Тадқиқотнинг амалий аҳамияти
Ушбу битирув малакавий ишидан мактаб, лицей ва коллеж ўқитувчилари сўз бирикмаси ва уларни боғловчи синтактик алоқалар мавзуларини ўқитишда ўқув-услубий қўлланма сифатида фойдаланишлари мумкин.
Ишнинг тадқиқ усуллари
Битирув малакавий ишида қиёслаш, тавсифлаш, зидлаш каби таҳлил усулларидан самарали фойдаланилди.
Ишнинг тузилиши ва умумий ҳажми
Тадқиқот ишнинг умумий тавсифи, кириш қисм, 3 боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Ишнинг умумий ҳажми __ саҳифани ташкил этади.
К И Р И Ш
Президентимиз И.А.Каримов «Юксак маънавият − енгилмас куч” номли китобида миллий онг ва тафаккурнинг иродаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқликни таъминловчи восита бўлмиш ўзбек тили, яъни давлат тилмизни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш миллий ўзликни, Ватан туйғусини англашдек эзгу мақсадларга хизмат қилиши давлат аҳамиятига молик эканлигини таъкидлаган эди.3
Дарҳақиқат, юртбошимиз таъкидлаганларидек, барча фанлар сингари тилшунослик ҳам мудом тараққиётда. Шундай экан, бунда айрим изоҳталаб масалаларнинг, баъзи муаммоларнинг туғилиши табиий ҳолат. ХХ асрга қадар дунё тилшунослигида синтаксиснинг ўрганиш объекти гап саналиб келинди. Унинг таркибидаги сўзларнинг ўзаро алоқаси гап бўлаклари сифатида ўрганилди. Замонавий тилшуносликда эса, сўз бирикмаси ҳам синтактик бирлик мақомини эгаллади.
Сўзларнинг ўзаро синтактик муносабатга киришуви масаласи азалдан тилшуносларни қизиқтириб келади. Шу боис тилшунослик фанида бу муаммога бағишланган кўплаб илмий тадқиқот ишлари вужудга келди. Туркий тиллар материаллари асосида сўз бирикмаларини ўрганишнинг ўзига хос тарихи мавжуд. Бундан минг йиллар аввал Маҳмуд Қошғарий сўзларнинг ўзаро муносабатига оид қарашларини билдиради, бироқ, афсуски, бу манба бизгача етиб келмаган.
Айтиш мумкинки, ўзбек тилшунослигида сўз бирикмалари табиатини ўрганишда озми-кўпми рус тилшунослигининг таъсири сезилади. Бироқ замонавий тадқиқотлар ўзбек тилшунослигида сўз бирикмасининг ўзига хос хусусиятлари борлигини исботладилар.
Сўз бирикмасига оид масалалар тилшунос олимлар томонидан атрофлича ўрганилган. Бу тадқиқотларнинг айримларида сўз бирикмалари нопредикатив бирлик сифатида талқин этилса,4 айримларида феълли бирикмаларнинг предикатив бирлик сифатида тавсиф этилганининг5 гувоҳи бўламиз. А.Ғуломов, М.Асқаровларнинг «Ҳозирги ўзбек адабий тили» дарслигида эса сўз бирикмалари мустақил синтактик бирлик сифатида талқин қилиниб, уларнинг номинатив функцияси, бу жиҳатдан сўзга яқин туриши, эркин ва турғун бирикмаларнинг ўзаро фарқлари каби масалалар илмий асосланган ҳолда атрофлича ёритилган. Бундан ташқари гарчи сўз бирикмалри жумласига киритилмаган бўлса-да, сўзларнинг тенг боғланиш усуллари жуда мукаммал таҳлил қилинган.6 Бу мунозарали масалага тилшунос олимлар А.Аҳмедов, А.Нурмонов, Н.Маҳмудовлар аниқлик киритишга муваффақ бўлишди. Жумладан, улар сўз бирикмасига шундай таъриф беришади: «Сўз бирикмаси компонентлари ўзаро синтактик алоқа асосида боғланган бир неча сўз ёки сўз формалардан ташкил топган нопредикатив синтактик бирликдир»7. Бу ўринда улар сўз бирикмалари ҳақида талай янги фикрлар беришади ва тилшуносликдаги айрим мунозарали масалаларга чек қўядилар.
Кўринадики, сўз бирикмаси нопредикатив синтактик бирлик сифатида гапдан бутунлай фарқланади. Сўз бирикмаси номинатив, яъни номлаш вазифасини бажарувчи маълум бир гап бўлакларининг кенгайишидан ҳосил бўлади, шунинг учун ҳам ҳар қандай сўз бирикмаси тил бирлиги бўлган сўзнинг кенгайиш моделининг нутқ босқичида юзага чиқиш имкониятларидан бири саналади. У гапдан ахборотни тўлиқ ифодалай олмаслиги билан фарқланади. Шунингдек, сўз бирикмаси камида икки сўзнинг бирикишидан ҳосил бўлса, гап бир сўздан иборат ҳам бўлиши мумкин.
Ўзбек тилида синтактик сатҳ бирлиги ҳисобланган сўз бирикмалари нарса билан нарса, предмет билан ҳаракат, предмет билан унинг белгиси, ҳаракат билан унинг объектив борлиқдаги турли хусусиятлари ўртасидаги муносабатни ифодалайди.8 Бу эса сўз бирикмасининг нафақат, синтактик жиҳатдан, балки семантик жиҳатдан ҳам таҳлил этилиши лозимлигини кўрсатади.
Умуман олганда, жаҳон тилшунослигида сўз бирикмаси мавзуси анча муаммоли эканлигини кўрамиз. Шу боис нафақат ўзбек тилшунослиги, балки умумий тилшуносликда ҳам сўз бирикмаларинг табиатини ўрганиш, унинг семантик-синтактик хусусиятларини таҳлил қилиш борасида ҳали талай изоҳталаб масалалар мавжудлиги кўзга ташланади.
1.БОБ. СЎЗ БИРИКМАСИ НОПРЕДИКАТИВ СИНТАКТИК БИРЛИК СИФАТИДА
Икки ва ундан ортиқ мустақил сўзларнинг тобеланиш асосида грамматик ва семантик жиҳатдан бирикувидан ҳосил бўлган, объектив борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг номини билдирувчи бирлик (синтактик бирлик) сўз бирикмаси саналади.9 Сўз бирикмаси маълум гап бўлакларининг кенгайишидан ҳосил бўлади. У тил тизимининг лексик-грамматик бирлиги сифатида мустақил сўзнинг боғланиш имкониятидир. Лекин ҳар қандай боғланишлар, қўшилмалар ҳам сўз бирикмаси предметини ташкил этавермайди. Бир-бирлари билан тобеланиш муносабатига киришган бирдан ортиқ бирликларнинг қўшилмаси сўз бирикмасидир. Масалан: «китобни ўқимоқ» бирикмаси «ўқимоқ» лексемасининг кенгайишидан ҳосил бўлган. Кенгаювчи «ўқимоқ» сўзининг лексик-грамматик маъноси унинг ўқиш мумкин бўлган (хат, китоб, рўзнома, эълон, буйруқ ва ҳоказо.) объект билан кенгайишини ва кенгайтирувчи объектнинг тушум келишигида келишини талаб қилади.
Демак, бу икки луғавий бирлик ўртасида мантиқий боғлиқлик, алоқадорлик мавжуд. Бу ҳолат уларнинг ўзаро кетма-кетлик муносабати(синтагматик) асосида шаклланганлигини кўрсатади. Бироқ ҳар қандай мантиқий боғлана оладиган, ўзаро маъновий алоқадорлик мавжуд бўлган икки луғавий бирлик қўшилмасини сўз бирикмаси, деб бўлмайди. Масалан: Дарахт шохларида қушлар сайрамоқда. (Ш.Холмирзаев «Сўнгги бекат»)
Келтирилган ушбу синтактик қурилмада «дарахт шохларида қушлар» боғланишида дарахт шохларида бўлаги тобе, қушлар лексемаси ҳоким бўлак эмас. Улар тобе-ҳокимлик муносабатида боғланмаган. Сўз бирикмаси қисмлари ўртасида эса, албатта, тобе-ҳокимлик муносабати бўлиши шарт. Бунда дарахт шохларида бўлаги шу синтактик қурилмада шаклан ифодаланмаган, аммо тасаввурда англашиладиган қўнган, турган ички предикатларига боғланади.
Кўринадики, сўз бирикмаси доимо икки қисмдан: ҳоким ва тобе қисмдан иборат бўлади. Кенгаювчи бўлак ҳоким, кенгайтирувчи бўлак эса тобе саналади. Тобе қисм ҳоким қисм талаб қилган грамматик шаклда келади. Бу ҳолат фақат қаратқич+қаралмиш муносабатидаги сўз бирикмаларидагина учрамайди. Масалан: Каримнинг дафтари, бизнинг мактабимиз каби. Қаратқич+қаралмиш муносабатидаги сўз бирикмаларида қаратувчи қаралмишнинг ўзига мос эгалик шаклларидан бирида келишини, қаратувчини қаратқич келишигида келишини талаб қилади. Ана шу хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда айрим тилшунос олимлар бундай алоқани тенг алоқадан ҳам тобе алоқадан ҳам фарқлаган ҳолда алоҳида алоқа тури сифатида ажратишни маъқул кўрадилар. Синтактик алоқанинг бу тури учун муносабатдорлашиш, тобедош алоқа терминлари тавсия қилинади 10.
Хуллас, сўз бирикмаси, асосан, ҳоким сўзнинг имконият тарзидаги бўш ўринларининг тўлдирилишидан вужудга келади. Ҳоким сўзнинг бўш ўринлари тўлдирилиши билан ҳосил қилинган хар қандай бирикмани ҳам сўз бирикмаси, деб бўлмайди. Улар ўртасидаги боғланиш ҳам иккига бўлинади:
1.Эркин боғланиш;
2. Турғун боғланиш.
Эркин боғланиш сўз бирикмасини, турғун боғланиш эса ибораларни ўз ичига олади. Шунинг учун эркин ва турғун боғланувчи бирликларнинг ўзаро фарқини билиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, сўз бирикмаси синтаксис, ибора фразеологиянинг бирлиги саналади. Айрим ўринларда айни бир хил сўзлар қўшилмаси бир ўринда сўз бирикмаси, бир ўринда ибора сифатида қўлланилади. Буни қуйидаги нутқий ҳосилаларда қўлланган бирикмаларда ҳам кузатиш мумкин. Қиёсланг: Дилором тутқазилган сувга тамшаниб оғзини очди. (М.Исмоил) // Каримнинг бўлган воқеаларга оғзи очилди. (Сўзл.)
Кўринадики, ҳар икки синтактик қурилмада ҳам «оғзи очилди» сўзлар қўшилмаси қўлланган. Ҳар иккаласи ҳам бир хил лексемаларнинг бирикувидан ташкил топган. Бироқ улар ўртасида маълум бир фарқланишларни кузатиш мумкин. Биринчи синтактик қурилмада қўлланган «оғзини очди» бирикмаси сўз бирикмаси бўлиб, «оғзини» сўзи гапда воситасиз тўлдирувчи, «очди» сўзи кесим синтактик вазиятида келган. Иккинчи синтактик қурилмадаги «оғзи очилди» қўшилмаси ибора бўлиб, у бутунича кесим синтактик вазиятида келган.
Маълум бўладики, сўз бирикмалари таркибидаги сўзлар ўз маъносини сақлайди, турғун бирикмадаги, яъни иборадаги сўзлар кўчган маънода қўлланади. Шунингдек, иборалар нутққа тайёр ҳолда бир луғавий бирлик сифатида киритилиши маълум, бу ибора ҳам нутққа «ҳайратланди» маъносида қўлланувчи бирлик сифатида киритилган.
Хуллас, сўз бирикмаси гап таркибидаги бирикмалар занжирининг бир халқаси бўлганлигидан у маъно ва оҳанг тугаллигига эга бўлмайди. Шунинг учун сўз бирикмаси очиқ қурилма ҳисобланади. Бир халқада ҳоким бўлган сўз иккинчи халқада тобе бўлиб келиши мумкин. Демак, ҳар қандай ёйиқ гап бирикма занжири асосида вужудга келади.
Нутқда сўз бирикмаси ва синтагманинг ўзаро фарқига бориш жуда муҳим аҳамият касб этади. Синтагма гапда бир нафас билан айтиладиган сўзлар қурилишидир. Структура ва мазмун жиҳатидан бир бутун бўлган гапнинг қисмлари талаффузда қисқа пауза билан ажралиб турувчи синтагмалар сўзловчи нуқтаи назаридан баҳоланаётган воқеликнинг кичик бир бўлагини-маълум нутқ таркибида акс эттиради. Бу нутқий парча оҳанг жиҳатдан яхлит икки ва ундан ортиқ сўздан, грамматик ва семантик шаклланган бир сўз билан ҳам ҳосил бўлиши мумкин. У ритмик урғуга эга бўлади. Гап таркибида синтагмалар бир-биридан пауза билан ажралади.
Сўз бирикмаси ва синтагманинг ўзаро муносабатини қуйидагича фарқлаш мумкин:
1.Синтагма нутқ билан, гапириш жараёни билан боғлиқ бўлади, у муайян ритмик урғу ва пауза ёрдамида реаллашади. Сўз бирикмасида бундай хусусият йўқ.
2.Синтагма биргина сўздан ҳам тузилиши мумкин, шунингдек, сўз+кўмакчи «Феруза тўғрисида» каби бирикмалар ҳам синтагма ҳисобланиши мумкин, аммо сўз бирикмасида бундай кўринишда шаклланмайди.
3.Синтагмани ташкил қилган аъзолар ёнма-ён турмоғи шарт, уларда шаклий кетма-кетлик муҳим аҳамиятга эга. Сўз бирикмасига эса бундай қоидани қўллаб бўлмайди. Масалан: Ташқаридан узоқда шилдираб оқаётган сойнинг овози келиб турарди. (С.Аҳмад)
Келтирилган ушбу мисолда учта синтагма мавжуд: Ташқаридан// узоқда шилдираб оқаётган сойнинг овози// келиб турарди. Бу нутқий парчалар ёнма-ён келган.
Сўз бирикмалари эса, ташқаридан келиб турарди// сойнинг овози// узоқда оқаётган// шилдираб оқаётган каби кўринишларда бирикканки, уларда кетма-кетлик мутлақо сезилмайди.
4.Сўз бирикмасида доимий иш кўрувчи грамматик қолип мавжуд (от+от, сифат+от, сифатдош+от, от+ҳаракат номи ... каби), синтагматик бўлинишда бундай қолип бўлмайди.
Шунингдек, сўз бирикмаси қўшма сўзлардан ҳам фарқ қилади. Жумладан, у қўшма сўздан қуйидаги хусусиятлари билан фарқланади:
1.Сўз бирикмасини ташкил қилган компонент узвларининг лексик ва семантик мустақилликларини сақлаб қолади. Якка олган ҳолда ҳам бирикмада иштирок қилган сўз ўзи ифодалаган тушунча билан боғлиқ бўлади, шунинг учун компонентлар орасида грамматик алоқалар очиқ сезилиб туради. Қўшма сўзларда эса бирликни ташкил қилган компонентлар орасидан муносабатлар йўқолади ёки жуда заифлашади, улар сўзлар орасидаги реал муносабатларни ифодалаш вазифасини ўтамайди.
2.Сўз бирикмасини ташкил қилган лексемаларнинг ҳар бирига алоҳида сўроқ бериши мумкин: китоб /нима?/. ўқимоқ /нима қилмоқ?/. Қўшма сўзларда эса қўшилмани ташкил қилган элементларнинг иккаласи бир сўроқ бериши мумкин: кунгабоқар /нима? /каби.
3. Сўз бирикмасини ташкил қилган лексемаларнинг ҳар бирига, яъни аъзолари орасидаги синтактик алоқа жонли, ҳаракатчан, очиқдир, грамматик алоқа ҳаракатланиш характерига эга бўлади. Қўшма узвларда эса бундай алоқа борлиги очиқ сезилмайди.
4. Қўшма сўзлар бир лексик маънога эга. Гапда битта синтактик маънони бажаради «яланг оёқ» /қандай?/. Сўз бирикмасидаги ҳар бир қисм алоҳида гап бўлаги вазифасида келади: «мовий осмон» /қандай осмон? Мовий нима?/ каби.
Хуллас, сўз бирикмаси синтагма ва қўшма сўзлардан ўзига хос синтактик хусусиятлари билан фарқланади.
Маълумки, сўз бирикмаси билан гап орасидаги фарқ нопредикатив ва предикатив синтактик бирликлар орасидаги фарқ тарзида изоҳланиши мумкин. Бу энг асосий, ўзак фарқдир. Бошқа фарқлар шунга асосланади ёки умумий характер касб этмайди. Гап коммуникатив бирлик функциясини бажаради, чунки у предикативлик белгисига эгадир; сўз бирикмаси коммуникатив бирлик функциясини бажармайди, чунки у предикативлик белгисига эга эмас.
Сўз бирикмаси ташқи томондан гапга мос келиши ҳам мумкин. Мисол учун «ойдин кеча» сўз бирикмаси билан қуйидаги матндаги гапни қиёсласак: Ойдин кеча. Осмон тўла юлдуз. (Уйғун.)
Мисолдаги сифат+от қўшилмаси предметнинг ҳозирги замонда реал мавжудлиги маъносини билдиради, яъни у предикативликни ифодалайди. Шунинг учун ҳам бу қўшилма юқоридаги сўз бирикмасидан фарқланади. Гап билан сўз бирикмасини фарқловчи бошқа бир қатор белгилар ҳам мавжуд. Жумладан, гап биргина сўздан ташкил топиши мумкин. Масалан: Баҳор! Салом! Кетма!
Сўз бирикмаси аъзолари эса камида икки сўздан иборат бўлиши талаб этилади, шунинг учун ҳам у сўз бирикмаси, яъни сўзларнинг бирикишидан ҳосил бўлган бутунлик сифатида намоён бўлади.
Шунингдек, эга+кесим «Мен ўқидим» синтактик қолипли аъзолар муносабати гапга хос бўлиб, бу синтактик қолип сўз бирикмасига мутлақо тўғри келмайди. Чунки бундай синтактик қолипли сўзлар муносабатида предикативлик шаклланган бўлади, сўз бирикмаси эса, нопредикатив синтактик бирликдир.
Сўз бирикмаси ҳам, гап ҳам бир ўзига хос усуллар ва воситалар орқали шаклланади. Жумладан, гап тузилишида тилнинг барча воситалари иштирок этади /кириш, киритма, ундалма, модал сўзлар ва бошқалар/. Масалан: Сўзланг, иним, юртда қандай хабарлар бор? (Ойбек. «Навоий».)
Сўз бирикмасида эса, бундай воситалар қўлланилмайди. Шунингдек, замон, шахс ва модаллик каби категорияларни ифодалаш гапнинг асосий белгиларидирки, бундай кўрсаткичлар сўз бирикмасига хос эмас.
Бундан ташқари, ҳар бир гапнинг сўзловчи мақсадига кўра ифода имконияти бор. Масалан: Ким нимага йиғласа, йиғлайвермайдими?! Ушбу гапда сўзловчининг воқеликка ҳиссий муносабати яққол ифодаланган бўлиб, сўз бирикмасида бундай ҳолат кузатилмайди.
Хуллас, гап билан сўз бирикмаси ўртасига баробар аломатини қўйиш мумкин эмас. Предикативлик гапнинг асосини негизини ташкил қилади, предикативлик белгиларига эга бўлмаган турли типдаги бирикмалар то гапни ҳосил қилувчи кўрсаткичларга эга бўлмагунча /тўлиқ ёки қисман бўлса ҳам/, нутқ контекстида мустақил синтактик бирлик хусусиятини касб этмагунча сўз бирикмаси доирасида қолаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |