Болалар нутқини ўрганишда қуйидаги ўйинлардан фойдаланиш мумкин:
1. «Битта-кўп» Логопед бир предметнинг номини айтади, (масалан: “китоб”), бола эса шу предметни кўпликда айтади («кўп китоблар»)
2. «Тескариси» Логопед болага предметнинг сифатини айтиб копток отади, бола эса тегишли сифатнинг тескарисини айтиб коптокни қайтаради.
Масалан: «Баланд дарахт - паст дарахт».
3. «Катта-кичик» Болаларга ҳажми жиҳатдан ҳар хил предмет, нарсаларнинг расмлари тарқатилади. Логопед «катта» сўзини айтиши билан бола катта дарахтнинг расмини кўрсатади, «кичик» дейиши билан - кичкина дарахтнинг расмини: «Менда кичкина дарахт»,- дея кўрсатади.
Боланинг фонематик эшитувини текшириш учун қуйидаги топшириқ берилади:
а) бир қатор тўғри талаффуз қилинувчи бўғинларни қайтариш ва эсда олиб қолиш: па-ба-па, да-та-да;
б) берилган товуш орқали сўзлар ичидан керакли сўзни танлаш;
в) берилган товуш учун расм танлаш;
г) берилган товуш учун мустақил равишда сўз тузиш;
Боғланишли нутқни текширишда боладан ёшига мос серияли ва сюжетли (ҳолатли) расмлар орқали ҳикоя тузиб бериш талаб қилинади.
Бола расмни ўрганиб чиқиши ва унга режа тузиши учун вақт берилади. Агар топшириқни бажара олмаса, логопед ҳикоя намунасини ўзи айтиб беради ва бола қўлидаги расм ўзгартирилади.
Боланинг нутқини текширишда аниқланган нутқ намуналари (тўғри ва нотўғриларнинг барчаси) нутқ картасида ўз ифодасини топиши лозим.
Сурдопедагогик текширув
Эшитиш нуқсонининг ташхисини ўрганишдан аввал эшитиш жараёнининг механизми ҳақида маълумотга эга бўлиш керак.
Қулоқ инсоннинг ташқи муҳит билан алоқа қилишида восита бўладиган сезги аъзолари (органи)дан биридир.
Эшитиш органининг вазифаси товушларни баланд, юқори ва ёқимлига ажратишдан иборат.
Товуш муҳитнинг тебранишли ҳаракати. Юқори товуш жисмнинг тебраниш тезлигини аниқлаш билан ўлчанади ва у «Гц»(герц) билан белгиланади.
Муҳит – ҳаво, сув, тупроқ ва х.з.
Товуш манбаи – тебранувчи тана, яъни камертон, овоз пайчалари. Товуш тўлқинининг ёйилиши 00 ҳавода 333 м.сек., сувда 1450 м.сек.га тенг.
Товуш амплитудаси бу – тебраниш кучи, силкиниш даври ва тўла тебраниш даври. Товуш частотаси эса –товушнинг 1 сек. тебраниш сони.
Тебранишлар характери (тавсифи)га кўра товушлар 2 гуруҳга бўлинади:
Тон – овоз – садо.
Шовқин.
Агар тебранишлар ритмик бўлса, яъни аниқ муддатдан сўнг бир хил товуш тўлқинлари фазаси такрорланса, бу мусиқавий тон – овоз – садо ҳисобланади. Тоннинг оддий тури – гармоник тебраниш, яъни соф тон – овоз ҳисобланади.
Товуш 3 асосий хусусият, яъни кучи, баландлиги ва тембрига эга.
Товуш кучи амплитудага боғлиқ. Қанчалик амплитуда, яъни тебраниш кучли силкиниш асосида бўлса, товуш шунча кучли бўлади. Аксинча бўлса- кучсиз бўлади. Товуш кучи «Д.б.» (децибел) билан белгиланади.
Товуш баландлиги – манбанинг тебраниш частотасига боғлиқ бўлиб,
1 сек.да тўла тебраниш сони билан ўлчанади.
Секундига 200-300гача тебранишлар «паст», яъни кучсиз, 2000 дан юқориси «кучли» деб юритилади.
Тембр – товуш безаги. У орқали турли манбалардан чиқаётган бир хил баландлик ва кучдаги товушлар фарқланади.
Инсон 16 дан то 20000 Гц.гача бўлган товушни қабул қила олади. У 16 Гц.дан паст (инфратовуш) ва 20000Гц.дан юқори бўлган тебранишли товушларни қабул қила олмайди.
Инсон қулоғининг товушларни энг сезувчанлик чегараси 1000-4000 Гц.гачадир.
Товушнинг йўналишини аниқлаш қобилияти «отоптика», яъни иккала қулоқнинг эшитиш қобилиятига боғлиқ. Бир қулоғи эшитмайдиган кишида ушбу фаолият бузилади. Шу сабабли у товуш чиққан жойни аниқлаш учун соғ қулоғи билан турли томонга айланишга мажбур бўлади. Соғлом кишилар эса товуш чиққан жойни осонлик билан топадилар.
Эшитув вазифасининг амалга ошишида товуш ўтказиш ва товушни идрок (қабул) қилиш жараёни кузатилади.
Товушлар қулоққа ҳаво орқали, шунингдек, бошқа йўл билан ўтиши мумкин. Бош суяклари орқали товуш идроки «суяк ўтказувчанлиги» деб юритилади. Айниқса, баланд товушлар бош суяклари орқали ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |