«Тармоқлар» (Кластер) методи педагогик стратегия бўлиб, у ўқувчи- талабаларни бир мавзуни чуқур ўрганишларига ёрдам беради. Ўқувчи-талабаларни мавзуга тааллуқли тушунча ёки аниқ фикрни эркин ва очиқ равишда кетма-кетлик узвий боғланган ҳолда тармоқлашларига ўргатади. Бу усул билан мавзуни чуқур ўрганишдан аввал ўқувчи-талабаларнинг фикрлаш фаолиятини жадаллаштириш ҳамда кенгайтириш учун хизмат қилади. Шунингдек, ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш, умумлаштириш ҳамда ўқувчи-талабаларни шу мавзу бўйича тасаввурларини чизма шаклида ифодалашга ундайди. “Кластер” методи аниқ объектив йуналтирилмаган фикрлаш шакли саналади. Ундан фойдаланиш инсон мия фаолиятининг ишлаш тамойили билан боқлиқ равишда амалга оширилади. Ушбу метод муайян мавзунинг ўқувчилар томонидан чуқур ҳамда пухта ўзлаштирилгунига қадар фикрлаш фаолиятининг бир маромда бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
“Кластер” методи пухта ўйланган стратегия бўлиб, ундан ўқувчилар билан якка тартибда ёки гуруҳ асосида ташкил этиладиган машғулотлар жараёнида фойдаланиш мумкин. Гуруҳ асосида ташкил этилаётган машғулотларда ушбу метод гуруҳ аъзолари томонидан билдирилаётган ғояларнинг мажмуи тарзида намоён бўлади. Бу эса гуруҳнинг ҳар бир аъзоси томонидан илгари сурилаётган фикрларни уйғунлаштириш ҳамда улар ўртасидаги алоқаларни топа олиш имкониятини яратади.
«Бумеранг» технологияси бир машғулот давомида ўқув материалини чуқур ва яхлит ҳолатда ўрганиш, ижодий тушуниб етиш, эркин эгаллашга йўналтирилган. У турли мазмун ва характерга (муаммоли, мунозарали, турли мазмунли) эга бўлган мавзуларни ўрганишга яроқли бўлиб, ўз ичига оғзаки ва ёзма иш шаклларини қамраб олади.
«Бумеранг» технологияси танқидий фикрлаш, мантиқни шакллантиришга имконият яратади ҳамда ғоя ва фикрларни ёзма ва оғзаки шаклларда баён қилиш кўникмаларини ривожлантиради. Мазкур метод тарбиявий характердаги қатор вазифаларни амалга ошириш имконини беради, яъни; бўлажак иқтисодчиларда жамоа билан ишлаш маҳорати, муомалалик, хушфеъллик, ўзгалар фикрига ҳурмат, раҳбарлик сифатларини шакллантириш, ишга ижодий ёндашиш, ўз фаолиятини самарали бўлишига қизиқиш, ўзини холис баҳолаш кабилар.
«Веер» технологияси мураккаб, кўптармоқли, мумкин қадар муаммо характеридаги мавзуларни ўрганишга қаратилган. Технологиянинг моҳияти шундан иборатки, бунда мавзунинг турли тармоқлари бўйича ахборот берилади ва уларнинг ҳар бири алоҳида муҳокама этилади. «Веер» технологияси танқидий, таҳлилий, аниқ ва мантиқий фикрларни ривожлантиришга ҳамда ўз ғоялари ва фикрларини ёзма ва оғзаки шаклда баён этиш ҳамда ҳимоя қилишга имконият яратади.
Ушбу технология мавзуни ўрганишнинг турли босқичларида қўлланилиши мумкин: билимларни эркин фаоллаштиришда; мавзуни ўрганиш жараёнида унинг асосларини чуқур фаҳмлаш ва англаб етишда; якунлаш босқичида олинган билимларни тартибга солишда.
Do'stlaringiz bilan baham: |