ўз хулқини идора этиши, ҳатти-ҳаракати учун жавоб бериши лозимлигини англай бошлайди. Шу ҳолатда ақлий меҳнат кўникмасига эга бўлмаган боланинг ўқишдан кўнгли совийди, унда умидсизлик ҳисси пайдо бўлади, натижада бола мактабда ўқув фаолиятига тўлиқ мослаша олмай қолади. Кузатишлардан маълумки, мактабга уйдан келган болаларга нисбатан мактабгача таълим муассасаларидан келган болаларнинг ўқиш фаолиятига мослашуви анча силлиқ ва осонроқ кечади. Уйдан келган болаларда муқим ўтириб ақлий меҳнат билан шуғулланиш малакаси сустроқ шаклланганлиги уларни мактабга тайёрлашда тизимли ва мақсадли ёндашилмаганликнинг оқибати ҳисобланади.
Маълумки, ҳар бир ёш ўзига хос ва бошқа ёшлардан фарқ қиладиган хусусиятларга эга. 6-7 ёшга бориб бола юраги 4-5 баравар катталашади, бош миясининг вазни эса тахминан 1350 гр етади. Бу ёшда скелет суяклари жадал такомиллашиб, таянч-ҳаратланиш аппарати мустаҳкамланиб боради ва бола турли-туман мувофиқлашган ҳаракатлар қилиш имкониятига эга бўлади. Худди шундай марказий нерв системасининг функцияси такомиллашади, шартли тормозланиш ривожланади. Олти ёшда организмда бу ўзгаришлар интенсив кечади, бу даврда сут тишлар доимий тишлар билан алмашинади. Шунинг учун ҳам олти ёшли болани мактабга қабул қилишда, энг аввало, унинг жисмоний ривожланиш даражасини таълим талабларига мос эканлигини ҳисобга олиш керак. Акс ҳолда, соғлом бўлмаган болага ўқув юкламалари кўплик қилиб, унинг ақлий ёки жисмоний зўриқишига сабаб бўлади. Бундай зўриқишлар оқибатида болалар турли касалликларга чалиниб, жисмоний ва психик ривожланишида нуқсонлар пайдо бўлади.
Эътироф этиш лозимки, ота-оналар, педагоглар болаларни эрта ёшидан мактабга беришнинг фойда ёки зарари тўғрисида ўйлаганда, инсон мияси ривожланишининг ўз нейрофизиологик қонунияти борлигини алоҳида эътиборга олишлари лозим. Мия қуввати ҳар бир ривожланиш босқичи учун тегишли даражада тақсимланган. Агарда бу қувватни шу ёш даврига хос бўлмаган маълум бир психик жараённи ривожлантиришга сарфласак, билингки, шу қувват тегишли бўлган жойда танқислик ҳосил бўлади. Бу ўз-ўзидан боланинг морфологик, физиологик ёки психик ривожланишида салбий бурилиш ёки психик нуқсонни пайдо қилади. Таниқли нейропсихолог А.Сменовичнинг таъкидлашича, 2-5 ёш даври болада сенсомотор ва эмоционал ҳиссий жиҳатларнинг кучли ривожланиш даври ҳисобланади. Агар сиз шу ёшда болани ўқиш, ёзиш, санашга ўргатиб, унинг билиш жараёнини зўриқтирсангиз, билингки, эмоционал ҳиссий ривожланиш учун зарур бўлган мия қувватининг танқислашувига сабаб бўласиз. Бунда боланинг эмоционал-ҳиссий жараёнларини кечиши ёки соматик (тана) ривожланишида камчилик содир бўлади. бундай энергия тақсимланишининг мажбуран бузилиши 7-8 ёшли болаларда қўрқув, агрессивлик ёки гиперфаоллик ҳолатларига олиб келади.
Ҳар ўқув йилининг иккинчи чораги сўнгида, олти ёшдан қабул қилинган болаларнинг ақлий ривожланиш динамикаси ва мактабга мослашиш даражасини ўрганиш мақсадида, қайта психологик-педагогик ташхис ўтказилади.
Ўтказилган қайта ташхис хулосаларидан маълумки, мактабга мослашмаган болаларда билиш психик жараёнлари, майда қўл моторикаси ва кўрув-ҳаракат координациясининг етарли даражада ривожланмаганлиги, мантиқли фикр маҳсулдорлигининг пастлиги, мотивация ва иродавий жиҳатларининг тўлиқ шаклланмаганлиги, хатти-ҳаракатнинг ихтиёрий бошқарувидаги муаммоларнинг мавжудлиги, уларнинг муваффақиятли ўзлаштириб кетишларига салбий таъсир кўрсатади.
Юқоридаги фикрларни умумлаштириб айтиш мумкинки, нейрофизиологик жиҳатидан ихтиёрий диққат ва ўқиш учун зарур бўлган кўплаб мияда кечадиган жараёнлар асосан 7-8 ёшда (ақлий ёши ўзиб кетган болаларда олти ёшда ҳам) шаклланади. Яъни шу ёшда мия 45 дақиқалик ақлий меҳнатга тайёр бўлади. Шунинг учун ҳам ота-оналар олти ёшли болаларини мактабга олиб келишдан олдин, шу омиллар ҳақида жиддий ўйлаб кўришлари керак.
Худди шундай, ҳудудий ташхис Марказлари мутахассислари, тиббий ходимлар, мактабларда ташкил этилган психологик-педагогик ташхис комиссиялари аъзолари, ўқитувчилар ва мактаб маъмурияти ҳам мактабга жисмонан, ақлан, маънан ва психологик жиҳатдан мутлоқ, ҳар томонлама тайёр бўлган олти ёшли болаларни танлаб жалб этиш ҳамда уларни ўқув фаолиятига мослаштириш ишларига янада масъулиятлироқ ёндашишлари лозим. Зеро, олти ёшли боланинг мактабда муваффақият билан ўқиб кетиши катталарнинг хоҳиш-истаги билан эмас, балки унинг ўзининг ўқишга тайёргарлик даражаси, имконият ва қобилиятига боғлиқ бўлади.
Ўқувчиларнинг ривожланиш динамикасини узлуксиз кузатиб бориш ва босқичма-босқич психологик-педагогик ташхис қилиш мақсадида барча 1-синф ўқувчилари учун «Психологик-педагогик ташхис дафтари» юритилмоқда. Мазкур дафтар ҳар бир ўқувчининг ўзига хос ривожланиш йўналишини белгилаб бориш ва уни ўз вақтида коррекциялаш (тузатиш) имконини беради.
Олти ёшли болаларнинг мактабга мослашуви ва ақлий ривожланишини мақсадга мувофиқлаштириш учун мактаб амалий психологлари ва ўқитувчилар томонидан «Психологик саломатлик мактаби» коррекция-ривожлантириш машғулотларини ўтказиш муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |