Иғвогарлик. Оддий ахлоқ - одобнинг салбий мезонларидан бири бўлиб, кишининг бирор кимсага нисбатан бўҳтон қилиши, унда бўлмаган қусурларни, ҳар хил уйдирмалар, номаъқул гапларни тарқатиши, қоралаши, ғирт ёлғон кирдикорларни ўйлаб топиб, унинг шаънига фисқу - фасодларни тўкиб чиқаришдир. Иғвогарлик кўпинча, сиртдан, орқа ва ортдан, ғойибона ва пинҳона бўлади.
Чақимчилик. Ғийбатчи иғвогарларнинг “беминнат” ёрдамчиси.
Эрур ҳаммадан ҳам чақимчи ёмон,
Унингдек разил кўрмадим ҳеч қачон.
Бузуқ фикру нодонлиги бирла ул,
Бузар икки дўст ўртасини нуқул.
Булар дўстлашурлар бўлиб жону-дил,
Уятга қолур ўртада ул разил.
Уруш икки тан ўртасида олов,
Чақимчи ўтин ташигувчи, мохов.
* * *
Чақимчи, яна эски кек қўзғатар,
Ювошган кўнгилни ғазаблантирар.
Сен унга яқинлашма мумкин қадар,
Ки ўлган илон бошини қўзғатар. Саъдий Шерозий.
Бир киши Ҳасан Басрий (қ.с) ҳазратларининг олдиларга келиб:
“Фалончи сенинг ҳақингда фалондай пистондай номаъқул гапларни гапирди”, - деди.
- Қачон?
- Бугун.
- Қаерда?
- Уйида.
- Унинг уйида нима қилаётган эдинг?
- Зиёфатга борувдим.
- Зиёфатда нима единг?
- Ҳалиги киши саккиз хил таомнинг номини санабди.
Шунда Ҳасан Басрий (қ.с) :
- Ўша одамнинг саккиз хил таоми қорнингга сиғдию, бир оғиз сўзи сиғмадими? Тур, кет бу ердан! – дедилар ва чақимчини даргоҳларидан қувиб чиқардилар.
Сир айтиш
Инсон ҳар учраган кимсага сирини айтса, шубҳасиз, ҳалокатга дуч келади.
Пулининг миқдорини сўзлаш инсонни иродасизликка бошлайди.
Ташаббусини ва борадиган жойини гапириш, душманлар макр ва ҳийла қилишига йўл очиш демакдир.
Афлотун айтади:
- Дунёда энг ожиз ва нотавон одам ўз сирини яшира олмайдиган кишидир. Агар киши ўз сирини асрай олмаса, ҳеч қандай дўст уни асрашга қодир эмас!
Хаётда шундай холатлар бўладики, хақиқат бўлса-да бировнинг сирини ошкор қилиш жиноятга етаклаши мумкин. Масалан, қўшнисининг боласи асраб олинганини бировларга ёки боланинг ўзига айтиш Қонунда таъқиқланган. Нега ахир у хақиқат дейсизми? Чунки бу билан боланинг руҳиятига ва тақдирига салбий таъсир этиши мумкин. Шунингдек, ошкор бўлмаслиги лозим бўлган касалликлар ҳақида маълумотларни ўзгаларга етказилиши мумкин эмаслиги ҳам қонунда белгилаб қўйилган.
***
Туҳматчилик кишини яхши билмай, бировнинг гапига лақиллаб ишониб ёки атайлаб унга бўҳтонлар, фисқу фасодлар ёғдиришидир. Ҳасад туйғуси бошқаларни кўра олмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига қандайдир куйиниш, ичи қоралик оқибатида содир бўлади.
Абдулла Авлоний “Ҳасад балоси” номли мажозий ҳикоясида хасадчи кишиларнинг халқ олдида ўз расволиклари билан шарманда бўлишлари ва улар ғоят зарарли эканликларини оддийгина атрофлича тушунтириб берган.
Туҳмат—тош ёради,
Тош ёрмаса, бош ёради. Ўзбек халқ мақоли.
Хиёнат. Дўстнинг, яқин кишининг хиёнати жуда оғир ва аламли бўлади. Уни қалбдан буткул ўчириб юбориш мушкул. Дўст томонидан етказилган кичик азият ҳам зоҳирдан кичик бўлиб кўрингани билан аслида катта бўлиб, қалбда чуқур жароҳат қолдиради. Чунки, дўстдан жафонинг каттаси ҳам, кичиги ҳам кутилмайди. Наинки жафо, балки, қандайдир эътиборсизлик, бемеҳрлик ҳам дўст билинувчи кишидан содир бўлиши кўнгилга оғир ботади.
Do'stlaringiz bilan baham: |