АФФЕРЕНТ ИННЕРВАЦИЯГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ДОРИЛАР.
Улар асосан 2 хилдир:
Афферент нерв охирлари сезувчанлигини сусайтирувчи дорилар.
Афферент нерв охирлари сезувчанлигини кучайтирувчи (стимулловчи) дорилар.
1-гуруҳ дорилари (яъни сусайтирувчилар) қуйидагича таъсир этишлари мумкин:
афферент нерв охирларини (ёки рецепторларни) сезгирлигини пасайтирадилар (сусайтирадилар);
сезувчи нерв охирларини ташқи таъсиротлардан (ёки қўзғалишдан) ҳимоялайдилар ёки муҳофаза қиладилар;
афферент нерв толалари бўйича ўтадиган ёки ўтказиладиган қўзғалиш импульсни сусайтирадилар.
Бу гуруҳ дориларига анестетиклар, буриштирувчи, ўраб олувчи, адсорбцияловчи воситалар киради.
АНЕСТЕТИКЛАР.
(an-йўқотиш, esthesis-сезувчанлик) Улар оғриқсизлантирувчи, маҳаллий сезувчанликни йўқотувчи моддалар бўлиб: бундай дори воситалари маҳаллий оғриқсизлантиришда қўлланилади. Маълумки кўп хасталиклар турли хилдаги оғриқ билан кечади, чунки яллиғланиш медиаторлари нерв охирларини қитиқлайди. Оғриқ организмнинг кучли физик, механик, химик, биологик табиатли таъссуротларига бўлган мураккаб реакцияларидир. Оғриқни йўқотиш даволаш самарадорлигини таъминловчи асосий восита ҳисобланади ва уни умумий (наркоз) ҳамда маҳаллий оғриқсизлантирувчи дорилар қўллаш билан амалга ошириш мумкин. Анестетик моддалар фақат маҳаллий сезувчанликни кескин сусайтирадилар ва биринчи навбатда оғриқ сезишни, кейинчалик эса (яъни анестезия чуқурлашгач) ҳароратни сезиш ва энг охирида тактил сезгирликни қолдирадилар. Анестетикларнинг таъсир механизми охиригача аниқланмаган бўлиб, қуйидагича тахмин қилинади:
нерв охирларига таъсир этиб қўзғалишни хосил бўлиши ва ўтказилишига тўсқинлик қиладилар;
мембраналар ўтказувчанлигини бошқаришда қатнашувчи кальций (Ca++) ионлари билан рақобатлашадилар;
мембрана фосфолипидларининг сирт таранглигини ўзгартирадилар ва шу туфайли уларнинг Na+ ва К+ ионларини ўтказувчанлигини бузадилар (ион каналларини ёпадилар).
Анестетик моддаларнинг кимёвий структураларида ўзига хос қонуниятлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги 3 та асосий қисмдан иборат: 1. Ароматик қисм. 2.Оралиқ қисм. 3. Аминогруппали қисм.
Тузилишига асосланиб, анестетиклар мураккаб эфирлар ва жавҳарларнинг амид радикали ўрни алмаштирилган гуруҳларига бўлинадилар. Тузилишидан кўриниб турибдики, кўпгина анестетиклар таркибида азот атоми бўлганлигидан улар ишқор хусусиятини намоён этадилар ва кислоталар билан тузлар хосил қиладилар. Шу ҳолда улар сувда эрийдилар. Лекин оғриқни қолдирувчи хусусиятлари туз эмас балки асосли кўринишда юзага чиқади. Тўқима шароитида (кучсиз ишқор рН=7,36) туздан асосли анестетик ажралиб чиқади. Лекин тўқима шароити кислотали бўлса бундай бўлмайди. Шунинг учун хам яллиғланган тўкимада анестетиклар оғриқни қолдирмайдилар, чунки муҳит кислотали бўлади.
Анестетик воситалар қуйидаги талабларга жавоб беришлари керак:
сувда яхши эрувчан бўлишлари керак;
шиллиқ қаватлар эпителий қаватидан ўтувчан бўлишлари керак;
стерилизация вақтида парчаланмасликлари керак (ёки бузилмасликлари);
юқори анестетик хусусиятига эга бўлишлари керак;
сақланганда ўз фаолликларини йўқотмасликлари керак;
қўлланилганда тез фурсатда оғриқ қолдиришлари керак;
кераклича ёки давомли анестезия чақиришлари керак;
маҳаллий тўқима ва нервларга салбий таъсир кўрсатмасликлари керак;
заҳарли таъсирлари кам ёки бўлмаслиги керак;
томирларни торайтириш хусусиятига эга бўлиши керак;
таъсирлари қайтар бўлиши керак (яъни маълум муддатдан сўнг тўқима сезувчанлиги ўз холига тўла қайтиши керак);
ножўя таъсирлари кам ёки умуман бўлмаслиги керак (резорбтив таъсирини пастлиги).
Анестетикларни ҳар хил турдаги анестезия ўтказишда қўлланилади, улар қуйидагилардан иборат:
Юза анестезияси-анестетик эритмаси шиллиқ қават юзасига қуйилади (кокаин, дикаин, анестезин).
Инфильтрацион анестезия-анестетик эритмаси билан терини ва чуқурроқдаги тўқималар навбатма-навбат “шимдирилади” (новокаин, тримекаин).
Ўтказувчи (худуд, ноҳия) анестезия-анестетик эритмаси нерв толасининг ёнига, атрофига киритилади ва шу нерв тарқалган бутун худуд сезгирлиги йўқолади. (новокаин, тримекаин).
Орқа мия анестезияси-анестетик эритмаси орқа мия каналига (бел қисмида) киритилади (совкаин).
Баъзи анестетикларни фақат юза анестезиясига қўлланилиши уларни юқори заҳарлилиги (кокаин, дикаин) ёки сувда ёмон эришлари (анестезин) билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |