Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 2 та халқаро ва 2 та республика илмий-амалий конференцияларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Тадқиқот мавзуси бўйича жами 13 та илмий иш, жумладан, 1 та монография, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 8 та мақола, жумладан, 5 та республика ва 3 та хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациянинг ҳажми ва тузилиши. Диссертация иши кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг ҳажми 112 саҳифани ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва зурурати асосланган, тадқиқот ишининг мақсади, вазифалари, объекти ва предмети тавсифланган, республика фан ва технологиялари ривожланишининг муҳим йўналишларига мослиги кўрсатилган ҳамда тадқиқотнинг илмий янгилиги, амалий натижалари баён қилинган, олинган натижаларнинг ишончлилиги, илмий ва амалий аҳамияти очиб берилган, тадқиқот бўйича ўтказилган тажриба-синов ишларининг баёни ва уни амалиётга жорий қилиш натижалари, нашр этилган ишлар ва диссертация тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг “Ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг назарий-методологик асослари” деб номланган биринчи бобида муаммонинг маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар томонидан ўрганилиш тадрижи, ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг педагогик-психологик хусусиятлари ва омиллари тадқиқ этилган.
Жамиятда маънавий-маърифий тарбия, адолатлилик, маънавий бағрикенглик, инсонпарварлик ва ватанпарварлик мавзусини тушуниш инсоният тарихи давомида гуманитар фан вакиллари ва бошқа соҳа мутахассислари учун ўрганилиши долзарб ижтимоий воқелик бўлиб келган. Жамият аъзолари онгида ватанпарварлик ғоясининг элементлари пайдо бўлиб, унинг ривожланиш генезиси, таълим ва тарбия тизимидаги мазмунининг юксалиши, ижтимоий онгда шахсий ва миллий тақсимот дахлдорлиги ва унинг хусусиятлари таҳлили мазкур маънавий ҳодисанинг ижтимоий жараён билан интеграциясини юзага келтиради.
Маънавий-маърифий ва ватанпарварлик тарбияси ўзининг ривожланиш ва такомиллашув тадрижига эга бўлиб, қадимги Греция, Ҳиндистон, Хитой ва Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий-сиёсий қарашларида бу борада фикрлар билдирилган. Тарбиянинг бу шакли ижтимоий-сиёсий тузумлар ва жамиятнинг ривожланганлик даражасига боғлиқ равишда ҳар бир даврда ўзига хос мазмун ва шаклларда намоён бўлган. Аммо ҳамма даврларда ҳам тарбиянинг бу шакли учун миллий қадриятларга ва Ватанга содиқлик ўзак масала бўлиб қолаверган.
Шахс маънавий камолоти ва ватанпарварлик тарбияси масаласида идрок тамойили ва унинг категориал жиҳатларига эътибор қаратиш лозим бўлиб, фалсафий методологияни гносеологик, аксиологик, герменевтик ва тизимли ёндашувлар билан боғлиқ жиҳатларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бу борада тадқиқотчилар А.В.Лукинова, Н.В.Ипполитова, М.А.Терентий, Н.В.Ипполитова, В.И.Руденко, Д.Ю.Мордвинцев, М.М.Гасанов, А.В.Лукинова, В.И.Лутовинов, С.И.Мещеряков, М.В.Кларин, О.Мусурмонова, М.Қуронов, Қ.П.Ҳусанбоева, Б.Зиёмуҳамедов, Т.Маҳмудов, Ш.Абдуллаева, Ў.Қ.Толипов, М.Усмонбоева, У.Долимов, Э.Ғозиев, У.Шерматова ва бошқаларнинг илмий-назарий фикрлари аҳамиятлидир.
Академик Д.С.Лихачев: “Ватанпарварлик – энг олижаноб туйғу. Бу ҳатто туйғу ҳам эмас – бу руҳнинг шахсий ва ижтимоий маданиятининг энг муҳим томони”,2 деб таъкидлайди. Бу маданият ва ватанпарварлик ўртасида диалектик алоқанинг мавжудлигини кўрсатади. Мазкур мулоҳазалар мавзунинг фақат умумий томони, яъни контури бўлиб, уни ўқитиш методикаси ҳар бир педагог томонидан ишлаб чиқилиши ва тўлдирилиши лозим. Теодор Рузвельтнинг таъкидлашича, Ватанпарварлик ўз мамлакатини қўллаб-қувватлаш ва унинг манфаатларига хизмат қилишдир.3 Тадқиқотчи Э.Т.Қалқонованинг фикрича, Ватанпарвар - ўз Ватани равнақи ва камолоти йўлида, ўз халқи ва миллатига, ўз эл -юртига муҳаббати туфайли эзгу ишлар учун жонини ҳам аямайдиган инсон.4
Тушунча борасида билдирилган фикрларни умумлаштирган ҳолда унга нисбатан қуйидаги муаллифлик таърифимизни таклиф қиламиз: ватанпарварлик – англанган фаолият тури бўлиб, туғилиб ўсган жойини қадрлаш, Ватанга чексиз муҳаббат, миллат ва халқига ҳурмат, аждодларга муносиб ворис бўлиш, инсон олий қадрият эканлигини ҳис этиш, мамлакат фаровонлиги ва тараққиётига хизмат қилиш ҳамда унинг хавфсизлиги ва тинчлигини ҳар нарсадан устун қўйиш билан боғлиқ кечадиган ҳис-туйғудир.
Ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг ёш хусусиятлари, психологик ҳолати, диний эътиқоди, қадриятларга муносабати, гендер фарқи, этник мансублиги, етакчи сифатлари ҳамда янги ҳосил бўладиган истак ва хоҳишларни инобатга олиш лозим. Чунки бу хусусиятлар тарбиянинг мазкур шаклини ўзлаштиришда муҳим омиллардан бўлиб, илмий-тадқиқот методларини тўғри белгилаш имкониятини беради.
Тадқиқотчи У.Шерматованинг маънавий-маърифий ва ватанпарварлик тарбияси бўйича илмий-педагогик қарашлар такомилини тарихийлик нуқтаи назаридан даврлаштириш бўйича талқинида5 муаммонинг ўрганилишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий-сиёсий тузумларнинг ўзгариши, илм-фан ва адабий-бадиий қарашлардаги сакрашлар ва диний эътиқод билан боғлиқ омиллар асос қилиб олинган. Дарҳақиқат, ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик тарбияси ижтимоий муаммо сифатида юқоридаги омилларга бевосита боғлиқ ва даврлаштириш чегараларини белгилашда муҳим аҳамиятга эга.
Ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг педагогик-психологик модели узлуксиз таълим тизими мазмун-моҳияти негизида қурилиши, бунда аксиологик, феноменологик ва услубийликни ҳисобга олиш ва унинг асосий элементларини замонавий нуқтаи назардан мувофиқлаштириш масалаларига эътирбор қаратиш лозим.
Ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг педагогик-психологик моделида феноменологик элемент муҳим устуворлик касб этиб, мақсадлилик, руҳий барқарорлик, қатъиятлилик каби инсонийлик сифатларини шакллантиришга хизмат қилади. Бу жараён таълим тизимининг ажралмас қисмига айланиши асосида мақсад қилинган ҳар қандай ахлоқий тарбия негизларини сингдиришга қаратилган ёндашувлар мазмунини белгилаб, самарадорлигини оширади. Ёшлар хулқ-атворида намоён бўладиган бу каби психологик ҳолатларни бартараф этишда психологлар, педагоглар ва ота-оналар ҳамкорлигининг ўзи самарасиз бўлиб, бунда, энг аввало, психологик-педагогик ва ташкилий-педагогик шарт-шароитларини таъминлаш тақозо этилади. Бу жараёнда болаларнинг индивидуал психологик ва ёш хусусиятларини ҳамда ахборот маконидаги фаоллиги, болага таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларнинг психологик механизмлари таҳлил этилмоғи лозим.
Бизнингча, маънавий-ахлоқий мезонлар педагогик таълим-тарбия негизига сингдирилиб, шахсда ватанпарварлик ҳиссини қарор топтиради. Боланинг Ватанга ҳиссий муносабатини акс эттирувчи ижтимоий-ахлоқий қадрият унга мотивация берувчи манба ҳисобланади. Психологик-педагогик ёндашув ватанпарварликни шахс маънавий оламининг бир бўлаги ва асосий бўғини бўлган мураккаб ахлоқий мезон сифатида талқин этади.
Замонавий жамиятда муҳим ўрин тутадиган ватанпарварликнинг ҳиссий таркибий қисмини ажратиб кўрсатиш ва ёшлар онгида дастурлашнинг психологик механизмларини ишлаб чиқиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Ёшларда Ватанга, халққа, миллий ва умуминсоний урф-одат ва маданиятга муносабатни шакллантиришда ҳар бир даврнинг қаҳрамонлари бошидан кечирган жараёнларни эмпатик тасаввурлар дунёси образига олиб киришни психологик механизмларини замонавий технологияларни қўллаш орқали сингдириш мақсадга мувофиқдир. Бу жараён ҳар бир ёшни онги ва тасаввурлар дунёсида тарихий қаҳрамонлик намуналарини амалга оширган шахс акс этиши, унинг ҳиссий кечинмаларини ўзида ҳис этиши ҳамда кўз ўнгида намоён бўлишига олиб келади. Бунда шахс англанган ва англанмаган фаолият турида унга нисабатан симпатик муносабатни билдирган ҳолда миллий ғурур ва муҳаббат туйғусини ҳис этади. Мана шу жараён биз кутган, яъни ватанпарварлик туйғусини шаклланганлигидан далолат беради.
Бизнинг нуқтаи назаримизча, ватанпарварлик шахсни когнитив, ҳиссий ва фаолият компонентларини ўз ичига олиб, жамиятни барча жабҳаларидаги ҳиссий кечинмаларда намоён бўладиган психологик туйғулар жамланмасидир.
Ёшларда маънавий-маърифий ва ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш масалалари шахснинг бир қатор индивидуал хусусиятларга боғлиқ бўлиб, улар қуйидагилар:
- биринчидан, шахснинг йўналганлиги, яъни муайян муаммони ҳал қилиш масаласида онгли ва мақсадли амалга ошириладиган ҳаракат бўлиб, ирода кучини сафарбар этганлиги;
- иккинчидан, шахснинг ижтимоий-психологик муносабати, бу субъектни объектга нисбатан ёндашуви бўлиб, мақсаднинг барқарорлиги ва воситаларнинг ишончлилиги;
- учинчидан, шахснинг мотивацион ижтимоий-психологик фаолияти, бу англанган фаолият турига мувофиқ симпатик қониқиш ҳиссини юзага чиқишини таъминловчи ҳодиса ва жараёнлар ёндашуви;
- тўртинчидан, шахснинг эҳтиёж ва манфаатлари, бу ҳиссий-руҳий кечинмаларни эмпатик намоён бўлишига интилиш ва ундан завқланиш, мотивация олиш ҳамда ички инерцияни юзага чиқариш;
- бешинчидан, қадриятларга йўналганлиги, бу миллий ва умуминсоний моддий ва маънавий манбаларга нисабатан индивидуал қарашларнинг ижтимоий мезонлар доирасида шахс ўзини-ўзи камолотга етказиш механизмини шакллантириши.
Шахснинг маънавий жиҳатдан юксалиши ва ватанпарварлик тарбияси умуминсоний ахлоқий идеал ҳисобланиб, муайян тарихий ва ижтимоий негизга эгадир. Бу, энг аввало, онгли фаолият турига мансубликни таъкидлаган ҳолда ҳар бир шахснинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш, манфаатдорлик туйғусини қарор оптириш, табиийликдан ижтимоийликка айланган эҳтиёжларининг ҳиссий туйғу билан алмашиниши, ўз яшаш жойларини турли босқин ва бегоналардан ҳимоя қилиш истаги бўлиб, узоқ тарихий тажриба натижасида шаклланган, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган ижтимоий онг маҳсулидир.
Диссертациянинг “Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёевнинг илмий-сиёсий қарашларида ёшлар масаласига эътибор” деб номланган иккинчи бобида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг илмий-сиёсий меросида Ватан тараққиёти ва ёшлар масаласининг вобасталиги, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга оид сиёсий қарашлари Ўзбекистон ва жаҳон контекстида тадқиқ қилинган, шунингдек, ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш миллий модели ишлаб чиқилган
И.Каримов “Ватан” бу шунчаки сўз эмас, балки у асрлар оша инсоният топиниб келаётган беқиёс муқаддас даргоҳни англатувчи тушунча эканлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, бу тушунчани фақат тилда эмас, балки чин дилдан айтиш кишини унинг равнақи йўлида улуғ ишларга сафарбар этади. Бу каби тушунчани ёшлар онгига нафақат сингдириш, балки амалий фаолият кўникмасига айлантириш учун истиқлол неъматини моҳиятан англаш зарур. Аждодлар шаъну шавкатини мадҳ этиш, ота-боболаримизнинг моддий-маънавий меросини асраб авайлаш каби методологик аҳамиятга эга бўлган тушунчаларни ҳар бир оила ва таълим тизимида мақсадли амалга оширишнинг шарқона механизмини ишлаб чиқиш ҳаётий зарурат эканлиги тобора ойдинлашмоқда. Бу механизм ёшларда олий мақсад, яъни Ватанга муҳаббат туйғусини эътиқод даражасига кўтариши талаб этилади.
Биринчи Президент ёшлар масаласида амалга ошириладиган ижтимий-сиёсий масалаларга бутун жамият масъул эканини таъкидлайди. Унинг қарашларига кўра, давлат ташкилотлари ва жамиятнинг барча соҳалари бу борада муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олишлари лозим. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишларнинг стратегик аҳамиятини янада ошириш омиллари чуқур таҳлил қилиниши ва муайян даврийлик характерида эмас, балки мунтазамлик характерида бўлиши мақсадга мувофиқ. Дарҳақиқат, маънавий-маърифий ва ватанпарварлик тарбияси ижтимоий характерга эга ҳодиса сифатида мунтазамликни, тизимли ва режали иш олиб боришни талаб қилади.
Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёни кечаётган бир пайтда турли кўриниш ва мақсадда фаолиятини ташкил этаётган бир вазиятда, геостратегик ёндашувлар ёшлар ҳаётига, онгига, фаолиятига ва хулқ-атворига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Дунё миқёсида бугуги кунда турли мақсад ва омилларни ўзлари учун қурол қилиб олган сиёсий кучлар ва давлатлар геостратегик жиҳатдан маълум фаолиятларини “ниқоблаб” ошкора ва пинҳона ҳаракатларни амалга ошириб бораётганлиги сир эмас. Бу тушунчани таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, “инсон онгига” эгалик қилиш масаласида олиб борилаётган курашдир. Бу курашнинг мақсад ва натижасини олдиндан англаш қийин бўлиб, унинг оқибатлари ҳар бир давлат ва миллат учун тўлови қимматга тушиши мумкин. Агарда бу кураш ёшлар фаолияти ва уларнинг онгига таъсир этиш “миссияси” доирасида олиб борилаётган бўлса, бу масалани тезлик билан бартараф этиш, ҳамда зарурий позицияни эгаллаш муҳимдир.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов геосиёсий майдонда кузатилаётган бу каби жараёнларга нисбатан қатъий позициясига эга сиёсатчи сифатида шундай дейди: “Бугун барча ақли расо одамларга, давлат ва сиёсат арбобларига бир ҳақиқат аён бўлмоқдаки, бутунлай ақлу ҳушини, инсонлик қиёфасини йўқотган бу разил террорчи кимсаларнинг ортида ҳар томонлама ўйлаб ташкил қилинган, катта молиявий маблағ ва бошқа имкониятларга эга бўлган, қўли узун, ўзининг ёвуз ниятларидан қайтмайдиган турли ақидапараст марказлар турибди. Булар ақли саёз, ирода, иймон-эътиқоди шаклланмаган, ғўр ёшларни террорчилар сафида бирлаштириб, бошқариб, уларни нафақат қурол-яроғ, аввало, вайронкор мафкура билан таъминламоқда”12.
Бириничи Президентимизнинг бошқарув сиёсатида ёшлар эл-юрт ишончи, давлат таянчи, ислоҳотлар муваффақиятини таъминловчи куч ва ресурс сифатида қаралган. Уларга мукаммал таълим ва тарбия бериш орқали дунё ҳамжамиятида тан олинишимиз мумкин, деб қаралади.
И.Каримовнинг ёшларга оид сиёсий қарашларида қуйидаги йўналишлар ўзининг амалий ифодасини топган: аждодлар меросини ўрганиш, унумли фойдаланиш, улар билан фахрланиш ватанпарварлик туйғусининг асоси эканлиги; маънавий бирлик, миллий ўзлик ва буюк давлатчилик ғоясига содиқ бўлиш; Ватанни ардоқлаш, уни кўз қорчиғидек асраб-авайлаш; буюк келажак ворислари сифатида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатларини яратиш, уларга ўз салоҳиятларини оширишлари учун имкониятлар яратиш; ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини яратиш; маънан етук ва жисмонан баркамол ёшларни тарбиялаш; мамлакат ёшларини бирлаштирувчи, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи, интилишларини қўллаб-қувватловчи ташкилот тузиш; иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида ўқишлари учун имкониятлар яратиш;
соғлом авлодни вояга етказиш; ёшларни журъатли бўлишга тарғиб қилиш, юксак марралар сари сафарбар этиш; ёшларни вояга етказишда таълим ва тарбия узвийлигини таъминлаш.
Умуман, И.Каримов томонидан таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган, кўлами ва моҳиятига кўра улкан ишлар биз кўзлаган эзгу ниятларимизга эришиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт барпо этиш, халқимизнинг маънавий юксалиши йўлида мустаҳкам замин яратиш, ёшларни ММваВ руҳида тарбиялаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги сиёсий қарашларида ва амалий ишларида ёшларга эътибор, уларни Ватанга содиқ фуқаролар сифатида тарбиялаш масаласи асосий ўринни эгаллайди.
2017 йил 7 февралда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Мазкур ҳужжат 2017-2021 йиллар давомида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда датуруламал бўлиб хизмат қилди ва унда Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар масаласи бўйича сиёсий иродаси ўз ифодасини топган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июнда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган нутқи юртбошимизнинг ёшлар масаласи бўйича ўзининг қатъий позицияси ва мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини кўрсатиб берди. Шавкат Мирзиёевнинг мазкур нутқини илмий нуқтаи назардан таҳлил қилиш орқали Президентимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги концепциясини, сиёсий позицияси, назарий ва амалий қарашлари ҳақида муайян хулосалар чиқариш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Жаҳон миқёсида турли хил таҳдидлар: диний экстремизм ва фундаментализм, мутаассиблик, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ахборот хуружи, «оммавий маданият» каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар тўқнашаётган, миллий, диний ва оилавий қадрият ва анъаналарга путур етаётган бугунги кунда ёшлар масаласи ва бу борада оқилона сиёсат юргизиш давлатнинг асосий стратегик мақсадига айланиши табиий ҳолдир. Бундай мураккаб вазиятда ёшларга эътибор қандай бўлиши керак, ёшларга оид давлат сиёсати қандай тамойиллар асосида амалга оширилиши керак, бу борада ёшлар ташкилотининг вазифалари нималардан иборат бўлиши керак, деган жиддий масалаларга илмий нуқтаи назардан жавоб топиш бугунги илмий жамоатчилик олдидаги долзарб масалалардан ҳисобланади.
Президентимизнинг мазкур нутқида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Ҳаракат фаолиятидаги камчиликлар асослаб берилди, ёшлар ҳаракати қандай бўлиши кераклиги тўғрисида устувор йўналишлар белгилаб берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ёшларига мамлакат келажаги, олиб борилаётган давлат сиёсатининг ворислари ва давомчилари сифатида қарайди. Бу борадаги қарашларини Президентимиз шундай ифодалайди: “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар заҳирасини яратиши керак”.6
Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиздаги ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга ва ёшларнинг бу жараёндаги иштирокини оширишга қаратилган 5 та муҳим ташаббус Президентимизнинг ёшларга оид масалалар бўйича олиб боаётган ички сиёсатини янги босқичга олиб чиқди. Ушбу муҳим ташаббусларда ёшларни санъат, спорт, ахборот технологиялари бўйича иқтидорларини рўёбга чиқариш, улар орасида китобхонликни тарғиб қилиш масалалари ўрин олган. Шунингдек, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Шавкат Мирзиёев ёшлар масаласини нафақат юртимизда, балки дунё ҳамжамиятида ҳам энг устувор масалалардан эканлигини юксак минбарларда туриб илгари сурмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |