17-модда. Чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматга тайёргарлик кўришдаги кафолатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликдан ўтаётган чақирилувчиларнинг иш жойи ва эгаллаган лавозими, шунингдек ўртача иш ҳақи уларнинг бутун тайёргарлик даврида, шу жумладан ўқиш (йиғинлар) ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш даврида сақланиб қолади.
(17-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Чақирилувчиларга уларнинг таълим олиш (йиғинлар) даврида уй-жой ижарасига кетган харажатлари қопланиши, ўқиш ўтказиладиган жойга бориш ва у ердан қайтиб келиш (агар бу бошқа аҳоли пунктига бориш билан боғлиқ бўлса) йўл кираси ҳамда ўртача иш ҳақи тўланиши уларнинг асосий иш жойида амалга оширилади. Ишламайдиган чақирилувчиларнинг ана шундай харажатлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи миқдоридаги нафақа тегишли ҳокимликлар томонидан қопланади (тўланади).
(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
III. ФУҚАРОЛАРНИ ЧАҚИРУВ УЧАСТКАЛАРИДА ҚАЙД ЭТИШ, ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИЛИШ ВА КИРИШ
18-модда. Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш
Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш уларни ҳарбий рўйхатга олиш, уларнинг сонини, ҳарбий хизматга қай даражада яроқли эканлигини, умумтаълим ва жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Фуқароларни қайд этиш туман (шаҳар) мудофаа ишлари органлари ҳузурида ташкил этиладиган чақирув участкаларида амалга оширилади ва рўйхатга олинаётганларнинг турар жойларида ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш улар умумтаълим мактабидаги ёки ўрта-махсус таълим муассасасидаги охирги ўқиш йилининг апрель — май ойларида амалга оширилади.
(18-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 5 сентябрдаги ЎРҚ-564-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.09.2019 й., 03/19/564/3690-сон)
Чақирув участкасида қайд этилиш учун фуқаролар чақирув қоғозида кўрсатилган муддатда мудофаа ишлари органларига келишлари ва зарур ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
Фуқароларни туманлардаги (шаҳарлардаги) чақирув участкаларида қайд этиш учун таркибига мудофаа ишлари органлари вакиллари, мутахассис врачлар киритиладиган тегишли комиссиялар тузилади.
Чақирув участкаларида қайд этиладиган фуқароларни тиббий кўрикдан турли йўналишдаги врачлар, шу жумладан жарроҳ, терапевт, невропатолог, психиатр, кўз касалликлари, қулоқ, томоқ, бурун касалликлари, тиш касалликлари мутахассислари, зарурат бўлганда эса, бошқа ихтисосдаги врачлар ўтказади.
Зиммасига ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг рўйхатини юритиш вазифаси юклатилган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган муддатларда тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларига чақирув участкаларида қайд этилиши лозим бўлган фуқароларнинг рўйхатини берадилар.
Чақирилувчиларга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳарбий рўйхатга олиш ва ҳарбий хизматга тайёргарлик тартиби тушунтирилади. Қайд этилган вақтдан бошлаб фуқаролар ҳарбий рўйхатга киритиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |