2.2. Туристик маркетингнинг замонавий концепцияси
Концепция деганда қўйилган мақсадга эришишни таъминлайдиган йўл ёки назарияни тушуниш мумкин. Туризмда маркетинг концепциясининг таркибини унинг вазифаларини кўриб чиқиш орқали тушунтириш мумкин:
1-вазифа. Қарорлар қабул қилишда эҳтиёжлар, талабнинг ҳолати ва динамикаси, туристик бозор конъюнктурасидаги вазият ҳамда динамиканинг чуқур ўрганилиши.
2-вазифа. Туристик маҳсулот ишлаб чиқаришнинг бозор талабларига, талаб структурасига шу ондаги лаҳзалик манфаатдан эмас, балки, узоқ муддатли истиқболдан келиб чиққан ҳолда максимал даражада мослашишига шароит яратиш. Яъни, туризм соҳасида фаолият юритувчи корхонанинг бутун фаолияти (илмий-техник, ишлаб чиқариш, сотув, ва бошқалар) истеъмолчиларнинг талаби ва унинг истиқболдаги ўзгариши тўғрисидаги билимга асосланиши лозим.
3-вазифа. Турмаҳсулот харидорларининг қондирилмаган талабларини аниқлаш ва ишлаб чиқаришни ушбу талабларни қондиришга йўналтириш. Маркетинг истеъмолчиларнинг талаби бўлган турларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва сотишни англатади. Маркетинг тизими туристик маҳсулот ишлаб чиқаришни талабга боғлаб қўяди ва товарларни истеъмолчига керак бўлган ассортимент ва ҳажмда яратишни талаб этади. Маркетинг концепциясини амалга оширишда хўжалик қарорларини қабул қилиш бозордаги вазиятга нисбатан сезгир бўлган бўлинмалардан келиб чиқиб қабул қилинади. Маркетинг хизмати бозор, ишлаб чиқариш, илмий-техник ва молиявий сиёсатни амалга оширишда маълумот ва тавсиялар манбаи бўлиб хизмат қилади. Бунда талабнинг ҳолати ва динамикаси ҳамда бозор конъюнктурасининг чуқур таҳлил этилишидан сўнггина у ёки бу турни ишлаб чиқишнинг зарурати, фойдалилиги тўғрисида қарор қабул қилинади.
4-вазифа. Истиқболдаги истеъмолчиларни ташкилот маҳсулотлари тўғрисида хабардор қилиш ҳамда истеъмолчиларга барча услуб ва воситалардан фойдаланган ҳолда айнан белгиланган турни харид этишга ундаш учун таъсир этиш. Янги самарали туристик турни таклиф этиш бу - турмаҳсулотнинг ўзи ўз бозорини эгаллайди дегани эмас, бунинг учун уни бозорда илгари суришни ҳам муваффақиятли амалга ошириш лозим бўлади. Зеро, турист бирор ерга боришидан олдин, ҳеч бўлмаса, шу ернинг (манзилнинг), тур(маршрут)нинг мавжудлиги тўғрисида маълумотга эга бўлиши лозим.
Маркетинг фалсафасига биноан туристик корхона узоқ муддатли вақт давомида самарали фаолият юритиши учун қуйидаги беш принципдан келиб чиқиб иш тутиши лозим (принцип – қандайдир ишонч, қараш; у бутун билимлар ва ҳатти-ҳаракатлар тизимининг асосида ётувчи талаблар йиғиндисидир):
инновацион маркетингни қўллаш, яъни корхона муттасил равишда ўз тур хизматларини ва маркетинг услубларини янгилаб бориши лозим;
қадриятий маркетингдан фойдаланиш, яъни, корхона турмаҳсулотнинг истеъмолчи учун қадрли бўлган томонларини ривожлантириб, ошириб бориши лозим;
корхонанинг ўз ижтимоий вазифасини ҳам англаши, яъни, у ўз фаолиятида тор ишлаб чиқариш – хўжалик вазифаларидан эмас, балки ўз ижтимоий ўрнидан келиб чиқиб иш тутиши унинг ходимларида ўзларининг ишларидан бўлган мамнунлик ҳиссини ошириб боради. Натижада ходимлар янада яхшироқ ишлай бошлайдилар;
Ижтимоий-этик маркетинг конценциясига амал қилиш;
Истеъмолчи - туристларга мўлжалланиб иш юритиш.
Ижтимоий-этик маркетинг концепциясига биноан, туристик корхона нафақат туристларнинг аниқланган талабларини рақобатчиларга нисбатан самаралироқ ва тўлиқроқ қондириши, балки, шунинг билан биргаликда алоҳида олинган ҳар бир туристнинг фаровонлигини қўллаб-қувватлаши ва яхшилаб бориши зарур. Бунда туристик эҳтиёжни қондирувчи корхона доим ҳам туристлар ва жамиятнинг узоқ муддатли манфаатларини инобатга олган ҳолда фаолият юритаётганлигига эътибор берилади. Бу концепция қуйидаги уч омилнинг ўзаро мутаносиб боғланишини кўзда тутади: 1) корхонанинг фойда олиши, 2) туристлар талабларининг қондирилиши, 3) жамият манфааатларининг инобатга олиниши. Ижтимоий-этик маркетинг концепциясидан табиий ва маданий туристик ресурсларни йўқолишдан ва зарар кўришдан сақлаб қолишда ҳам фойдаланса бўлади.
Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, туристик маркетинг ўз олдига қуйидаги мақсадларни қўяди:
Турмаҳсулотни ишлаб чиқаришнинг максималлашуви (албатта манзилнинг бардош бера олиш чегараларини ҳисобга олган ҳолда).
Туристларнинг қониқиш даражасининг максималлашуви, яъни, туристик маҳсулотни ишлаб чиқариш миқдорларини орттиргандан ташқари, туристларнинг туристик маҳсулотдан қониқтирилиш даражасининг устирилиши ниҳоятда муҳимдир.
Туристлар танловини максималлаштириш, яъни, шундай турлар хилма хиллигини таъминлаш зарурки, туристлар ўз таъбларига мос келувчи турни топа олишсин.
Ҳаёт стандартини максималлаштириш, яъни, туристик маркетинг сифатли турмаҳсулотларнинг мос келувчи нархлардаги хилма-хиллигини таъминлашдан ташқари, инсонлар маданий ва табиий дам оладиган муҳитларининг сифатли бўлишини ҳам таъминлаб бериши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |